Рақамли иқтисодиётга юксак тафаккур, билим ва салоҳият орқали эришилади

24.01.2020, 13:35

Рақамли иқтисодиётга юксак тафаккур, билим ва салоҳият орқали эришилади

Мурожаатномани диққат билан тинглаб шунга амин бўлиш мумкинки, Президентимиз бугун нафақат ўзбекистонликларга, балки бутун жаҳон ҳамжамиятига мамлакатимизни ривожлантириш борасида олдимизга қўйилган мақсад ва вазифаларни баён этди. Мазкур Мурожаатнома айни пайтдаги шиддатли давр талабини инобатга олган ҳолда ўз вақтида қабул қилинган тарихий ҳужжат экани билан ғоят аҳамиятлидир.

Хўш, рақамли иқтисодиёт мамлакатимизда тадбиркорлик ва умуман, иқтисодиётни ривожлантиришда қандай роль ўйнайди деган савол туғилиши табиий албатта. Аввало, шуни айтиш жоизки, рақамли иқтисодиёт, бу — алоҳида фаолият тури эмас. Бу, аслида, ишбилармонлик, саноат объектлари, хизматлар деганидир. “Рақамли” атамаси мазкур соҳаларнинг барчаси ахборот технологияларидан фаол фойдаланишни англатади. Иқтисодиётга рақамли технологияларни кириб келиши корхоналарга автоматлаштирилган тизимларни жорий этиш, йирик саноат объектлари иш самарадорлигини ошириш, ишлаб чиқаришда ўсиш, фаолият шаффофлигини таъминлаш, маҳсулот таннархини камайтириш имконини беради. Шу ўринда масаланинг нозик бир жиҳатига эътибор бериш керак. Яъни рақамли иқтисодиётга рақамли тафаккур, билим ва салоҳият орқали эришиш мумкин.

Шу маънода Президентимизнинг “Тараққиётга эришиш учун, рақамли билимлар ва замонавий ахборот технологияларини эгаллашимиз зарур ва шарт. Бу бизга юксалишнинг энг қисқа йўлидан бориш имкониятини беради” деган сўзлари қанчалик тўғри ва асосли эканлигини ортиқча таърифлашга ҳожат бўлмаса керак.

Мурожаатномада белгиланган вазифалар жуда катта куч ва меҳнатни талаб этади. Уларни ижросини таъминлашда айниқса парламентда янгидан шаклланган ва кўпчилик ўринни эгаллаган O`zLiDeP фракцияси аъзолари, маҳаллий кенгашлар депутатлари умуман олганда партиямизнинг ҳар бир фаоли ҳар қачонгиданда фаол бўлиши шарт. Чунки кейинги беш йилга мўлжалланган устувор вазифалар ижроси учун барчамиз бирдек масъулмиз.

Бир сўз билан айтганда, Мурожаатнома келгусида қилинадиган барча ишларимиз учун дастуриламал бўлиб хизмат қилиши лозим.

 Нодир Жумаев,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

O’zLiDeP фракцияси аъзоси

  • Кўрилди
    809
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+