Тараққиётга эришиш учун, рақамли билимлар ва замонавий ахборот технологияларини эгаллашимиз зарур ва шарт

24.01.2020, 13:37

Тараққиётга эришиш учун, рақамли билимлар ва замонавий ахборот технологияларини эгаллашимиз зарур ва шарт

Президентимиз томонидан 2020 йилга “Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” деб ном берилди. Бу бежиз эмас. Чунки иқтисодиётни айнан, илғор инновацион ёндашув ва ғоялар, “нау-хау” ва “ақлли” технологиялар асосида ривожлантириш бугунги кунда энг тўғри йўлдир.

Иқтисодиётни ривожланишини эса замонавий ахборот-коммуникацион технологияларсиз тасаввур этиб бўлмайди. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, ахборот-коммуникация технологияларининг тараққий этиши биринчи галда мамлакатнинг рақобатдошлигини оширади. Иқтисодиётга тушумлар кўпаяди. Шу боис ҳозирги пайтда АКТ ривожланган давлатлар иқтисодиётининг локомотивига айланди. Биргина мисол. Мутахассисларнинг фикрига кўра, мазкур соҳа ҳатто глобал инқироз шароитида ҳам фаол ривожланди. Хусусан глобал иқтисодий инқироз авж олган йилларда АҚШда ўтказилган тадқиқотлар натижаси интернетни тараққий эттиришга йўналтирилган бир доллар мамлакат иқтисодиётига 10 доллар бўлиб қайтганини кўрсатган.

Яқинда иқтисодчилар томонидан ишлаб чиқилган яна бир маълумотга кўзим тушди.  Яъни бугунги кунга келиб, жаҳон миқёсида яратилаётган ялпи ички маҳсулотнинг тахминан 5,5 фоизи айнан ахборот-коммуникация технологиялари соҳасига тўғри келмоқда. Нуфузли халқаро экспертларнинг фикрига кўра, 2020 йилда бу кўрсаткич 9 фоиздан ошиши кутилмоқда. 

Ушбу мисоллардан ҳам кўриниб турибдики, Ўзбекистон танлаган тараққиёт йўли, бу борада қабул қилиниши кутилаётган аниқ манзилли дастурлар, олий ўқув юртларида айнан ушбу йўналишда юқори малакали кадрлар тайёрлаш, айниқса Президентимиз томонидан алоҳида таъкидланган One Million Uzbek Coders («Бир миллион дастурчи») лойиҳасининг ишга туширилиши чин маънода революцион ташаббусдир. Давлатимиз раҳбари ўз нутқида бундай лойиҳаларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилишини таъкидлаганлари Ўзбекистон рақамли иқтисодиёт сари жиддий қадам ташлаганини кўрсатиб турибди.

 Агар бу борада жаҳон тажрибасига назар ташласак, Жанубий Корея, Хитой, Финляндия каби мамлакатларда соҳага бошқаларга нисбатан 2 марта кўп сармоя сарфланади. У, асосан, зарур қурилмалар, дастурий таъминот, телекоммуникация маҳсулотлари ва ахборот хизматлари ишлаб чиқаришга йўналтирилади. Бу эса ҳозирги пайтда ривожланган мамлакатларнинг иқтисодий ўсиши, авваламбор, билимлар ва интеллектуал салоҳият ҳисобига таъминланаётганига яна бир исботдир.

Юртбошимиз томонидан таъкидланганидек, “Давлат ва жамият бошқаруви, ижтимоий соҳада ҳам рақамли технологияларни кенг жорий этиб, натижадорликни ошириш, бир сўз билан айтганда, одамлар турмушини кескин яхшилаши мумкин”.

Гулшана Худоёрова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

O’zLiDeP фракцияси аъзоси

  • Кўрилди
    1114
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+