Ҳар бир депутат аҳоли муаммоларини ечишда фаол иштирок этади

24.01.2020, 13:39

Ҳар бир депутат аҳоли муаммоларини ечишда фаол иштирок этади

 

Ҳозиргина Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис палаталарига қилган Мурожаатномасини диққат билан тингладик. Бу галги Мурожаатномада ўтган йил давомида амалга оширилган ишлар, жорий ва келгуси йилларга мўлжалланган устувор йўналишлар, давлатимиз ички ва ташқи сиёсати учун асосий вазифалар баён этилиб, долзарб қонунчилик ташаббуслари илгари сурилди.

Давлатимиз раҳбари Мурожаатномада ўтган йили амалга оширилган ишларни танқидий таҳлил қилиб, келгусидаги устувор вазифаларимизни аниқ белгилаб берди.

Хусусан, Сайловолди учрашувларида аҳоли томонидан кўтарилган долзарб масалаларни ҳал этиш бўйича, аниқ дастур ва “йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш ҳамда уни мутасадди идоралар билан ҳамкорликда тўлиқ амалга ошириш зарурлигини кўрсатиб ўтдилар. Акс ҳолда, сизларга ишонч билдирган сайловчилар олдида депутатнинг обрўси бўлмайди, партиянинг мавқеи тушиб кетади, дея фикрни бежизга айтмадилар.

Биз халқ вакили сифатида ўз сайловчиларимизни бизга билдирган ишончларини тўлиқ оқлашимиз, аҳолидан жойларда кўтарилаётган муаммоларни ўз вақтида аниқлаб тегишли мутасадди ташкилотлар орқали ижобий ечим топиш олдимиздаги энг муҳим вазифалардан бири бўлиб қолиши зарур. Ҳар бир депутат ҳар бир мурожаатни ўз назоратига олиши керак. Шундагина биз депутатлар, партиямиз обрўсини сақлаган ҳолда халқнинг ишончини қозонган бўламиз.

Давлатимиз раҳбари бошқарув тизими сифатини оширишда “Халқ давлат органларига эмас, балки давлат органлари халққа хизмат қилиши керак” деган асосий тамойилни амалда тўлиқ таъминлаш бўйича ҳали кўп иш қилишимиз зарурлигини бежизга айтиб ўтмадилар.

Виртуал ва Халқ қабулхоналарига йилига 1 миллиондан зиёд мурожаат келиб тушаётгани, халқ билан мулоқотни янги босқичга олиб чиқишни талаб этади. Энди давлат идоралари раҳбарлари ва ҳокимларнинг ушбу мурожаатларни қай даражада ҳал этаётгани бўйича ҳисоботини, парламент ва халқ депутатлари кенгашларида мунтазам эшитиш тизими йўлга қўйилади.

Маҳаллий бюджетларнинг қўшимча даромадини тақсимлаш, нафақа олувчиларни адолатли белгилаш, ижро органлари раҳбарлари ишига баҳо бериш, бундан буён Халқ қабулхоналарига келиб тушаётган мурожаатлар таҳлили асосида амалга оширилади.

Давлатимиз раҳбари қайд этганидек, ҳар бир депутат Халқ қабулхоналари билан доимий ишлаб, ўз ҳудудида яшаётган аҳоли муаммоларини ечишда фаол иштирок этиши, одамларнинг дарду ташвишларини тинглаши керак, шунда депутатлар ўз сайловчиларига берган ваъдалари устидан чиқади, халқнинг ишончини оқлайди, меҳрини қозонади.

Ўйлаймизки, янги парламентимиз ва жойлардаги маҳаллий кенгашлардаги депутатларимиз халқ билан бирга бўлиш, уларнинг муаммоларини ўзининг муаммоси деб қабул қилади. Бу йўлда биз депутатлар бор кучимиз, билимимизни ва меҳнатимизни тўлиқ сафарбар этамиз.

Равшан Мамутов,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

O’zLiDeP фракцияси аъзоси

  • Кўрилди
    822
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Насирова Шаира Нармурадовна Кармана туман Кенгаши депутати 2020-01-24 16:31:06

Ҳақиқтдан ҳам ҳар бир депутат ҳар бир мурожаатни ўз назоратига олиши керак. Шундагина биз депутатлар, партиямиз обрўсини сақлаган ҳолда халқнинг ишончини қозонган бўламиз.


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+