Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантиришда ҳукумат раҳбарлари янгича ишлашлари зарур

25.01.2020, 15:50

Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантиришда ҳукумат раҳбарлари янгича ишлашлари зарур

Президентимиз Мурожаатномасида раҳбарлар салоҳияти ҳақида алоҳида тўхталдилар. Ўз нутқида уларнинг замонавийлашиши, керак бўлса ўқиб-ўрганиши, қоғозбозликдан воз кечишлари хусусидаги таклифлари барчамизнинг кўнглимиздаги муддао бўлди. Аслида ҳам шундай: раҳбарнинг ўзи чуқур салоҳиятли, инновацион технологиялар устаси бўлмаса, ўринбосарига қандай топшириқ беради? Шунинг учун келгусида бу тизимдаги ишларга бош-қош бўлиш учун ҳар бир вазирлик ва идораларда, ҳокимликларда алоҳида ўринбосарлар лавозими жорий этилиши давр талаби бўлиб қолмоқда. Парламент илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантиришда ҳукумат ва раҳбарларнинг ҳисоботлари мунтазам эшитилишини ташкил этиши керак. Айни тизим йўлга қўйилса, биз ҳам депутатлик йиғилишларида мутасаддилар ҳисоботларини уларнинг ўринбосарларидан эмас, айнан ўзларидан тинглашимиз имконияти ортади. Негаки, аввалги беш йилликда бирор ҳокимлик раҳбари ёки масъул ташкилот бошлиғи ҳисоботини эшитиш юзасидан ташкил қилинган йиғилишларда кўп ҳолларда раҳбарларнинг қатнашмаслиги, ўрнига айрим мутахассисларини юбориш ҳолатлари кузатилгани сир эмас. Мазкур вазиятлардан, очиғи, чарчаганмиз, зада бўлганмиз. Чунончи биз халқни қийнаётган муаммолар мурожаатлар ечимини айнан мутасаддининг ўзидан эшитишни истаймиз, “раҳбар жавоб беролади бу саволга”, дея “тутиладиган” бўлим мудиридан эмас! Ҳурматли Президентимиз бу оғриқли нуқтамизга малҳам бўладиган ечимни айтганларидан мамнунмиз. Келгусида вилоят ва туман ҳокимлари ўз дастурлари ва уларнинг ижроси тўғрисида вилоят кенгашларида ҳисобот берадиган тизимнинг жорий қилиниши тўғрисидаги фикр бизни ғоят тўлқинлантириб юборди. Ахир, тўғрида, нима учун Бош вазирдан бошлаб, барча ҳукумат аъзолари, вилоят ҳокимлари парламентга ҳисобот берадию, вилоят ва туманлардаги раҳбарлар ўз фаолияти ҳақида маҳаллий кенгашларга ҳисобот бермаслиги керак? Бу борада юртбошимиз томонидан иш самарасини ошириш мақсадида маҳаллий вакиллик органлари фаолиятида Кенгаш сўрови институтини жорий этиш таклифи илгари сурилганидан қувондик.  

Президентимизнинг раҳбарлар тўғрисида гапирар экан, жамиятимизнинг ривожига тўсқинлик қилаётган энг оғриқли масала – коррупция муаммосига тўхталиб, бу иллат турли кўринишда намоён бўлиб тараққиётимизга ғов бўлаётганини айтиб ўтди. Жумладан, ўз сўзида “Бу иллатни йўқ қилмас эканмиз, раҳбарларимизни, ҳалоллик вакцинаси билан эмламас эканмиз, давлатимиз иқтисодиётини юксалтириш, халқимиз ҳаётини фаровон қилишдек эзгу мақсадимизга асло эриша олмаймиз”, дея бу ишни тизимли йўлга қўйиш зарурияти борлигини таъкидлади. Албатта, бу йўналишда ҳам биз депутатлар зиммасига масъулиятли вазифалар юклатилди.

Қаршимизда катта довон турибди. Мурожаатномадаги ҳар бир фикр келгусидаги фаолиятимизда муҳим топшириққа айланиши шарт.

Тоҳиржон Толипов,

O’zLiDeP Андижон вилоят

Кенгаши раиси, Халқ депутатлари

Андижон вилоят Кенгаши депутати

  • Кўрилди
    678
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+