Мурожаатномада илгари сурилган фикрлар халқнинг фаровонлигини таъминлаш учун ташланаётган дадил одимлар эканини сезиб турибмиз

25.01.2020, 15:58

Мурожаатномада илгари сурилган фикрлар халқнинг фаровонлигини таъминлаш учун ташланаётган дадил одимлар эканини сезиб турибмиз

Тан олиш керакки, одамларимиз етарли даромад топиши учун энг яхши йўл бу уларга қулай бизнес муҳитини яратиш ва янги корхоналарни ишга тушириб, бўш иш ўринларини ҳосил қилишдан иборатдир. Бу борада юртимизда ўтган уч йил давомида сезиларли даражада ўзгаришлар қилинди. Айниқса, тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб этиш ҳисобига кўплаб ёшлар иш билан таъминланди. Рақамларда олиб қарайдиган бўлсак, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳажми ўтган йилда 4,2 миллиард АҚШ долларини ташкил этиб, бир йил ичида бу кўрсаткич 3,7 бараварга ўсди. Инвестицияларнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши эса 37 фоизга етди. Бу жуда катта кўрсаткич ва соҳада олиб борилган тўғри сиёсатнинг ижобий натижасидир.

Айниқса, “Ҳар бир оила — тадбиркор” давлат дастури доирасида ўз бизнесини бошлаётган оилаларга 5,9 триллион сўм кредитлар ажратилгани аҳолининг яшаш фаровонлигини оширишга хизмат қилмоқда. Бу кредитлар эвазига рўзғорини бутлаётганлар қанча. Қолаверса, кредитларни бериш билан бирга уларга оилавий бизнесни ривожлантириш усуллари бўйича мастер класлар ҳам ташкил этилгани, бу жараёнда O‘zLiDeP вакиллари ҳам ташаббускор кўрсатаётганини алоҳида эътироф этиш жоиз.

Бундан ташқари, тадбиркорларга яна бир қулайлик яратиш мақсадида янги солиқ тизими жорий этилиб, солиқ юки 1,5 бараварга камайтирилди. Хусусан, қўшимча қиймат солиғининг 20 фоиздан 15 фоизгача туширилди. Бунинг ҳисобига ўтган йилда солиқ тўловчилар ихтиёрида 2 триллион сўм маблағ қолди.  Жорий йилда ушбу маблағ 11 триллион сўмни ташкил этиши кутилмоқда. Бир йилда тадбиркорлар ихтиёрида шунча маблағнинг қолиши алабатта, уларнинг фаолиятини ривожлантириш учун берилган катта имкониятдир. Президентимизнинг Олий Мажлисга мурожаатномасида келтирилган мазкур таҳлиллар тадбиркорлик йўналишида қилинаётган амалий ҳаракатлар фақатгина одамларнинг турмуш шароитини яхшилаш ва уларнинг даромадларини кўпайтиришга хизмат қилади. Бу борада эса Қонунчилик палатаси депутатлари ҳам тадбиркорлик қиламан, ҳамқишлоғимни, маҳалламдагиларни иш билан таъминлайман, деган ташаббускорларнинг манфаатларини ҳимоя қилиши, ўз бизнесини йўлга қўйиш ниятида юрган фуқаронинг йўлига ғов бўладиган тўсиқларни бартараф этишда ҳаммаслак бўлиб, қонун ижодкорлигида муҳим қоидаларни жорий қилишимиз талаб этилади. 

Бинобарин, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш кам таъминланган оилалар сонини қисқартиришга ҳам ёрдам беради. Бу жараёнда фақат имтиёзли кредитларни берибгина қолмай, уларга тадбиркорликнинг турли йўналишлари бўйича ҳам янги ғоялар бериб, йўл-йўриқ кўрсатилса, берилган кредит ҳам мақсадли сарфланади. Бу йил 700 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағ ана шу йўналишда сарфланиб, янги иш ўринларини яратиш ва камбағалликни баратараф қилишга йўналтирилади.

Президентимизнинг Олий Мажлисга мурожаатномасида айтилган ушбу фикрлар ҳам халқнинг фаровонлигини таъминлаш учун ташланаётган дадил одимлар эканини англаб, сезиб турибмиз. Шу боис, ҳар биримиз қайси жабҳада фаолият юритмайлик бундай ташаббусларни қўллаб-қувватлашимиз ва зиммамиздаги вазифаларни сидқидилдан адо этишга бел боғлаймиз.

Фахриддин САМАТОВ,

Олий  Мажлис Қонунчилик

палатасидаги O‘zLiDeP

фракцияси аъзоси

  • Кўрилди
    1200
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+