Илм-маърифат тараққиётни белгилайди

25.01.2020, 16:34

Илм-маърифат тараққиётни белгилайди

Президентимизнинг парламентга Мурожаатномасини тинглаб, илмни янада қадрлаш ва чинакам фуқаролик жамияти замони келди, деган хулосага келдим.

Маърузадаги аниқ фактлар, далиллар, таклиф ва тавсиялар ҳамда кўрсатмалар салоҳияти ва танқидий-таҳлилий руҳи ҳар бир халқ вакилини келгусидаги вазифаларни аниқ амалий ишлар асосида режалаштиришни талаб этади.

Давлатимиз раҳбарининг халқни, айниқса, ёшларни маърифатли қилиш учун билдирган фикрлари тарихий жараённинг ёрқин намунаси. Яъни, бу сўзларни йиллар давомида кутган инсонлар кам эмас. Чунки анча йил олий ва халқ таълими тизимидаги мавжуд коррупция сабаб таълим ва тарбия сифати, даражаси тушиб кетган эди. Қоғозбозлик, формал фаолият сабаб ҳақиқий таълимнинг амалий ифодаси кўринмай қолган эди. Энди эса ҳақиқий зиёли шахснинг жамиятдаги мавқеи барқарорлашади.

Мурожаатномада Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Эл-юрт умиди” жамғармасининг давлат грантлари ҳисобидан 700 нафар олимлар ва тадқиқотчилар хорижга малака ошириш учун юборилади. Бу кейинчалик икки баробарга оширилади, дейилиши шунчаки гап эмас. Ахир, бу минглаб олим-тадқиқотчиларимизнинг орзуси эди. Бу ўз навбатида, мамлакатимизда илмий салоҳиятнинг ошиши, янги тадқиқот ва кашфиётлар, ихтироларнинг муҳим омили бўлиб хизмат қилади.

Азалдан ҳар қандай ривожланган мамлакатнинг пойдеворини илм-маърифат ташкил этган. Буни Сингапур, Япония, АҚШ каби давлатлар мисолида ҳам кўриш мумкин. Буюк ёзувчи Оноре де Балзак: «Илмнинг хўжайини бўлишни истаган киши меҳнатнинг қули бўлсин», дея илм ва меҳнат уйғунлигига эътибор қаратади. Яъни, чинакам меҳнатсевар одамгина маърифатли бўла олади, фаровон яшайди ва жамият ривожига муносиб ҳисса қўшади. Мурожаатномада ҳам айнан шу ақида илгари сурилади. Демак, биз ҳар қандай муаммони ҳал этишимиз учун аввало, илмга эътибор беришимиз керак. Чунки билимсизлик қашшоқликни келтириб чиқаради.

Президентимиз халқ вакилларига мурожаат қилиб, яна бир муҳим масала - халқ розилиги борасида ҳам алоҳида эътибор билан шундай таъкидлади: “Янги Парламент ва Ҳукуматнинг келгуси 5 йилдаги фаолиятининг пировард мақсади – Ўзбекистонда яшаётган кўп миллатли халқимиз ҳаётини юксалтиришдан иборат бўлиши шарт. Шу муносабат билан депутатларимизга мурожаат қилиб, шуни айтмоқчиман: сайловолди учрашувларида аҳоли томонидан кўтарилган долзарб масалаларни ҳал этиш бўйича аниқ дастур ва “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш ҳамда уни мутасадди идоралар билан ҳамкорликда тўлиқ амалга ошириш зарур”.

Бу гаплардан ҳар бир депутат ва жамоатчилик кенгаши вакиллари хулоса чиқариши зарур. Биз аллақачон шу тамойил асосида иш режаларни тузишга киришдик.

Бу тарихий Мурожаатнома, шубҳасиз, халқаро ташкилот вакиллари ва экспертлари томонидан ҳам кенг муҳокама этилади. Сабаби, унда янги ривожланаётган Ўзбекистоннинг устувор йўли белгилаб берилди. 

Ўйлайманки, илм-маърифат тамойили асосида шаклланадиган иқтисодиёт албатта, ўзининг ижобий самарасини беради. Чунки ҳар қандай иқтисодий ривожланиш замирида билим ва тажриба мужассам. Биз тадбиркорларимизни қўллаб-қувватлаш баробарида уларнинг илмий салоҳиятини ошириш, замонавий илмий ютуқлардан озиқлантиришимиз лозим. Ана шунда биз мақсад қилган рақамли иқтисодиёт ривожланади.

Баҳодир РАҲМОНОВ,

фалсафа фанлари бўйича

фалсафа доктори, халқ депутатлари

Самарқанд шаҳар Кенгаши депутати

  • Кўрилди
    484
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+