Тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди

27.01.2020, 15:01

Тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш бўйича аниқ  вазифалар белгилаб берилди

Президентимиз томонидан жорий йилга “Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” деб ном берилгани мамлакатимизнинг келгуси 10 йилликдаги асосий йўналишини белгилаб беради, десак муболаға бўлмайди. Чунки илм-фанни ривожлантирмасдан туриб, ёрқин келажакни тасаввур этиш қийин. Келажак фаровон бўлишини истар эканмиз, иқтисодиётни ва барча соҳаларни рақамлаштиришга эришишимиз лозим.

Мурожаатномада кўтарилган энг устувор ғоя ҳам барча соҳалардаги ўзгариш ва янгиланишлар, энг аввало Ўзбекистоннинг ҳар бир фуқароси ўз ҳаётидан рози бўлган ҳолда яшашига эришиши лозимлигига қаратилгани билан аҳамиятлидир. Нега десангиз Президентимиз парламентга йўллаган ўз Мурожаатномасида халқ қалбида, юрагида, дилида ва тилида турган ташвишу изтиробларни, орзу умидларни баён қилди. Масалан, тадбиркорлик фаолияти ҳақида тўхталар экан, “Энди тадбиркор томонидан тўланган ортиқча солиқ ўз муддатида қайтарилмаса, унга Марказий банкнинг асосий ставкаси бўйича бюджетдан фоиз тўланади. Бунинг аҳамиятини мана шу залда ўтирган ва “ойнаи жаҳон” орқали менинг сўзларимни эшитаётган тадбиркорлар, ўйлайманки, ҳаммадан кўра яхши тушунади” деди. Айниқса, у кишининг тадбиркорларни кўп қийнайдиган соҳа – лицензиялаш ва рухсатномалар бериш тартибларини жиддий ўзгартириш ҳақидаги фикрлари кўпчиликнинг кўнглидаги гап бўлди. Зеро, бу муаммо тадбиркорларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётган эди.

Мурожаатномада аҳоли ва тадбиркорларга, микро-молия хизматлари ва молиявий ресурсларга, давлат харидларига кенг йўл очиб берилиши, бундай чоралар орқали одамларимизда тадбиркор бўлишга иштиёқ ва ишонч ортиши, улар кўпроқ даромад олишга интилиши қайд этилди.

Давлатимиз раҳбарининг “Биз янги иш ўринларини яратадиган тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашимиз, таъбир жоиз бўлса, уларни елкамизда кўтаришимиз керак” деган сўзлари тадбиркорлар партияси бўлган O‘zLiDeP фаоллари учун катта қувонч бағишлаши билан бирга, зиммамизга катта маъсулият ҳам юклайди. Зеро, мамлакатимиз раҳбарининг чуқур ўйланган ушбу ғояси замирида жуда катта маъно ётибди. Шундан келиб чиқиб, партиямизнинг барча бўғинлари мурожаатномада билдирилган фикрлар юзасидан ўзининг чуқур таҳлилларини қилган ҳолда, тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва самарали фаолият юритиши учун бор имкониятларини сафарбар этади.

 Искандар РАФИКОВ,

O‘zLiDeP Тошкент шаҳар

                        Кенгаши раиси,  Халқ депутатлари

                               Тошкент шаҳар Кенгашидаги

партия депутатлик гуруҳи раҳбари

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    1566
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+