Камбағалликни камайтириш дастури ишлаб чиқилади

27.01.2020, 17:23

Камбағалликни камайтириш дастури ишлаб чиқилади

Муҳтарам Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида ўтган 2019 йилда амалга оширилган ишлар эътироф этилиши билан бирга, мавжуд муаммолар, соҳалардаги камчиликлар танқидий таҳлил қилиниб, янги парламент ва ҳукуматнинг олдида турган асосий вазифалар белгилаб берилди. Жумладан, янги парламент ва ҳукуматнинг келгуси беш йилдаги фаолиятининг пировард мақсади – Ўзбекистонда яшаётган кўп миллатли халқимиз ҳаётини юксалтиришдан иборат бўлиши шартлиги таъкидланди.

Давлатимиз раҳбари барча депутат ва сенаторларга, уларнинг тимсолида бутун Ўзбекистон халқига мурожаат қилиб: “демократик ислоҳотлар йўли – биз учун яккаю ягона ва энг тўғри йўлдир. Бу борада биз ҳар куни изланишдамиз, хориждаги илғор тажрибаларни чуқур ўрганиб, ҳаётимизни, иш услубимизни янгилашга ҳаракат қилмоқдамиз”, деган фикрни билдирдилар.

Таъкидланганидек, ислоҳотларнинг амалий натижадорлигини оширишда, жойларда янги ташаббусларни илгари суришда аҳолимизнинг янада фаол, янада ташаббускор бўлишига эришмоғимиз лозим. Энг асосий вазифа, бу ислоҳотлар натижасида халқимиз учун фаровон ва муносиб турмуш шароитини яратиб беришимиз даркор.

Кейинги уч йилда халқимиз ҳаётини тубдан яхшилаш бўйича мамлакатимизда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди, галдаги вазифа эса, ушбу ислоҳотларни изчил давом эттиришдир.

Ҳар қандай мамлакатда бўлгани каби юртимизда ҳам кам таъминланган, етарли даромад манбаига эга бўлмаган аҳоли қатламлари мавжуд. Биз депутатлар сайловолди учрашувларида ва хонадонма-хонадон юрганимизда айнан шундай оилаларнинг муаммолари билан қизиқдик. Учрашувлар чоғида ижтимоий нафақа, моддий ёрдам сўралган ҳолатлар, уларнинг миқдорини ошириш масалалари ҳам кўтарилди. Лекин бир марталик берилган моддий ёрдам ёки ижтимоий нафақа миқдорини ошириш орқали ушбу оилани кам таъминланганлик даражасидан чиқара олмаслигимизга ҳам ҳаммамизнинг кўзимиз етиб турибди.

Айнан Мурожаатномада бундай оилалар умумий аҳоли сонига нисбатан тахминан 12-15 фоизни (4-5 млн. киши) ташкил этиши, уларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш бош вазифалардан бири бўлиб қолиши айтиб ўтилди.

Президентимиз таъкидлаганидек, камбағалликни камайтириш – бу аҳолида тадбиркорлик руҳини уйғотиш, инсоннинг ички куч-қуввати ва салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш, янги иш ўринлари яратиш бўйича комплекс иқтисодий, ижтимоий сиёсатни амалга ошириш, демакдир. Авваллари бу ибора ҳеч ишлатилмаган эди. Бугун мамлакатимизда олиб борилаётган очиқ демократик сиёсат туфайли мазкур муаммо мавжудлиги ва унинг ечими бўйича чуқур ўйлашимиз, таҳлил қилишимиз ва бир қарорга келишимиз кераклиги ҳақида юксак минбарларда ҳам очиқ-ойдин гапириляпти.

Шу нуқтаи назардан, Юртбошимиз томонидан Жаҳон банки, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт дастури ва бошқа халқаро ташкилотлар билан бирга Камбағалликни камайтириш дастурини ишлаб чиқиш таклифи илгари сурилди. Бу борада халқаро меъёрлар асосида чуқур ўрганишлар ўтказиб, камбағаллик тушунчаси, уни аниқлаш мезонлари ва баҳолаш усулларини қамраб олган янги методологияни яратиш зарур бўлади.

Шунингдек, Фарғона водийсининг 22 та қишлоқ туманида аҳоли ўртасида замонавий ишбилармонлик ва бизнес кўникмаларини шакллантириш бўйича бошланган ижобий тажрибани барча ҳудудларда босқичма-босқич жорий этиш таклифи берилди.

Жорий йилда ҳудудлардаги ижтимоий муаммоларни ҳал этишга, айниқса, ёшлар ва аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлашга устувор аҳамият қаратилади, микромолия хизматлари ва молиявий ресурсларга, давлат харидларига кенг йўл очиб берилади. Бундай чоралар орқали одамларимизда тадбиркор бўлишга иштиёқ ва ишонч ортади, улар кўпроқ даромад олишга интиладиган бўлади. Шунингдек, меҳнат бозорида тенг рақобатлаша олмайдиган, ижтимоий ҳимояга муҳтож, ишсиз фуқаролар билан тизимли иш олиб бориб, уларни касбга қайта тайёрлаш орқали муносиб иш жойи билан таъминлаш кўзда тутилмоқда. Ушбу мақсадлар учун 700 миллион доллар жалб қилинадиган бўлди.

Қонунчилик палатаси депутатлари Мурожаатномада қайд этилган қатор қонун лойиҳаларини, жумладан, ижтимоий тадбиркорлик асослари ва уни рағбатлантириш чоралари тўғрисида тегишли қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда фаоллик кўрсатадилар.

Мавлудахон ХЎЖАЕВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

O'zLIDeP фракцияси аъзоси,

Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси раиси

  • Кўрилди
    1880
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Baxodir 2020-01-28 07:22:22

Asosiy ishsizlikni qishloqda yashayotgan axoli tashkil qiladi ishlab chiqarish uchun gaz va elektr energiya yaxshi emas shuning uchun asosiy e'tiborni bog‘dorchilik,chorvachilik,dexqonchiliklarni rivojlantirildi kerak


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+