Илм-маърифат юксалган жойда барқарор ривожланиш, тараққий этиш бўлади

27.01.2020, 19:03

Илм-маърифат юксалган жойда барқарор ривожланиш, тараққий этиш бўлади

2019 йил Ўзбекистон ҳаётида жуда муҳим воқеалар юз берган, тараққиётнинг янги босқичига қадам қўйган йил сифатида ёдимизда қолади.  Боиси, ўтган йилда “Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари ­халқимизга хизмат қилиши керак”, деган ғоя ҳаётимиздан чуқур жой олди. Мамлакат ҳаётига дахлдор қарорлар халқ билан бамаслаҳат қабул қилинди. Давлатимиз раҳбари қаерга бормасин, халқ билан мулоқот қилиб, уларнинг хоҳиш-истаклари, қизиқишлари, дуч келаётган муаммоларига алоҳида эътибор берди.

Йил давомида ҳаётимизда жиддий ўзгаришлар юз берди. Йирик саноат объектлари ишга туширилди, шаҳар ва қишлоқларимизда намунавий уйлар ҳамда кўп қаватли уй-жойлар барпо этилиб, фойдаланишга топширилди. Энг асосийси, 2019 йил – “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да салмоқли натижаларга эришилди. Барча соҳалардаги ижобий натижалар қаторида инвестициялар ҳажми ҳам сезиларли даражада ошди. Айниқса, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар 4,2 миллиард долларни ташкил этиб, 2018 йилга нисбатан – 3,1 миллиард долларга ёки 3,7 баробар ўсдиИнвестицияларнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 37 фоизга етди.

Тадбиркорликни кенг ривожлантириш, тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, аҳолини бизнес билан шуғулланишга фаол жалб қилиш мақсадида “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури доирасида ўз бизнесини бошлаётган оилаларга 5,9 триллион сўм кредитлар ажратилди. Янги солиқ сиёсати доирасида иш ҳақига солиқ юки 1,5 баробар камайтирилди. Натижада расмий секторда ишлаётганлар сони 500 мингтага кўпайди. Қўшилган қиймат солиғи ставкаси 20 фоиздан 15 фоизга туширилди. Бунинг ҳисобидан ўтган йили солиқ тўловчилар ихтиёрида 2 триллион сўм қолди. Жорий йилда бу рақам 11 триллион сўмни ташкил этиши кутилмоқда. Табиийки, бир йилда тадбиркорлар ихтиёрида шунча маблағ қолиши, уларга ўз бизнесларини ривожлантириш учун кенг имкониятлар яратади.

Яна бир қувонарли жиҳат шуки, мамлакатимизга 86 та давлат фуқароларига визасиз ва 57 та давлат фуқароларига соддалаштирилган виза режими жорий этилиши натижасида ўтган йили юртимизга 6,7 миллион нафар хорижий сайёҳ ташриф буюрди. Бу 2016 йилга нисбатан 4,7 миллион нафарга ёки 3,3 баробар кўп демакдир.

Мамлакатимиз келажагини таъминлайдиган кадрларни тарбиялаш мактабгача таълим тизимидан бошланади. 2019 йилда юртимизда мактабгача таълимни ривожлантириш борасида амалга оширилган изчил ислоҳотлар натижасида жойларда 5 минг 722 та давлат, хусусий, оилавий болалар боғчалари ташкил этилди. Шунинг ҳисобидан болажонларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражаси бир йил давомида 38 фоиздан 52 фоизга кўтарилди. Эътиборлиси, айнан ўтган йилнинг ўзида мутлақо янгича мазмун ва шаклдаги 4 та Президент мактаби, 3 та Ижод мактаби иш бошлади. Олий таълимни ривожлантириш учун ўтган йили 19 та янги олий ўқув юрти, жумладан, 9 та нуфузли хорижий университетнинг филиали очилди. Етакчи хорижий университетлар билан ҳамкорликда 141 та қўшма таълим дастури бўйича кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилди. Олий таълим муассасаларига жами 146 минг 500 нафар ёки 2016 йилга нисбатан 2 баробар кўп талаба ўқишга қабул қилинди.

Ҳар бир шаҳар ё туманнинг ободлиги маҳалла ободлигидан бошланади. Шу боисдан ўтган йили “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида 479 та қишлоқ ва овулда, шаҳарлардаги 116 та маҳаллада кенг кўламли қурилиш ва ободонлаштириш ишлари бажарилди. Бунга 6,1 триллион сўм ёки 2018 йилга нисбатан 1,5 триллион сўм кўп маблағ сарфланди. Умуман олганда, 2019 йилда одамларнинг талаб-истакларини рўёбга чиқариш, уларни эшитиш, ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш янги сиёсатнинг муҳим йўналишига айланди.

Шуни алоҳида таъкидлаш керак, бу ислоҳотлар 2020 йил ва ундан кейин ҳам албатта, жадал давом эттирилади. Боиси Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида бутун мамлакатимиз, халқимизнинг эртанги куни қандай бўлиши аниқ белгилаб берилди. Мурожаатномада ҳеч бир соҳа эътибордан четда  қолмади. Сайлов тизимини такомиллаштиришдан ижтимоий-иқтисодий соҳалардаги муаммоларгача, ундан суд-ҳуқуқ тизими олдида турган вазифаларгача, таълим-тарбияни замон талаблари даражасига кўтариш заруратидан аҳоли турмуш даражасини юксалтиришгача, жамият тараққиёти учун энг катта ғов – коррупцияни бартараф этиш йўлларидан ислоҳотларимизга жиддий тўсқинлик қилаётган “яширин иқтисодиёт”га барҳам бериш йўриқларигача аниқ вазифалар белгиланди. Умуман олганда бу галги Мурожаатнома том маънода мамлакатимизни янада юксалтириш, тараққиётини таъминлашга қаратилди.

Маънавий юксалишсиз, таълим ва тарбияга эътиборсиз чинакам ривожланишга эришиш қийин. Шу боис нафақат ёшлар, балки бутун жамиятимиз аъзоларининг билими, савиясини ошириш учун аввало илм-маърифат, юксак маънавият керак. Илм йўқ жойда қолоқлик, жаҳолат ва албатта, тўғри йўлдан адашиш бўлади. Президентимиз таъкидлаганидек, “Тараққиётга эришиш учун рақамли билимлар ва замонавий ахборот технологияларини эгаллашимиз зарур ва шарт. Бу бизга юксалишнинг энг қисқа йўлидан бориш имкониятини беради. Зеро, бугун дунёда барча соҳаларга ахборот технологиялари чуқур кириб бормоқда”. Давлатимиз раҳбари томонидан 2020 йилга “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”, деб ном берилиши ҳам бежиз эмас. Сабаби илм-фанни ривожлантирмасдан туриб, ёрқин келажакни тасаввур этиб бўлмаслиги айни ҳақиқатдир.

Эътибор беринг, жорий йилда мамлакатимизда боғча ёшидаги болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражасини 60 фоизга етказиш, ушбу мақсадлар учун шу йилнинг ўзида бюджетдан қарийб 1,8 триллион сўм маблағ ажратилмоқда. 2020 йилда бюджетдан ажратиладиган 1,7 триллион сўм маблағ ҳисобидан 36 та янги мактаб қурилиб, 211 таси капитал таъмирланади. Шунингдек, 55 та хусусий мактаб ташкил этилиб, уларнинг сони 141 тага етказилади.

Олий маълумот оламан, деб ўз устида ишлаб, илмли бўламан, деган, юрагида ўти бор жўшқин ёшларимизнинг таҳсил олиши учун ҳамма қулайликлар яратилади. Шу мақсадда мактаб битирувчиларини олий таълим билан қамраб олиш даражаси 2020 йилда камида 25 фоизга ва келгусида 50-60 фоизга етказилади. Қувонарлиси, олий ўқув юртларига талабалар қабул қилиш давлат грантлари 2 баробар кўпайтиралади.

Бир сўз билан айтганда, Президентимиз Мурожаатномада барча соҳалар ривожи борасида кенг миқёсли мулоҳазаларини ўртага ташлади. Хусусан, ўтган 3 йил мобайнида Ўзбекистонда сўз эркинлигини таъминлаш, журналист ва блогерларнинг эркин фаолият юритиши ва ижод қилишлари учун ҳуқуқий асослар ва кенг имкониятлар яратилганини таъкидлар экан, уларнинг эркин ва холис фаолият юритишлари, мамлакатимизда амалга оширилаётган жадал ислоҳотларни халқимиз ва халқаро ҳамжамият учун очиқ-ойдин ёритишлари учун бу борадаги ишлар бундан кейин ҳам жадал давом эттирилишини таъкидлади. Айниқса, у кишининг “Жойлардаги муаммо ва камчиликларни рўй-рост очиб бериш, уларни ҳаққоний ёритишларида мен профессионал журналистларни ҳамиша ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёрман”, деган сўзлари бизни қаттиқ тўлқинлантириб юборди, кучимизга куч қўшди, қаддимизни янада баланд кўтарди. Демак, энди Мурожаатномада кўрсатиб берилган вазифаларнинг бекаму кўст бажарилиши учун ишимизни мукаммал ва унумли бажаришимиз, янада кўпроқ ишлашимиз керак.  

Салоҳиддин  ИСОМИДДИНОВ,

O‘zLiDeP матбуот хизмати

масъул ходими  

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    1012
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+