O‘zLiDeP Президентимиз Мурожаатномасидан келиб чиқувчи асосий устувор вазифаларни белгилаб олди

27.01.2020, 19:22

O‘zLiDeP Президентимиз Мурожаатномасидан келиб чиқувчи асосий устувор вазифаларни белгилаб олди

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ҳамда партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси қўшма йиғилиши бўлиб ўтди. Тадбирда Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси ва парламент палаталаридаги маърузаларидан келиб чиқувчи асосий вазифалар атрофлича муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, давлатимиз раҳбари Мурожаатномасидаги барча фикрлар ва ташаббуслар ягона эзгу мақсад – халқимизнинг турмуш шароитини яхшилаш, мамлакатимизни ҳар томонлама тараққий эттириш, янги, эркин, обод ва фаровон Ўзбекистонни қуришга хизмат қилади. Мазкур тарихий ҳужжатда барча соҳаларда кўплаб муваффақиятларга эришилган ўтган йил давомида амалга оширилган ишлар, жорий ва келгуси йилларга мўлжалланган устувор йўналишлар, давлатимиз ички ва ташқи сиёсати учун асосий вазифалар баён этилиб, долзарб қонунчилик ташаббуслари илгари сурилди.

Қўшма йиғилишда Президентимиз томонидан 2020 йилга “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” деб ном берилгани O‘zLiDeP зиммасига улкан масъулият юклаши алоҳида қайд этилди. Сўзга чиққанлар мамлакатимизда илм-фанни янада равнақ топтириш, ёшларимизни чуқур билим, юксак маънавият ва маданият эгаси этиб тарбиялаш, рақобатбардош иқтисодиётни шакллантириш борасида бошланган ишлар жадал давом эттирилиши ва бу жараёнларни янги босқичга кўтаришга алоҳида эътибор қаратилишига урғу бердилар.

Давлатимиз раҳбарининг Мурожаатномасида рақамли иқтисодиётни ривожлантириш ва “Рақамли Ўзбекистон – 2030” дастурини ишлаб чиқиш борасида аниқ вазифалар белгилаб берилди. Ушбу устувор вазифалар партиянинг сайловолди дастурида ҳам акс этган ва O`zLiDeP келгуси беш йиллик фаолияти давомида бу борадаги чора-тадбирларни изчиллик билан амалга оширади. Иқтисодиётга рақамли технологияларнинг кириб келиши корхоналарга автоматлаштирилган тизимларни жорий этиш, йирик саноат объектлари самарадорлигини ошириш, ишлаб чиқаришнинг ўсиши, фаолият шаффофлигини таъминлаш, маҳсулот таннархини камайтириш имконини беради.

Бундан ташқари, рақамли технологиялар Президентимиз энг жиддий муаммо сифатида тилга олган  коррупцияга қарши курашда ҳам самарали восита ҳисобланади. Коррупцияга қарши курашга  аҳолининг барча қатламлари, экспертлар, мутахассислар, олимларни жалб қилиш лозим. Партия бу борада “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонунни, электрон харидларни такомиллаштириш масалаларини кўриб чиқаяпти. Шу билан бирга партия коррупцияга қарши кураш бўйича ягона органни ташкил қилиш ғоясини тўла қўллаб-қувватлаяпти.

Йиғилишда партия ва унинг фракцияси Президентимиз Мурожаатномасини  қонун ижодкорлиги ва сиёсий кучнинг назорат-таҳлил фаолияти мазмун-моҳияти, асосий йўналишини белгилаб берувчи дастурий ҳужжат экани ҳам   таъкидланди.

Хусусан, партия фракцияси ўз сиёсий платформаси ҳамда Юртбошимиз Мурожаатномасида баён қилинган вазифалардан келиб чиқиб, экспортни ривожлантириш, маҳаллий Кенгашларга бўладиган сайловларнинг уч босқичли  тизимини оптималлаштириш, тадбиркорлик фаолиятини либераллаштириш имконини берувчи ўзгариш –  лицензия бериш тизимини янгилашга қаратилган  қонунларни яратиш жараёнига дарҳол киришади.

Партиянинг 2020 йилга мўлжалланган иш режасидан бир қатор вазирликлар ва ташкилотлар билан ҳамкорликда рақобатни олиб кириш мумкин бўлган монополия соҳаларига хусусий сектор учун йўл очиш ва шу орқали рақобат муҳитини шакллантириш мақсадида табиий монополия ва рақобат тўғрисидаги қонунларни янгилаш ҳамда Иқтисодиётда рақобат муҳитини шакллантириш стратегияси, шунингдек, соғлом рақобат, қулай инвестиция муҳитини шакллантиришга қаратилган “яширин иқтисодиёт”га қарши курашиш дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда амалиётга самарали татбиқ этиш сингари вазифалар ҳам ўрин олган.

Қўшма мажлисда ЎзЛиДеП, унинг бутун депутатлик корпуси олдида ҳам ўз сайловчилари, ҳам бутун аҳоли билан олиб бориладиган ишлар самарадорлигини жиддий ошириш вазифаси турганлиги таъкидланди. Бу борада партия ҳар бир депутатни тегишли Халқ қабулхонаси билан доимий равишда ва изчил асосда бирга ишлаши учун унга бириктиришни режалаштирган. Бу эса бир томондан, партияга аҳолининг энг муҳим муаммоларини ҳал этишда фаол иштирок этиш, бошқа томондан, халқимиз ишончини оқлаган ва унинг ҳурматига сазовор бўлган ҳолда, ўзининг сайловолди  ваъдаларини  бажариш имконини беради.

Йиғилишда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги, уларнинг жамиятдаги ўрни ва мавқени оширишга, айниқса, энг чекка ҳудудларда истиқомат қилаётган аёллар, ёш йигит-қизларни тадбиркорликнинг турли йўналишларига жалб қилиш, бу орқали аҳоли бандлигини таъминлаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги айтиб ўтилди.

Умуман олганда,  Мурожаатномада алоҳида таъкидланганидек, 2019 йилда  “Янги Ўзбекистон – янги сайловлар” шиори остида ўтказилган сайловлар туфайли мамлакатимизда демократик вазият шаклланди. Шу боис ҳар бир партия фаоли, ҳар бир депутат сайловлардаги ғалабадан бўшашмасдан, сайловолди ваъдаларни бажариши, янада самарали ишлаш кераклиги таъкидланди.

Тадбирда давлатимиз раҳбарининг Мурожаатномасида билдирилган фикрлардан келиб чиқилган ҳолда O‘zLiDeP томонидан амалга ошириладиган чора-тадбирлар режаси тасдиқланди.

O‘zLiDeP матбуот хизмати

  • Кўрилди
    1789
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Сардор2020-01-27 19:52:57

Хар бир туманда бу кави устувор вазифаларни белгилаб олиш тугрисида кушма мажлисларни утказиш лозим


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+