OʻzLiDeP депутатлари талабаларга Мурожаатнома мазмун-моҳиятини тушунтирди

28.01.2020, 19:01

OʻzLiDeP депутатлари талабаларга Мурожаатнома мазмун-моҳиятини тушунтирди

Жорий йилнинг 28 январь куни Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида OʻzLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ёшлар билан ишлаш бўлими томонидан Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси мазмун-моҳиятини ёшларга кенг тушунтириш, унда белгиланган вазифалар ижросини таъминлашга бағишланган давра суҳбати ташкил этилди.

“Янги Ўзбекистонни ёшлар билан биргаликда қурамиз” мавзуида ташкил этилган учрашувда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги OʻzLiDeP фракцияси ва халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашидаги партия депутатлик гуруҳи аъзолари, партия “Ёшлар қаноти” фаоллари, университетнинг ўқитувчилари ҳамда талаба ёшлари қатнашди.

Тадбирда сўз олган O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Актам Хаитов бу галги Мурожаатнома том маънода мамлакатимизни янада юксалтириш, тараққиётини таъминлашга қаратилганини айтиб, унда айниқса, замонавий билим ва кўникмаларга эга, стратегик фикр юритадиган, билимли ва малакали янги авлод кадрларини тарбиялашга алоҳида эътибор берилганини таъкидлади.

 “Мурожаатномада илгари сурилган вазифалар барча соҳа вакиллари қатори партиямиз “Ёшлар қаноти” зиммасига ҳам катта масъулият юклайди. Чунки унда олий таълимга қабул квоталарини доимий  равишда ошириб бориш, кириш имтиҳонларини соддалаштириш, давлат грантини икки бараварга кўпайтиришдек муҳим ташаббуслар баён қилинди. Айниқса, мактаб битирувчиларини олий таълим билан қамраб олиш даражаси 2020 йилда камида 25 фоизга ва келгусида 50-60 фоизга етказилиши мени жуда руҳлантирди, – дейди O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси бўлим мудири Ю.Юсупов. – Мурожаатнома юртдошларимиз томонидан якдиллик билан қўллаб-қувватланиб, ҳар биримизни фаолликка, жонбозлик кўрсатиб меҳнат қилишга ундади. Демак, бу жараёнда биз партия вакиллари ҳам белгиланган вазифалар ижросида фаол иштирок этишимиз зарур”.  

Тадбирда давлатимиз раҳбарининг парламентга Мурожаатномасида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Либерал-демократик партияси “Ёшлар қаноти” ҳам аниқ чора-тадбирлар режасини ишлаб чиққани таъкидланди. Бу борада партия “Ёш мулкдор – юрт таянчи”, “Парламентда менинг ўрним”, “Хавфсиз интернет”, “Старт-ап”, “Келажак депутатлари”, “Агар мен депутат бўлсам” каби мақсадли лойиҳаларни ташкил этиш, “Ўзбекистон ёшлари – 2025” концепцияси доирасида Қашқадарё вилоятида “Ёшлар қаноти” республика форумини ўтказишни мақсад қилган.

  Шунингдек, “Дурдона” маърифий лойиҳаси доирасида “O’zLiDeP кутубхоналари”, “Китоб кафелари”ни ташкил қилишни, айниқса, “Китоб – маънавият бешиги” мавзусида қатор тадбирлар, танловлар ташкил этишни режалаштирган.

Тадбир давомида партия депутатларига университет талабалари томонидан аниқ таклифлар, фикр-мулоҳазалар билдирилди. Университетнинг энг фаол талабалари партиянинг ташаккурномалари билан тақдирланди.  

Тадбир якунида давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга Мурожаатномасидан келиб чиқадиган партия “Ёшлар қаноти”нинг вазифалари белгилаб олинди.

 OʻzLiDeP матбуот хизмати

  • Кўрилди
    1322
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+