Ютуқлар ўзимизники, камчиликлар ҳам...

29.01.2020, 16:10

Ютуқлар ўзимизники, камчиликлар  ҳам...

Андижон шаҳридаги “Боғишамол” меҳмонхонасида O‘zLiDeP Андижон вилоят Кенгашининг 2019 йилдаги фаолияти сарҳисоби ҳамда 2020 йилдаги устувор вазифалари ижросига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Ютуқ бор жойда камчиликлар бўлиши табиий. Сайловларда эришилган ғалабалар партия мутасаддилари олдига улкан вазифаларни қўйди. Топшириқлар янада масъулиятли бир даврга асос солмоқда. Партия вилоят Кенгаши томонидан ташкил этилган йиғилишда дастлаб туман, шаҳар кенгашларининг ўтган йил давомида, айниқса сайловолди зарбдор ойликда қилган меҳнатлари эътироф этилди.

–2019 йил ғоят синовли йил бўлди, – дейди партия  Андижон вилоят Кенгаши раиси Т.Толипов. – Ходимларимиз қаттиқ ишлади. Сайловларда ғолибликка эришиш учун қўлдан келган барча имкониятлардан фойдаландик. Албатта, энди вазифаларимиз кўп. Депутатларимиз билан бир ёқадан бош чиқариб астойдил фаолият олиб боришимиз зарур. Энди оқсаётган туманларни, халқ ноибларини уйғотиш вақти келди.

Йиғилиш кескин мунозаралар остида ўтди. Хатолар атрофлича муҳокама қилинди. Хусусан, O‘zLiDeP Жалақудуқ туман Кенгаши аппарат раҳбари фаолиятидаги меҳнат шартномасида белгиланган тартибларга риоя қилмаслик, ўз ишига лоқайдлик, ишончни суистеъмол қилишлик ҳолатлари танқид остига олиниб, лавозимидан озод этиш масаласи вилоят ва туман Кенгаш аъзолари томонидан қайта кўриб чиқиладиган бўлди.

–Бугунги йиғилишдан тегишли хулоса чиқардик, – дейди партия туман Кенгаши аппарат раҳбари Шавкатбек Отабоев. – Талаб юқори, топшириқлар ижросига жиддий ёндашамиз. Аввалги камчиликларни кеч бўлсада, бартараф этишга ҳаракат қиламиз. Берилган имтиёздан тўғри фойдаланамиз деб ваъда берамиз.

Сарҳисоблар одатда хулосалар чиқариш учун етарли имконият. Вақт чинакам фидойини саралаб беради. Муҳими, сафдошларимиз билан елкама-елка, камарбаста бўлиб меҳнат қилиш. Куч бирликда. Аравани ҳамма ҳар ёққа тортса, бирдамлик йўқолади, муваффақият чекинади. Айни масалалар хусусидаги ибратлар йиғилишга якун ясади.

 Муяссархон УМУРЗАҚОВА,

O‘zLiDeP Андижон вилоят Кенгаши

бўлим мудири

  • Кўрилди
    236
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+