Сирдарёлик тадбиркор паррандачилик орқасидан 1 миллиардга яқин фойда кўрди
30.01.2020, 15:19
O‘zLiDeP Сирдарё вилоят Кенгаши ёшлар билан ишлаш бўлими Оқолтин гидромелиорация касб-ҳунар коллежи битирувчилари ҳамда тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагида юрган ёшлар учун бизнес саёҳат уюштирди.
Дастлаб иштирокчилар вилоятда туяқушчиликни ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшаётган тажрибали тадбиркор Дониёр Тошпулатов фаолияти билан танишди.
Партия фаоли Д.Тошпулатов ёш бўлишига қарамай тадбиркорлик фаолияти орқасидан миллионлаб даромад олаётган ёшлардан бири. Айни пайтда у раҳбарлик қилиб келаётган “Сирдарё оқолтин страус” МЧЖда юзга яқин туяқуш, мингга яқин ўрдак, ғоз, курка ва товуқ парваришланмоқда. Ишбилармон йигитга 17 гектар ер ажратиб берилган.
“Бир неча йил муқаддам Россияга ишлагани бордим, – дейди Дониёр Тошпўлатов. – Олис ўлкалардаги фермер хўжаликларида туяқуш боқиб даромад олинаётгани мени қизиқтириб қўйди. Қишлоққа қайтгач, Фарғона вилоятидан 4 та туяқуш олиб келиб парваришлай бошладим. Кейинчалик уларни кўпайтириш баробарида Эрон, Бельгия, Африка ва Украина туяқушларини олиб келиб, вилоят ҳудудида соҳани ривожлантиришга қизиқувчи тадбиркорларга бера бошладим. Ўзимиз қурган икки қаватли бинонинг биринчи қаватига 280 та туяқуш тухуми сиғадиган замонавий инкубатор ўрнатиб, жўжа очиришни йўлга қўйдим”.
Дониёр дастлаб “Халқ банки” туман бўлимидан 125 миллион, сал вақт ўтиб “Саноатқурилишбанк” вилоят филиалидан 600 миллион сўм миқдорида кредит олди. Шу кунга қадар туяқушчилик ва паррандачилик орқасидан 1 миллиардга яқин фойда кўрди.
Тадбиркорнинг айтишича, парранданинг бу тури 50 йил яшайди. 30-35 йил мобайнида тухум беради. Асосийси, бу жонивор овқат танламайди, қолаверса, алоҳида жой, ўзига хос парваришни ҳам талаб қилмайди. 20 даража совуқдан 50 даража иссиққача бемалол яшайверади.
“Туяқуш тухуми 2 килограммгача тош босибгина қолмай, унинг пўсти шу қадар мустаҳкамки, қўл билан синдириб бўлмайди. Тухум холестеринсиз, унинг қобиғидан турли сувенирлар ясаш мумкин. Пўстлоғи табиий кальцийга бойлиги учун тиббий мақсадларда ишлатилади. Териси пишиқлиги ва эгилувчанлиги бўйича тимсоҳникидан кейинги ўринда туради”, – дейди тадбиркор.
Маълум қилинишича, тадбиркор эндиликда соҳани ривожлантириш баробарида туяқуш терисидан сумка, пойабзал тикишни, тирноғидан эса турли тақинчоқлар ишлаб чиқаришни йўл қўйиш ҳаракатида. Айни чоғда у Қозоғистон давлати билан туяқуш етказиб бериш бўйича шартнома имзолаган.
“Тадбиркор билан суҳбат жуда мароқли ўтди, – дейди Ҳожиакбар Турғунов. – У бизга туяқуш боқишнинг барча сир-асрорлари ҳақида тушунчалар берди. Тенгдошларим қатори менда ҳам паррандачиликка катта қизиқиш уйғонди. Чунки, қишлоқда тадбиркорликнинг бу турини ташкил қилиш учун барча шароитлар етарли”.
O‘zLiDeP Сирдарё вилоят Кенгаши
матбуот хизмати
Ўхшаш янгиликлар
-
Ёшларнинг молиявий саводхонлиги оширилди
16.03.2024, 14:43
-
Депутат талабаларнинг таълим ва иш билан бандлик йўналишидаги муаммолари билан қизиқди
07.03.2024, 10:48
-
Мактаб битирувчилари ёшлар кичик саноат зонаси фаолияти билан танишди
01.03.2024, 22:10
-
Ёшларнинг сиёсий саводхонлиги оширилмоқда
24.02.2024, 13:33
-
Депутатлар ва партия фаоллари ёшлар ҳузурида
24.02.2024, 13:21
Фикрингизни қолдиринг