Коронaвируснинг олдини олиш учун кўрилаётган чора-тадбирлар етарлими?

30.01.2020, 18:41

Коронaвируснинг олдини олиш учун кўрилаётган чора-тадбирлар етарлими?

Хитойнинг иккита шаҳрини қамраб олган коронавирус эпидемияси ҳозир дунёнинг бир неча мамлакатлари бўйлаб тарқалиб улгурди. Янги коронавирус билан касалланганларнинг расмий сони 6053 тага етди, деб хабар бермоқда “South China Morning Post” Хитой тиббиёт идоралари маълумотларига таяниб. Бу 2003 йилда Хитойда қайд этилган САРС вируси билан касалланганлар сонидан кўпдир. Ўшанда тўққиз ой ичида 5327 киши касал бўлган эди.

Шу билан бирга, нашр Хитойнинг Хубей провинсиясидан ташқарида олти киши вафот этганлигини маълум қилди. Ўлганларнинг аксарияти ёши ўтган кекса одамлар бўлиб, уларда бундан олдин ҳам соғлиғи билан боғлиқ муаммолар бўлган, дейишмоқда Хитой расмийлари.

Хитойлик шифокорлар келгуси 10 кун ичида вирус тарқалишининг энг юқори чўққисига чиқишини тахмин қилишмоқда. Хитойдан ташқари, касалликни одамдан одамга юқтириш ҳолатлари бошқа бир қатор мамлакатларда, жумладан, АҚШ, Франция, Германия, Австралия, Япония, БАА ва Жанубий Кореяда қайд этилган.

Хитой ҳукумати қўлидан келган барча чораларни қўллашига қарамасдан, ушбу вируснинг ҳали ҳам давоси топилмаётгани ва шиддат билан тарқалаётгани бутун дунёда хавотирлар уйғотишни бошлади. Ҳаттоки бугунги кунга келиб кўплаб давлатлар Хитойдан келаётган маҳсулотларни қабул қилишни вақтинча тўхтатмоқда. Хитой билан чегарадош мамлакатлар эса ўз чегарасини ёпмоқда.

Таъкидлаш керак, коронавирус бўйича юзага келган мураккаб эпидемик вазият дунё миқёсида хавотирли тус олмоқда. Шу сабабли ушбу эпидемик вазиятга қарши юртимизда барча зарур чоралар кўрилмоқда. Хусусан, ҳаво, автомобиль ва темир йўл транспорти объектларида санитария-эпидемиология ва миграция назорати кучайтирилмоқда. Хитойдан қайтаётган фуқароларга тиббий назорат ўрнатилган.

 Аммо бу борада олиб борилаётган ишлар, кўрилаётган чора-тадбирлар етарлимикан? Бу вируснинг қанчалик хавфли эканини фуқароларимизга тушунтира олдикми? Бугун Соғлиқни сақлаш ва Фавқулотда вазиятлар вазирликлари томонидан бу борада қандай ишлар амалга оширилмоқда?

fergana.ru сайтининг хабар беришича, қўшни Қозоғистон давлати вирус билан касалланганлар учун олдиндан 5 минг ўрин ҳамда 4 миллионга яқин қўшимча тиббиёт ниқобларини тайёрлаш, беморларнинг тана ҳароратини уларга тегмасдан ўлчашга 33 та масофавий термометрлар, юқумли касалликларга чалинганларни ташиш учун 30 та капсулалар ва бошқа зарур жиҳозларни сотиб олиш чораларини кўрмоқда.

Шундай экан, юртимиз ҳудудига коронавирус инфекциясининг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш борасида тегишли ташкилотлар томонидан барча зарур чора-тадбирларни кўриш керак. Энг аввало, Хитой Халқ Республикасидаги фуқароларимизнинг хавфсизлигини таъминлаш, уларни ватанимизга қайтариш чораларини кўриш, тиббиёт муассасаларида эса ушбу касалликларни барвақт аниқлаш ва даволаш учун зарур шарт-шароитларни яратиш лозим.

 Алишер РАҲМОНОВ,

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши

Ижроия қўмитаси

етакчи консультанти

  • Кўрилди
    542
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+