O‘zLiDeP раҳбари Қарши давлат университети талабалари билан мулоқот қилди

01.02.2020, 13:03

O‘zLiDeP  раҳбари  Қарши давлат университети талабалари билан мулоқот қилди

Қарши Давлат университетида O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси ва партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси раҳбари Актам Хаитовнинг талаба ёшлар билан учрашуви бўлиб ўтди. Партия етакчиси Президентимизнинг Парламентга Мурожаатномасининг мазмун - моҳияти, белгилаб берилган устувор вазифалар ҳамда уларни амалга ошириш борасида қилиниши лозим бўлган чора-тадбирлар юзасидан батафсил сўзлади.

- Мурожаатномада таъкидлаганидек, маънавий ва жисмоний баркамол авлодни вояга етказиш бугуннинг долзарб вазифа бўлиб турибди, - деди А. Хаитов. - Бунинг учун давлат сиёсатини янада ривожлантириш, мактаб битирувчиларини олий таълим билан қамраб олиш даражасини жорий йилда 25, кейинги йилларда 50-60 фоизга етказиш, давлат грантларини 2 бараварга кўпайтириш борасида амалий ишлар қилинади. Ёшларнинг илмий салоҳиятини рўёбга чиқаришга кўмаклашиш мақсадида илм-фан соҳасида фундаментал ва инновацион тадқиқотлар учун мақсадли грант маблағларини ажратиш механизми тубдан яхшиланади. Она тили бўйича билимни баҳолашнинг миллий тест тизимининг яратилиши ва “Рақамли Ўзбекистон-2030” дастурининг амалга оширилиши келажагимиз эгаларининг истиқболи йўлидаги эзгу ишлардандир. Шуни унутмаслик керакки, амалий натижа билан мустаҳкамланган ислоҳотнигина одамлар қалбан ҳис этади, эртанги кунга ишонч билан қарайдиган бўлади.

Таъкидландики, кадрлар малакасини халқаро меҳнат бозори талабларига мослаштириш мақсадида миллий малака тизимининг яратилиши хорижда меҳнат қилиш учун чиқиб кетаётган ёшларга касб-ҳунар ва тил ўргатиш борасида яқин кўмакдош бўлади. 

Учрашувда сўзга чиққан талабалар O‘zLiDePнинг дастурий мақсадларини қўллаб - қувватлашларини, университетни битиргач, ўз тадбиркорликларини йўлга қўймоқчи эканликлари, бу борада партиявий лойиҳалар яқиндан ёрдам бераётганлигини таъкидлашди. Шунингдек, ёшлар фаолиятни ривожлантириш учун ер майдонлари ажратилиши учун зарур бўлган ҳужжатларни сонини камайтириш, иқтидорли йигит-қизларни халқаро фан олимпиадалари ва нуфузли спорт мусобақаларига қатнашишлари учун молиявий қўллаб-қувватлашни кучайтириш, ёшлар учун ўйингоҳ, бассейн, китоб дўконлари қураётган ёшларга банклардан кўпроқ имтиёзли кредитлар ажратиш каби амалий таклифларни ўртага ташладилар.

Йиғилиш сўнгида ўқишда ва жамоат ишларида фаоллик кўрсатиб келаётган бир гуруҳ талаба ёшларга китоблар жамланмаси ва партиянинг эсдалик совғалари топширилди.

Сайфулла ИКРОМОВ,

“ХХI asr” мухбири

  • Кўрилди
    1315
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+