Давлатимиз раҳбари аниқ режаларни алоҳида белгилаб берди

03.02.2020, 12:18

Давлатимиз раҳбари  аниқ режаларни алоҳида белгилаб берди

Хабарингиз бор, жорий йилнинг 24 январь куни барчамиз мамлакатимиз тараққиётидаги муҳим воқеага гувоҳ бўлдик. Конституциямизнинг 93-моддаси 7-бандига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президенти муҳтарам Шавкат Миромонович Мирзиёев мамлакат тарихида учинчи маротаба Олий Мажлис палаталарига аниқ устувор мақсадларни қамраб олган Мурожаатнома йўллади. Мурожаатнома  доирасида халқимизнинг эҳтиёжлари ва орзу умидлари,  амалга оширилаётган  ислоҳотлардаги кескин муаммолар ҳамда  ушбу  йилда уларни ҳал қилишга оид аниқ режалар  белгиланди.

Навбатдаги  Мурожаатнома  ижтимоий-сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий аҳамиятга молик қатор долзарб  масалаларни ўз ичига  олади.  Биз мамлакатимиздаги етакчи сиёсий партия сифатида, қолаверса, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш бўйича  тўла жавобгарликни олган сиёсий куч сифатида ўзимизнинг барча  имкониятларимизни  Юртбошимиз томонидан мазкур  Мурожаатномада белгилаб берилган  мақсадларга  эришиш йўлида фаол  ва  самарали иштирок этиш учун  тўла сафарбар этмоғимиз лозим.

 Олимизда турган устувор вазифалардан бири халқни,  давлат органлари,  фуқаролик жамияти институтлари ва бизнес ҳамжамиятлари Мурожаатномадаги  ғоялар атрофига  бирлаштириш,  жамият ва давлат ҳаётидаги барча соҳаларда демократлаштириш  жараёнини   давом эттиришдир. Тарихий Мурожаатномада айтилган ва партиямиз платформасининг мазмунини  ифодлайдиган  “демократик  ислоҳотлар – бизнинг  ягона  ва энг ишончли йўлимиздир” деган сўзлари  партиямизнинг  муҳим шиорига айланди.

Президентимизнинг Олий Мажлис палаталарига тақдим этган навбатдаги тарихий Мурожаатномасининг қуйидаги ўзига хос хусусиятлари ҳақида қисқача тўхталиб ўтсам.  

Биринчидан, 2020 йил  мамлакатимизда “Илм-маърифат  ва рақамли  иқтисодиётни ривожлантириш йили” деб эълон  қилинди ва шу билан илмий ва технологик  тараққиётнинг муҳимлиги, ҳар биримизнинг  рақамли  билимлар ва ахборот технологияларни чуқур ўзлаштиришимиз зарурлигига алоҳида урғу берилди. Партияда тўпланган тажрибадан келиб чиқиб шуни  айта оламизки, ижтимоий тармоқлар ва Интернетдаги оммавий сайтларда партия тарғиботи имкониятларидан фойдаланиш ўтган парламент сайловларида ўз самарасини берди. Шу боис, O‘zLiDeP ўз фаолиятида ушбу йўналишни тубдан ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратади. Чунки келажагимиз айнан ана шу соҳа ривожи билан бевосита боғлиқ.

Иккинчидан, “рақамли  иқитисодиёт”ни шакллантириш бўйича  улкан  вазифалар  маълум қилинди. Бу кўплаб саъй-ҳаракатларни бирлаштиришни талаб  қилади,  чунки бунинг учун тегишли инфратузилма, маблағ ва меҳнат ресурслари зарур. Ҳақиқатан ҳам  гап  узоқ муддатда  “тўртинчи саноат инқилоби” арафасида Ўзбекистоннинг рақобатбардошлигини таъминлаш  ҳақида бормоқда. Истиқболли, стратегик қарашларга эга бўлган Юртбошимиз Ўзбекистонни  инновацион тараққиётга, “рақамли иқтисодиёт” ва “ахборий жамият”ни шакллантириш сари йўналтирмоқда. Биз ишонамизки, ҳар биримизнинг манфаатимиз учун рақамли технологияларни жорий этиш  барча соҳаларни ривожлантиришга ва инсонлар ҳаётини тубдан яхшилашга хизмат қилади.

Бундан ташқари, рақамли технологиялар давлатимиз раҳбари энг жиддий муаммо сифатида дард ва алам билан тилга олган  коррупцияга қарши курашда самарали восита ҳисобланади. Коррупцияга қарши курашда  аҳолининг барча қатламлари, экспертлар, мутахассислар, олимларни жалб қилиш лозим. Бизнинг партиямиз “ҳалоллик вакцинаси” ни сингдиришга тайёр, биз O‘zLiDePда коррупциянинг барча кўринишларига нисбатан “муросасизлик (қатъийлик) муҳити”ни  яратамиз.

Биз  коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини ошириш бўйича  муҳим вазифа сифатида сиёсий арбоблар ва давлат хизматчиларининг маблағлари ва молк-мулклари ҳақидаги маълумотларни очиқлаштириш ва декларация қилишнинг янги тизимини жорий қилиш, давлат харидларини амалга оширишда манфаатлар тўқнашувини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш механизмларини кучайтириш мақсадида “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонунни, электрон харидлар тизимини такомиллаштириш каби масалаларини кўриб чиқаяпмиз. Айни дамда, биз коррупцияга қарши кураш бўйича ягона  органни ташкил қилиш ғоясини тўла қўллаб-қувватлаймиз.

 Амалга оширилаётган ислоҳотларга жиддий тўсиқ бўлаётган яна бир муаммо – “хуфёна иқтисодиёт”дир. O‘zLiDeP бу борада соғлом рақобатни  шакллантириш ва Ўзбекистонда  қулай инвестициявий  муҳитни яратиш тарафдоридир.

Биз  бозор рельслари ва механизмларига ўтиш “хуфёна иқтисодиёт”га қарши курашишнинг самарали  усулларидан бири деб ҳисоблаймиз. Масалан, фермер ва деҳқонларнинг манфаатдорлигини ошириш учун қишлоқ хўжалигига бозор механизмларини  жорий этиш муҳим аҳамиятга эгадир. Бу  борада  Президентимизнинг  пахта ва буғдой етиштиришда  давлат хариди амалиётини босқичма-босқич  бекор қилиш тўғрисидаги гаплари н айниқса фермерларни руҳлантириб юборди.

Учинчидан, O‘zLiDeP, Олий Мажлис  Қонунчилик  палатасидаги  партия фракцияси давлатимиз раҳбарининг Мурожаатини ўзининг қонун ижодкорлиги ва назорат-таҳлил фаолиятининг муҳим йўналиши  деб  қарайди.

Хусусан, партия фракцияси ўзининг  сиёсий платформасидан ҳамда Юртбошимиз Мурожаатидаги вазифалардан келиб чиқиб, экспортни ривожлантириш, Маҳаллий кенгашларга бўладиган сайловларнинг уч босқичли тизимини оптималлаштириш, тадбиркорлик фаолиятини либераллаштириш учун  лицензия бериш тизимини ўзгартиришга хизмат қиладиган  қатор  қонунларни яратиш каби қонун ижодкорлиги фаолиятига дарҳол киришади.

Таълим, соғлиқни сақлаш ва қурилиш соҳаларини молиялаштиришнинг самарадорлиги, ташкил этилаётган Экспортни қўллаб-қувватлаш фонди ва Экспорт-кредит агентлиги фаолияти, Ҳукуматимиз томонидан маҳсулотларни  халқаро  талабларга мувофиқ стандартларини ишлаб чиқиш ва маркировкалашнинг  қабул қилиниши каби  партия  электорати учун  муҳим масалалар парламентнинг  жиддий назорати остида бўлади.

Тўртинчидан, O‘zLiDeP, унинг  бутун депутатлик корпуси олдида  ҳам ўз сайловчилари, умуман аҳоли билан олиб бориладиган иш самарадорлигини жиддий равишда ошириш вазифаси турибди. Биз ҳар бир депутатимизни тегишли Халқ қабулхонаси билан  доимий равишда ва  изчил асосда бирга ишлаши учун унга  бириктиришни режалаштираяпмиз. Бу бир томондан, партиямизга инсонларнинг энг муҳим муаммоларини  ҳал этишда фаол иштирок  этиш, бошқа томондан  халқимиз ишончини оқлаган ва  унинг ҳурматига сазовор бўлган ҳолда ўзининг сайловолди  ваъдаларини  бажариш имконини  беради.

Бешинчидан, давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон Республикаси  Жамоатчилик палатасини ташкил этиш тўғрисидаги ташаббуси ҳам O‘zLiDeP учун алоҳида аҳамиятга эгадир. Бизнингча ушбу палата  шубҳасиз жамоатчилик назоратини кучайтиради. Мазкур механизм  мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётидаги  муҳим масалалар бўйича  қарорлар  қабул  қилишда жамоатчилик билан маслаҳатлар ўтказиш механизмини мустаҳкамлайди. Бизнинг фикримизча, сиёсий партиялар  вакиллари  Жамоатчилик палатаси ишининг самарадорлигини оширишга ўз ҳиссаларини  қўшишлари лозим.

Умуман олганда,  Мурожаатномада алоҳида таъкидланганидек, 2019 йилда  “Янги Ўзбекистон – янги сайловлар” шиори остида ўтказилган  сайловлар туфайли мамлакатимизда мутлақо очиқ, шаффоф демократик вазият шаклланди. Шу боис партияларнинг  сиёсий  фаоллигини  ошириш  муҳим вазифа ҳисобланади ва шундай бўлиб қолади ҳам. Бу ҳар бир  партия фаоли, ҳар бир депутатимизнинг сайловлардаги ғалабадан кейин янада  самарали фаолият юритиш кераклигини англатади. Мақсадимиз – барча Сайловолди ваъдаларимизни сидқидилдан бажариш, бу орқали халқимиз ҳаёт  даражасини  юксалтиришга муносиб ҳисса қўшишдир.  Ана шу мақсадда  масъул  идоралар билан ҳамкорликда  сайловолди  учрашувлар чоғида  аҳоли томонидан кўтарилган  долзарб масалаларни ҳал этиш бўйича аниқ  дастурлар ва “йўл хариталари” ишлаб чиқилди ва амалга оширилиши бошланди.

Актам ХАИТОВ,

Ўзбекистон Республикаси

Олий Мажлиси Қонунчилик

палатасидаги O‘zLiDeP

фракцияси раҳбари

  • Кўрилди
    803
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+