Сирдарёлик ёшлар “TEXTILE FASHION” МЧЖ фаолияти билан танишди

03.02.2020, 18:29

Сирдарёлик ёшлар “TEXTILE FASHION” МЧЖ фаолияти билан танишди

O‘zLiDeP Сирдарё вилоят Кенгаши ҳамда “Ёшлар – келажагимиз” жамғармаси Ховос тумани филиали ҳамкорлигида ёшлар учун “TEXTILE FASHION” МЧЖга саёҳат уюштирилди.

Маълум бўлишича, бугунги кунда мазкур корхонада 200 нафардан ортиқ хотин-қиз меҳнат қилмоқда. Бу ерда ишлаб чиқарилаётган 30 турдан зиёд маҳсулотлар нафақат ички бозорда, балки Италия, Туркия давлатларига ҳам экспорт қилинмоқда.

“Корхонамизда асосан кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож, боқувчисини йўқотган аҳоли қатлами жалб қилинган, – дейди “TEXTILE FASHION” МЧЖ иш бошқарувчиси Эркин Мавлонқулов. –Ишчи-ходимларимиз Ховос туманининг энг чекка ҳудудларидан, Карвонсарой, Мичурин, Фарҳод-5 ва Янгиер шаҳридан келишади. Уларни ишга келиб-кетишлари учун махсус микроавтобуслар ажратилган”.

Ташриф давомида ёшлар корхона фаолияти, ишлаб чиқариш жараёни, бу ерда ишчи-хизматчилар учун яратилган шароитлар билан яқиндан танишди.

“Мактабни тамомлагач ушбу корхонада иш бошладим. Тўғриси, бу ерда ишлаш менга жуда ёқади, – дейди Д.Қўчқорова. – Боиси корхонада самарали фаолият юритишимиз учун барча қулайликлар яратилган. Тикув цехимиздан тортиб ошхонамизгача замонавий асбоб ускуналар ўрнатилган”.

Азиза Атабаеванинг эса бу жамоага келиб қўшилганига атиги бир ҳафта бўлибди. Тикувчилик сир-асрорларини пухта биладиган бу қиз жамоага тезда кўникиб кетди. Дастлабки кунларданоқ ўз ишининг устаси эканлигини намоён этиб илғорлар сафидан жой олди.

Мазкур жамоа томонидан тикилаётган замонавий дизайндаги бежирим кичкинтойлар ва катталар либосларига талаб тобора ортиб бормоқда. Тикувчилар келгусида ўз маҳсулотларини бутун Европа бозорларига олиб чиқиш ниятидалар.

Масъулияти чекланган жамияти фаолияти ва тикувчи қизлар томонидан тикилаётган либослар корхонада экскурсияда бўлган қизларда катта ҳавас ҳамда иштиёқ уйғотди. Жамият иш бошқарувчиси Эркин Мавлонқулов ёшлар томонидан берилган барча саволларга жавоб берди. Ҳамда кимда корхонада ишлаш иштиёқи бўлса ҳозирнинг ўзидаёқ шартнома тузишга тайёр эканлигини билдирди.

Ҳаёт қайнаб турган, ҳар дақиқасини ғанимат билиб шижоат билан меҳнат қилаётган “TEXTILE FASHION” чеварлари ҳузуридан ёшлар бир олам таассурот билан чиқишди.

 

Дилором  ЭСОНОВА,

O‘zLiDeP Сирдарё  

вилоят Кенгаши

матбуот котиби

  • Кўрилди
    250
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+