Депутат қабулхонаси (+видео)

05.02.2020, 11:26

Депутат қабулхонаси (+видео)

Одамлар депутатни излаб юриши керак эмас

Давлатимиз раҳбари Олий Мажлисга қилган Мурожаатномасида таъкидлаганидек, депутат халқнинг орасида юриб, аҳоли билан доимий мулоқот қилиб, уларни қийнаётган муаммоларга ечим излашга астойдил киришсагина одамларнинг меҳрини, ишончини қозона олиши мумкин.

Дарвоқе, янгича қонун-қоидалар асосида ўтказилган сайловлардан сўнг, халқ вакилларидан кўплаб амалий ишлар кутилаётган бир пайтда айтилган бу фикрлар жуда ўринли. Бироқ ҳолва деган билан оғиз чучимайди. Худди шундай “ундай қилишимиз керак, бундай қилишимиз керак экан”, тарзидаги гаплар билан амалий ишга ўтилмаса, аҳвол ўзгармайди. Шунинг учун ҳам отни вақтида қамчилаш керак.

Халқ депутатлари Термиз шаҳар Кенгаши депутати Геннадий Кравченя гап билгунча, иш бил, деган ақидага амал қиладиганлардан чиқди. Ёш депутат ўзи сайланган ҳудуд, яъни “Наврўз” маҳалласи биносида депутат қабулхонаси фаолиятини йўлга қўйди. Унга ўз сайловчиларини доимий қабул қилиши, уларнинг муаммоларига ечим топиши учун маҳалла биносидан алоҳида хона ажратилди.

— Одамлар депутатни излаб юриши керак эмас, — дейди Геннадий Кравченя. — Шу боис, улар билан доимий алоқада бўлиш, уларни тинглай билиш лозим. Бундай алоқа ўрнатиш учун эса ҳудудда депутат қабулхонасини ташкил этиш яхши натижа беради, деб ҳисоблайман. Айни пайтда “Наврўз” маҳалласи биносидан ажратилган хонада доимий равишда мен ёки менинг вакилим мурожаатларни қабул қилиб борамиз. Келиб тушган мурожаатларнинг тегишли муддатларда амалий ечим топиши учун ҳаракат қиламиз. 

Хўш, сайловларда етакчиликни қўлга киритган Ўзбекистон Либерал-демократик партияси вилоят Кенгаши вакиллари бу борада қандай ишларни амалга оширмоқда?

— Айтиш керакки, бугунги кунда Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Халқ депутатлари вилоят Кенгашига 27 нафар, туман ҳамда шаҳар Кенгашларига 152 нафар, Олий Мажлис Қонунчилик палатасига 4 нафар депутатимиз сайланди, — дейди партиянинг вилоят Кенгаши раиси Алишер Рўзиев. — Бу халқнинг уларга билдирган юксак ишончи. Уни оқлаш учун эса энг аввало, мурожаатлар билан ишлаш тизимимизни ўзгартиришга киришдик. Барча сайлов округларида депутатларнинг қабул кунларини аниқ белгилаб, маҳалла идораларида осиб қўйиш, келган мурожаатлар юзасидан депутатлик сўровларини юбориш, сўровларга ўз вақтида жавоб берилмаган тақдирда қонунда кўрсатилган қатъий чораларни қўллаш каби вазифаларни белгилаб олдик.

Бундан бир йил олдин матбуот нашрларидан бирида “Депутат қидирилмоқда!” сарлавҳали мақолага кўзим тушганди. Унда 4 йил ўтса-да ўзларининг вакилини танимаган, йўқлаб ҳам топиша олмаган бир депутатнинг фаолияти танқид қилинганди. Аммо бугунги ҳаракатлар мана шундай ҳолатларнинг олдини олиш учун қилинаётганини кўриб, бироз қувондим. Бироқ ҳали олдимизда беш йил бор. Ушбу вақт давомида бирор бир жўяли натижага эришиш учун вакилларимизнинг фаолиятини кузатиб кузатишда давом этамиз.

Феруза РАҲМОНҚУЛОВА,

O‘zLiDeP Сурхондарё вилоят кенгаши

матбуот котиби

  • Кўрилди
    404
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+