Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Батирбек Тўразода боғотлик фуқаролар билан мулоқот қилди

07.02.2020, 16:02

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Батирбек Тўразода боғотлик фуқаролар билан мулоқот қилди

118-Боғот сайлов округидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайланган депутат, O‘zLiDeP фракцияси аъзоси Батирбек Тўразода боғотлик ёшлар билан учрашди.

Хоразм вилояти ҳокими ўринбосари Ш.Тўлаганов, Боғот тумани ҳокими О.Холбоев ҳамда маҳаллий кенгаш депутатлари иштирокида бўлиб ўтган учрашувда Президентимизнинг Олий Мажлисга йўллаган мурожаатномаси мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида сўз юритилди.

“Давлатимиз раҳбарининг парламентга Мурожаатномасини халқимиз, айниқса, ёшлар катта қизиқиш ва ҳаяжон билан кутиб олди. Боиси Мурожаатномада ёшлар билан ишлаш устувор вазифалардан экани таъкидланди. Олий таълим қамровини ошириш, давлат грантларини икки бароварга кўпайтириш, қизларимиз учун алоҳида грантлар ажратиш каби устувор вазифаларга алоҳида эътибор қаратилди. Шундан келиб чиққан ҳолда O‘zLiDeP фракцияси аъзолари ҳам ўз олдига аниқ мақсад ва вазифаларни белгилаб олди”, – дейди  Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Б.Тўразода.

Учрашув давомида ёшларни қийнаб келаётган кўплаб муаммолар тингланди, уларни ҳал этиш чоралари кўрилди. Ўз бизнесини бошлаш истагида юрган ёшларга имтиёзли кредитлар, ер майдонлари ажратишда учраётган тўсиқларни тегишли ташкилотлар ҳамкорлигида бартараф этишга келишиб олинди. 

Шу куни халқ вакили, O‘zLiDeP фракцияси аъзоси Батирбек Тўразода Боғот туманидаги “Xorazmtex” МЧЖда бўлиб, корхона фаолияти билан яқиндан танишди.

Маълум бўлишича, ушбу корхона асосан ип-калава ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Бу ерда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар  Россия, Туркия, Хитой давлатларига экспорт қилинмоқда.

Учрашув давомида депутат маҳсулотларни йирик хорижий савдо бозорларига чиқариш, экспорт салоҳиятини юксалтириш, маҳсулотлар сифати ва хавфсизлигига бўлган ишончни оширишга алоҳида эътибор қаратиш лозимлигини таъкидлади. Унинг айтишича, кластерлар ишлаб чиқариш ва саноатни комплекс тарзда ривожлантириш, бирламчи хомашёни тайёр маҳсулотга айлантиришда муҳим ўрин тутади.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Батирбек Тўразоданинг аҳоли билан учрашувлари давом этмоқда.  

  • Кўрилди
    770
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+