O‘zLiDeP депутатлари наманганлик фермерларнинг муаммоларини ўрганди (+видео, фото)

08.02.2020, 17:16

O‘zLiDeP депутатлари наманганлик фермерларнинг муаммоларини ўрганди (+видео, фото)

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси, O‘zLiDeP фракцияси аъзолари Уйчи туманидаги ”Селекцияуруғчилик” марказида наманганлик фермерлар билан учрашди.

Тадбирда парламент вакиллари Президентимизнинг Олий Мажлисга йўллаган мурожаатномасининг мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида сўз юритишди.

Чиндан ҳам, қишлоқ хўжалиги иқтисодиётимиз ривожини, аҳоли бандлиги ва даромадлари ўсишини таъминлайдиган энг муҳим соҳалардан биридир.

Учрашувда таъкидланганидек, мурожаатномада қишлоқ хўжалигида бозор механизмларини кенг жорий қилиш, фермер ва деҳқонлар манфаатдорлигини ошириш, маҳсулотларини эса бозор тамойиллари асосида харид қилиш тизимига ҳамда аграр тармоқда фермерлик ҳаракатини қўллаб-қувватлаш билан бирга, пахта ва ғалла етиштиришни кластер шаклига босқичма-босқич ўтказиш масалалари алоҳида эътибор қаратилган.

- Мен ўзим ҳам кўп йиллар мобайнида фермер сифатида фаолият юритганман, бу соҳанинг ўзига хос машаққатлари ва қийинчиликларидан хабардорман. Бугунги мулоқотда фермерларнинг дардига қулоқ тутдик, уларнинг таклиф ва мурожаатларини тингладик, - дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, O‘zLiDeP фракцияси аъзоси Барно Мирзамова. – Мақсадимиз, аграр соҳа вакиллари фаолиятига янада қулайлик ва эркинлик яратиш, уларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш ва қишлоқ хўжалигига оид мавжуд қонун-қоидаларни янада такомиллаштиришдан иборат. 

Тадбир давомида фермерлар ўзларини қийнаётган муаммоли масалалар борасида ҳам депутатларга мурожаат қилишди.

Маълум бўлишича, кластер тизимидаги иқтисодий муносабатлар фермерларнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлмоқда. Масалага ойдинлик киритиш мақсадида Уйчи туманидаги “Шодиябону нур файз” фермер хўжалиги асосчиси дардига қулоқ тутдик.

- Кластер ўтган йили фермер хўжалигимизни минерал ўғитлар, ёқилғи ва ойлик-маош билан етарлича таъминлади. Бунинг эвазига чиндан ҳам хосилимиз мўл бўлди. Аммо пахтамиз арзон нархда бахоланди, яъни тан нарх 5320 минг сўм бўлган бўлсада, 4620 минг сўм қилиб ҳарид баҳоси белгиланди.  Бунинг оқибатида ҳар тоннадан 600 минг сўмдан зиён кўрдик. Пахта ҳарид нархи адолатли белгиланса, биз фермерларнинг ҳам меҳнатимиз қадр топган бўлар эди.

Мазкур кўтарилган масалалар депутатлар томонидан назоратга олинди ҳамда келгусида фракция ва қўмита йиғилишларида атрофлича ўрганиш белгилаб олинди.

Юлдуз ЮЛДАШЕВА,

O‘zLiDeP Наманган вилоят Кенгаши

 матбуот котиби

  • Кўрилди
    1244
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+