O‘zLiDeP “Аёллар қаноти” ҳудудлардаги ижтимоий муаммоларни ҳал этишга қаратилган мулоқотлар ўтказмоқда

10.02.2020, 15:46

O‘zLiDeP “Аёллар қаноти” ҳудудлардаги ижтимоий муаммоларни ҳал этишга қаратилган мулоқотлар ўтказмоқда

Сергели туман ҳокимлигида O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси “Аёллар қаноти” ва партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси томонидан Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси мазмун-моҳиятини хотин-қизларга тушунтириш ва унда белгилаб берилган устувор вазифалар ижросини таъмишлаш масалаларига бағишланган амалий мулоқот ташкил этилди.

Тадбирда партиянинг Тошкент шаҳар, туман кенгашлари вакиллари, маҳаллий кенгаш депутатлари, туман ҳокимлиги, тадбиркор, ишбилармон хотин-қизлар, аҳоли вакиллари иштирок этишди.

Мулоқотда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракцияси раҳбари Актам Хаитов иштирок этиб, Мурожаатномада барча соҳалар қатори ижтимоий соҳани янада ривожлантириш, хусусан халқимиз учун фаровон ва муносиб турмуш шароитини яратиб бериш, ҳудудлардаги ижтимоий муаммоларни ҳал этишга, айниқса, ёшлар ва аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлашга устувор аҳамият қаратилиши борасида аниқ вазифалар белгилаб берилганини таъкидлади.

Қайд этилганидек, юртимизда кам таъминланган, етарли даромад манбаига эга бўлмаган аҳоли қатламлари ҳам мавжуд бўлиб, уларнинг даромадларини оширишда аҳоли ўртасида замонавий ишбилармонлик ва бизнес кўникмаларини шакллантириш орқалигина юксак мақсадларга эришиш мумкин. 

Шуларни ҳисобга олган ҳолда жорий йилда ҳудудлардаги ижтимоий муаммоларни ҳал этишга, айниқса, ёшлар ва аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлашга устувор аҳамият қаратилади, микромолия хизматлари ва молиявий ресурсларга, давлат харидларига кенг йўл очиб берилади. Бундай чоралар орқали одамларимизда тадбиркор бўлишга иштиёқ ва ишонч ортади, улар кўпроқ даромад олишга интиладиган бўлади. Шунингдек, меҳнат бозорида тенг рақобатлаша олмайдиган, ижтимоий ҳимояга муҳтож, ишсиз фуқаролар билан тизимли иш олиб бориб, уларни касбга қайта тайёрлаш орқали муносиб иш жойи билан таъминлаш кўзда тутилмоқда. Ушбу мақсадлар учун 700 миллион доллар жалб қилинадиган бўлди. Бундан ташқари 5,5 минг нафар хотин-қизнинг кичик бизнес йўналишидаги лойиҳаларига 100 миллиард сўм миқдорида имтиёзли кредит ажратилади, 1 минг 576 нафар хотин-қизга янги уй-жойларга эга бўлиши учун бюджет ҳисобидан бошланғич бадал тўлаб берилади. Бу эса мамлакатимизда хотин-қизларга қаратилаётган юксак эътиборнинг наъмунасидир.

- Мурожаатномада белгилаб берилган бу каби вазифалар ижросини таъминлашда партия “Аёллар қаноти” олдида ҳам катта масъулият юклайди, - дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, O‘zLiDeP фракцияси аъзоси Мавлуда Хўжаева. - Партия хотин-қизларни, уйда ўтирган аёлларни, ёшларни тадбиркорлик фаолиятларини бошлашларига яқиндан кўмаклашиш, имтиёзлар бериш ва шу орқали минг-минглаб янги иш ўринларини яратишни мақсад қилган. Шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож опа-сингилларимизни Хотин-қизлар тадбиркорлик марказларида 5 та муҳим ташаббус доирасида қисқа ўқув курсларида ўқитиш йўлга қўйилади. Бу саъй-ҳаракатларни амалга оширишда партия тажрибали тадбиркорлар, ишбилармонлар, фермерлар ёрдамига таянган ҳолда амалга оширади.

Очиқ мулоқотда партия ва унинг Қонунчилик палатасидаги фракцияси Мурожаатномада қайд этилган ижтимоий тадбиркорлик асослари ва уни рағбатлантириш чоралари тўғрисида тегишли қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда фаоллик кўрсатиши, ушбу қонун лойиҳасини аҳоли кенг қатламлари орасида муҳокама қилган ҳолда аниқ таклифлар олиш лозимлиги таъкидланди.

Тадбирда иштирок этган тадбиркорлар, ишбилармонлар, аҳоли вакиллари депутатлар билан мулоқотда бўлиб, тадбиркорликларини бошлаши учун ер олиш, кредит ажратиш, ўқув курслари ташкил қилиш, ишга жойлашиш каби тадбиркорлик фаолиятига оид қатор таклифлари, фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтишди.

Мулоқот доирасида Сергели туманида фаолият юритаётган ишбилармон хотин-қизларнинг маҳсулотлар кўргазмаси ҳам ташкил этилди. Тадбирнинг натижадорлигини ошириш мақсадида пойтахтлик тадбиркорлар томонидан бўш иш ўринлари ярмаркаси ташкил этилиб, тумандаги ишсиз хотин-қизларнинг 30 нафари ўзлари қизиққан йўналишлари бўйича ишга жойлашди.

Мухтасар айтганда, давлатимиз раҳбарининг Мурожаатномасида белгилаб берилган устувор вазифаларни сидқидилдан амалга ошириш, энг чекка ҳудудларгача кириб бориб, хотин-қизларга ишбилармонлик, тадбиркорлик муҳитини шакллантириш, даромадларини янада ошириш ва бу орқали минг-минглаб аҳолининг иш билан бандлигини таъминлаш энг олий мақсадлардан бири саналади. Партия ана шу мақсадлар йўлида ўзининг бор куч ва имкониятини тўлиқ сафарбар этади.

O‘zLiDeP  матбуот хизмати

  • Кўрилди
    250
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+