Депутатлар ўз мақомига муносиб бўлишга уринишяпти?

10.02.2020, 17:16

Депутатлар ўз мақомига муносиб бўлишга уринишяпти?

Халқда ажойиб нақл бор, “Ишим битди, эшагим сувдан ўтди” деган. Бу нақл одатда дастлаб, ишини битказиш учун қоп-қоп ваъдаларни бериб, сўнг қорасини ҳам кўрсатмайдиганларга нисбатан ишлатилади. Сайловлар пайтида ҳам танлаган номзодимизга овоз бераётиб, сайловдан кейин ишонч билдирган вакилимиз юқоридаги нақлда айтилганидек иш юритишмаслигига умид боғлагандик. Шукрки, ҳарҳолда бугун депутатларимиз халқнинг олдига боришаяпти, озми, кўпми, уларнинг муаммоларини ҳал қилишга бел боғлашаяпти.

Мисол учун, Денов туманидаги “Хўжахалқи” маҳалласи ҳудудидаги ички кўчалар носозлиги ҳақида маҳалла фуқаролари O‘zLiDePдан туман Кенгаши депутатлигига сайланган Онар Ниязовга мурожаат қилишганди. Депутат дарҳол бу муаммога чора топишга киришди ва 6 февраль куни маҳалланинг айрим ички йўлларига тош тўкилиб, кўчалар текисланди. Яна 2 километр ички йўлларни тошлаш ва текислаш ишлари ҳозирда давом этмоқда.  

Ўзбекистон либерал-демократик партиясидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига сайланган депутатларимиз ҳам айни пайтда ҳудудларда аҳоли билан учрашувлар ўтказишаяпти. Жумладан, 79-Жарқўрғон сайлов округидан сайланган Қонунчилик палатаси депутати Фахриддин Саматов Жарқўрғон туманида туман ҳокими ўринбосари А.Ражабов ҳамда партиянинг Жарқўрғон туман Кенгаши вакиллари билан бирга аҳоли билан учрашув ўтказди. Унда Қонунчилик палатаси депутати Ф.Саматов йиғилганларга билдирилган ишонч учун миннатдорчилик билдириб, Президентимизнинг Олий Мажлисга қилган Мурожаатномаси юзасидан маъруза қилди. Шундан сўнг, аҳолининг мурожаатлари тингланди.

- Маҳалламиздаги электр симлари тортилган симёғочлар яроқсиз ҳолга келиб қолган, — дейди тумандаги “Оби ҳаёт” маҳалласи фуқароси Саховат Мустанова. — Ана шу симёғочларни алмаштириш зарур. Қолаверса, маҳалламизнинг юқори қисмида яшовчи фуқароларнинг фарзандлари 63-умумтаълим мактабига бориш учун ўша ерда жойлашган канал атрофини айланиб, узоқ масофани босиб ўтишади. Уларнинг узоғини яқин қилиш ва канал устига кўприк қуришда амалий ёрдам беришини сўраб, депутатимизга мурожаат қилдик. Бу масала мутасаддилар билан ҳамкорликда ўрганиб чиқилишини айтишди. Биз ҳам бу муаммоларнинг ижобий ечим топишидан умид қиламиз.

Бундан ташқари, “Обод гузар” маҳалласида яшовчи Абдулла Қурбонов хонадонлардаги чироқлар жуда хира эканлиги, яъни ҳудудда электр энергияси жуда паст кучланишда тарқатилиши, бунинг учун трасформаторларни янгилаш кераклиги ҳақида мурожаат қилди. Шунингдек, тумандаги “Дам”, “Янгиобод” каби маҳалла фуқаролари ҳам фуқаролик паспорти олишда, “Занг” канали устидаги эски кўприкни таъмирлашда амалий ёрдам сўрашди. Мурожаатлар юзасидан Қонунчилик палатаси депутати, туман Кенгаши депутатлари ҳамда бошқа мутасадди ташкилотлар раҳбарлари томонидан муаммоларни биргаликда ҳал этилиши учун тегишли чоралар белгилаб олинди.

         O‘zLiDeP Сурхондарё вилоят Кенгаши

 матбуот хизмати

  • Кўрилди
    727
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+