Чорвадорлар давлат томонидан қўллаб-қувватланади

12.02.2020, 17:37

Чорвадорлар давлат томонидан  қўллаб-қувватланади

Бугун озиқ-овқат хавфсизлиги жаҳоннинг деярли барча мамлакатлари учун долзарб масала экани барчага аён. Бу жараёнда аҳолини сифатли гўшт ва сут маҳсулотлари билан таъминлаш борасида Ўзбекистонда амалга оширилаётган чора-тадбирлар ўта аҳамиятли. Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 29 январида эълон қилинган  “Чорвачилик  тармоғини  давлат  томонидан  қўллаб-қувватлашнинг  қўшимча  чора-тадбирлари   тўғрисида”ги қарори бу борадаги саъйи-ҳаракатларнинг янада жадаллашувига хизмат қилади.

Президентимиз шу йилнинг 24 январь куни Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида мазкур йўналишга алоҳида тўхталиб, чорвачилик,  қоракўлчилик, балиқчилик, паррандачилик  каби соҳаларда  наслчиликга  алоҳида  эътибор қаратилиб, уни  давлат  томонидан  қўллаб-қўвватлашнинг  янги механизмлари  татбиқ  эътилишини таъкидлаб ўтган эди. Қабул қилинган қарор эса, Мурожаатномада кўтарилган масаланинг ижросига киришилганидан далолат беради.

Чорвачилик  соҳасида  давлат  ва   хўжалик  бошқарув  органларининг   ҳамкорлигини  таъминлаш,  чорвачилик  ва  наслчилик  соҳасини  давлат  томонидан  қўллаб-қувватлаш,  чорвачилик   маҳсулотларини  қайта  ишлаш  соҳасини  ривожлантириш, чорва  комплексларини  қуриш,  чорвачилик  соҳасини  ривожлантириш  стратегиясини  ишлаб  чиқиш қарорда устувор қилиб белгиланди. Буларнинг барчаси  чорвачилик  билан  шуғулланиб  келган  халқимизни яъни,  чорвадорларимизни  дилида  юрган  орзу-армонлари эди. Қарорда  кўзда  тутилган  ушбу  вазифаларнинг  амалга  оширилиши   нафақат  ушбу  соҳанинг  ривожига, балки бошқа бир қатор ижтимоий масалалар яъни, янги иш ўринларини яратишга ҳам йўл очади. Масалан, Навоий  вилоятининг асосан  чорвачилик  билан  шуғулланадиган  Конимех, Томди, Учқудуқ, Нурота  туманлари   аҳолисининг  асосий  тирикчилик  манбаи чорвачилик эканини ҳисобга олсак, мазкур қарор чекка ҳудудларда ҳам ишлаб чиқаришни ривожлантиришга имкон яратиши янада ойдинлашади.

Узоқ  йиллар  давомида  ушбу  соҳага  етарлича  эътибор берилмай  келгани  сабабли наслчилик  хўжаликларининг тарқаб кетгани, чорва  комплексларининг  йўқ бўлиб кетгани - маҳаллий  аҳолини   тирикчилик  манбаидан ажралиши, ишсизликнинг юзага келишига олиб келди. Давлатимиз раҳбарининг “Камбағалликни камайтириш – бу аҳолида  тадбиркорлик  руҳини  уйғотиш” деган сўзлари айни ҳақиқат эканини ушбу қарор қабул қилинган кундан бошлаб чорвачилик ота касби бўлган  ёшларимизда, чорвадорларимизда, тадбиркорларимизда  катта  қизиқиш  ўйғотганидан ҳам билса бўлади.   

Бир сўз билан айтганда, ушбу қарор иқтисодётининг асосини  чорвачилик  ташкил  этадиган  туманларимизнинг ривожланишига,   ушбу ҳудудларда юзлаб иш ўринларининг яратилишига, аҳолини тадбиркорликка жалб қилишга пировардида эса халқимизнинг гўшт ва сут маҳсулотларига  бўлган  эҳтиёжини  ўзимизда қоплашга, бир вақтлар  жаҳонга донғи кетган наслли қоракўл қўйларининг, қоракўл териларининг яна қайта иқтисодиётимизда муносиб ўрин эгаллашига  кенг  йўл очиб беради.    

Ақшагул   ТУЛЕГЕНОВА,

Олий  Мажлис  Қонунчилик 

палатаси  депутати,

O‘zLiDeP фракцияси аъзоси    

  • Кўрилди
    57
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+