O‘zLiDePда Президент иштирокидаги видеоселекторда белгилаб берилган долзарб вазифалар ижроси муҳокама қилинди

13.02.2020, 17:45

O‘zLiDePда Президент иштирокидаги видеоселекторда белгилаб берилган долзарб вазифалар ижроси муҳокама қилинди

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ҳамда партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси ҳамкорлигида давра суҳбати ташкил этилди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 11 февраль куни коррупцияга қарши курашиш ва жамоатчилик назорати тизимларини такомиллаштириш ҳамда 12 февраль куни маҳалла тизимини такомиллаштириш, маҳаллаларда тинчлик-осойишталикни мустаҳкамлаш, жиноятчиликнинг олдини олиш масалаларига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишларида билдирилган фикрлардан келиб чиқиб партия олдидаги устувор вазифалар атрофлича муҳокама қилинди.

Давлатимиз раҳбари яқинда Олий Мажлисга йўлланган Мурожаатномасида коррупциянинг оқибатлари билан курашишдан кўра барвақт олдини олишга ўтиш кераклигини таъкидлаб, унга қарши курашишга масъул бўладиган алоҳида орган тузишни таклиф қилган эди. Шу сабабли партия коррупцияга қарши кураш бўйича ягона органни ташкил қилиш ғоясини тўла қўллаб-қувватлайди. Чунки, коррупция иқтисодиёт ривожи, чинакам қулай тадбиркорлик ва инвестиция муҳити учун энг асосий тўсиқлардан биридир.

Таъкидланганидек, ушбу иллатга қарши курашишдаги яна бир муҳим воситалардан бири – жамоатчилик назорати ҳисобланади. Бугунги кунда юртимизда 10 мингдан зиёд нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолият юритмоқда. Лекин уларнинг ўрни ва фаоллиги сезилмаяпти. Чунки бу ташкилотлар манфаатларини ифода этувчи, давлат билан кўприк вазифасини бажарувчи яхлит тизим йўқ.

Шундан келиб чиққан ҳолда давлатимиз раҳбари томонидан жамоатчилик назоратини янада кучайтириш, давлат ва жамият ўртасида ўзаро яқин ҳамкорлик ўрнатиш мақсадида Жамоатчилик палатаси ташкил этиш ва унинг ташкилий-ҳуқуқий асослари, вазифаларини аниқ белгилаб берди. Бу эса сиёсий партияларга хусусан, O‘zLiDeP олдида ҳам улкан масъулият юклайди.

Давра суҳбати иштирокчилари давлатимиз раҳбарининг маҳалла тизимини такомиллаштириш, маҳаллаларда тинчлик-осойишталикни мустаҳкамлаш, жиноятчиликнинг олдини олиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида билдирилган танқидий фикрлар юзасидан ҳам мунозаралар олиб боришди.

Маҳаллаларда қатор тўпланиб қолган муаммо ва камчиликларга самарали ечим топиш мақсадида Маҳалла ва оила масалалари вазирлигини ташкил этиш таклифи билдирилгани тадбир иштирокчилари ўз вақтида чиқарилган қарор деб баҳолашди.

Тадбирда маҳалла тизимини тубдан ўзгартириш борасида белгилаб берилган бу каби аниқ вазифалар парламентда фаолият юритаётган O‘zLiDeP депутатлари олдида ҳам улкан масъулият юклаши таъкидлаб ўтилди.

Шундан келиб чиққан ҳолда партия ва унинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракция аъзолари, маҳаллий кенгашларга сайланган депутатлари маҳалла фуқаролар йиғини билан доимий ҳамкорликда ишлаш, сайловчилардан келиб тушаётган муаммоларни ва мурожаатларни ўрганиш, тегишли ташкилотлар орқали ўз вақтида ечим топишида фаоллик кўрсатиши айтиб ўтилди.

Давра суҳбати давомида тадбиркорлар ва ишбилармонлар манфаатларига хизмат қиладиган қатор қонун лойиҳалари ҳам муҳокамаси бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Республикасининг “Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида”ги, “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги, “Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида”ги қонун лойиҳаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш масалалари муҳокама қилинди.

Бугунги кунда қимматли қоғозлар бозорини ривожлантириш юзасидан мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг самарадорлигини таъминлаш акциядорлик жамиятлари, масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар фаолиятини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардаги замонавий ҳамда халқаро талабларга жавоб бермайдиган нормаларга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни талаб этмоқда.

Амалдаги қонун ҳужжатларида фақат акциядорлик жамиятлари ва ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, банклар корпоратив облигациялар чиқариши мумкинлиги белгилаб қўйилган. Лекин корпоратив облигациялар чиқаришга қўйилган амалдаги шартлар ва талаблар ушбу жараённи аксарият акциядорлик жамиятлари учун ҳам қийинчиликларни юзага келтирмоқда.

Таклиф этилаётган қонун лойиҳаларнинг асосий мақсади корпоратив қимматли қоғозларнинг чиқаришга қўйиладиган талабларни енгиллаштириш, республикадаги ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, миллий фонд бозори рақобатдошлигини ошириш, амалга оширилаётган лойиҳаларга аҳоли ва институционал инвесторларнинг бўш ресурсларини жалб қилиш учун тадбиркорлик субъектларига имконият яратишдан иборат.

Шундан келиб чиққан ҳолда, қонун лойиҳалари билан бир қатор янгиликларга йўл очилмоқда. Хусусан, масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятларга корпоратив ва инфраструктура облигациялари чиқариш ҳуқуқи берилмоқда. Мазкур норманинг амалиётга жорий этилиши мамлакатимизда фаолият юритаётган 150 мингга яқин масъулияти чекланган ва қўшимча масъулиятли жамиятларга корпоратив ва инфраструктура облигацияларни чиқариш имкониятини яратади. Бу, ўз навбатида, нафақат ташқи инвестицияларни, балки, ички инвестицияларни ҳам иқтисодиётга кенг жалб этиш имконини оширади.

Шунингдек, корпоратив ва инфратузилма облигациялари чиқариш шартлари эндиликда “Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида”ги ва “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунлари билан эмас, балки қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи (Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги) томонидан белгилаш тартиби жорий қилинмоқда.

Тадбирда тегишли вазирлик, ташкилотлар ва тадбиркорлар томонидан республикамизда қимматли қоғозлар бозорини ривожлантириш бўйича аниқ таклифлар, фикр-мулоҳазалар билдирилди ва истиқболдаги долзарб вазифалар белгилаб олинди.

O‘zLiDeP матбуот хизмати

  • Кўрилди
    897
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+