Коррупцияга қарши муросасизликнинг янгича тизими яратилади

13.02.2020, 18:05

Коррупцияга қарши муросасизликнинг янгича тизими яратилади

Кейинги пайтларда коррупция ҳақида жуда кўп ва хўп гапирилмоқда. Давлатимиз раҳбари ҳам деярли ҳар бир йиғилишларида, маърузаларида бу масалага алоҳида тўхталиб, ушбу иллатга барҳам бериш кераклигини кўп гапирмоқда.

Жорий йил 11 февраль куни Президентимиз бошчилигида ўтказилган йиғилишда ҳам бу иллатни олдини олиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилиб, тегишли вазирлик ва идораларга компания ва ҳокимликларда ички коррупцияга қарши чораларни ишлаб чиқувчи ва амалга оширувчи “комплаенс назорат” тизимини жорий этиш вазифаси қўйилди.

Коррупция даражасини тадқиқ қилиш бўйича халқаро ташкилот – “Transparency International” индексида Ўзбекистон сўнгги уч йил ичида 12 поғонага юқорилагани ҳали бу борада ижтимоий-ҳуқуқий ислоҳотларни амалга оширишимиз лозимлигини кўрсатмоқда. Хусусан, таълим, соғлиқни сақлаш, банк, божхона, айниқса, коммунал хизмат соҳаларида аниқланган коррупция аломатлари ҳиссаси ортиқлиги ташвишли ҳолат.

Шу ўринда коррупция ҳақида бироз тўхталиб ўтсак. Коррупция –– бу жамиятни турли йўллар билан исканжага оладиган даҳшатли иллатдир. Ушбу  иллат демократия ва ҳуқуқ устуворлиги асосларига путур етказади, инсон ҳуқуқлари бузилишига олиб келади, бозорлар фаолиятига тўсқинлик қилади. Афсуски, ушбу иллатни бартараф этиш бўйича жаҳон ҳамжамияти томонидан кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилаётган бўлсада, аммо ҳанузгача у бартараф этилмаяпти.

Бугун биз ушбу иллатга қарши қандай курашяпмиз? Бу борада олиб борилаётган ишлар етарлими? Очиғини айтганда, бугун биз фақатгина кичик ҳажмдаги маиший коррупция билан курашишга ўралашиб қолдик ва бу борада қилинаётган ишларни баралла жар солишга одатландик. Бугунги ҳолатдан келиб чиқиб айтишим мумкинки, коррупцияга қарши курашни ваколатли мансабдорлардан бошлаш керак, шу билан бирга жамиятимизнинг ёзилмаган қонунларига, анъаналарига барҳам бериш зарур.  

Нега деганда ҳар доим бирор муаммо билан курашилганда айбдорни топиб жазолашдан кўра, сабабни топиб бартараф этиш самаралироқдир. Яқинда телеграм каналаридан бирида шу мавзуда қизиқ аргумент ва мисоллар ўқиб қолдим. Унда муаллиф айтганидек, бир неча йил олдин банк тизимида валюта айрибошлаш жараёнларида бу иллат чуқур илдиз олган эди, бугун эса бундай йўл тутишдан манфаатдорлик қолмади. Ёки тадбиркорлик учун ер майдони ажратишда коррупцион йўл энг маъқули бўлган бўлса, бугун бу жараёнда инсон омили аралашуви бартараф этилди. Солиштириш учун, йўл патрул ходимлари (ГАИ)лар орасида эса коррупция ҳалиҳам юқорилигича қолмоқда. Савол туғилади, нега? Чунки ҳайдовчи қоида бузса тўланадиган жарималар ниҳоятда юқори. Натижада у жаримадан қутулиш учун ЙПХ инспекторига пора таклиф қилади. Сабаби жарима тўлашдан пора бериш фуқаро учун қулай. Шундай экан, ушбу иллат билан курашиш фақатгина ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларни эмас, балки ҳар бир депутатнинг, фуқаронинг асосий вазифаси бўлмоғи лозим. Боиси бу жараёнларнинг ҳар бир босқичида сиз-у биз иштирок этамиз, пора таклиф қилган ҳам, уни олган ҳам сиз ва биз каби фуқаролар. Келинг мана шу коррупциянинг мамлакатимиз равнақига, келажагига путур етказаётгани ҳақида кўпроқ ўйлайлик, унинг мамлакат иқтисодиёти учун ортиқча юк эканлигини, фарзандларимиз келажаги учун тўсиқ бўлиши ҳақида атрофдаги инсонлар билан фикр алмашайлик. Бу борада барча масъул ташкилот ва муассасалар томонидан кўрсатиладиган хизматларни рақамлаштириш, бундай жараёнларда инсон омилини камайтириш, мукаммал ташкилий-ҳуқуқий асосларни яратиш ва самарали жазо тизимини ишлаб чиқиш энг тўғри йўл, деб ҳисоблайман. 

Дониёр ҒАНИЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси депутати,

OzLiDeP фракцияси аъзоси 

  • Кўрилди
    916
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+