O‘zLiDeP депутати Наврўз Ризаев Ургутдаги Жўробтепа тиббиёт муассасасини қайта тиклаш ташаббуси билан чиқди

13.02.2020, 18:18

O‘zLiDeP депутати Наврўз Ризаев Ургутдаги Жўробтепа тиббиёт муассасасини қайта тиклаш ташаббуси билан чиқди

Самарқанд  вилояти, Ургут туманидаги “Ибн Сино” номли 3-шифохона Жўробтепа, Қиёнли, Эшонработ, Бешкапа, Бекработ, Замбарак, Жозмон, Мирзақишлоқ, Вағашти, Сариқтепа, Камонгарон, Нисавот ва Ипакли қишлоқларининг 70 мингга яқин аҳолисига хизмат кўрсатган.

Муассасада 20 ўринли туғруқхона, 30 ўринга эга болалар бўлими, бир вақтнинг ўзида 40 дан ортиқ беморларга хизмат кўрсатадиган гинекология, терапия ва реанимация бўлимлари мавжуд эди. Ушбу шифохона фаолияти Вазирлар Маҳкамасининг қарори асосида, 2008-2009 йиллардаги оптимизация жараёнида тўхтатилган.

Айни кунларда маҳаллий аҳоли саломатлигини тиклаш учун 20-30 километр узоқликда жойлашган туман марказидаги ёки Самарқанд шаҳридаги шифохоналарга қатнашга мажбур бўлмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, O‘zLiDeP фракцияси аъзоси Наврўз Ризаев туман сайловчилари билан ўтказилган мулоқотда шифохонани  қайта ишга тушириш бўйича аҳолидан бир қатор мурожаатларни қабул қилди.

Мазкур мурожаат юзасидан депутат ташландиқ аҳволдаги бинони хусусий секторга бериш бўйича ўз таклифларини туман ҳокимлиги ва тегишли ташкилотларга тақдим этганини билдирди.

- Бугун соғлиқни сақлаш тизимида аҳолига хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш учун хусусий тиббиёт муассасаларини кўпайтириш, уларга кенг йўл очишимиз керак, - деди Наврўз Ризаев. - Давлатимиз раҳбарининг талаби ҳам шу. Жўробтепадаги тиббиёт муассасасини ишга тушириш учун инвестор ҳам топилган.

Депутат ургутликлар билан учрашув жараёнида Қўйитегана маҳалласидаги ҳашарда иштирок этиб, аҳоли билан ариқ қазди. Тумандаги 64-умумий ўрта таълим мактабида ўқувчиларга спортнинг миллий кураш тури бўйича маҳорат дарсларини ўтди.

Бахтигул ҚАРШИЕВА,

O‘zLiDeP Самарқанд

вилоят Кенгаши

матбуот котиби

  • Кўрилди
    244
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+