Депутат билан ёшлар учрашувида талабалар шаҳарчасига айланган ҳудудда бирорта ҳам китоб дўкони йўқлиги айтилди

14.02.2020, 15:59

Депутат билан ёшлар учрашувида талабалар шаҳарчасига айланган ҳудудда бирорта ҳам китоб дўкони йўқлиги айтилди

Халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгаши депутати Фазлиддин Ғайбуллаев “Депутат ва ёшлар” лойиҳаси доирасида Самарқанд Архитектура ва қурилиш институти қошидаги академик лицей  ўқувчилари билан учрашди.

Учрашувда лицей ўқитувчилари ва ўқувчилари томонидан депутатга 10га яқин мурожаатлар келиб тушди. Жумладан, таълим муассасасининг биринчи курс талабаси Райҳона Раббимова  ҳудуддаги транспорт билан боғлиқ муаммоларни бартараф этишда амалий ёрдам сўради.

- Мен Ҳазора бозори атрофидаги маҳаллада яшайман. Илгари 79 – йўналишли автобус  уйимизни олдидан таълим даргоҳимизга келар эди. Ҳозирда ушбу йўналишли автобус қатнамаяпти. Лицейга келгунча иккита автобус алмашиб сарсон бўлаяпмиз. Ушбу йўналишдаги транспорт хизматини йўлга қўйишда ёрдам берсангиз, - деди Р.Раббимова.

Лицей ўқитувчиси Муқаддас Абдуҳакимова эса, ҳудудда китоб дўкони йўқлигидан шикоят қилди.

- Бизнинг лицейимиз шаҳарнинг чеккасида жойлашган бўлишига қарамасдан, бугун бу ер талабалар шаҳарчасига айланган. 2 та олий, 3 та ўрта махсус билим юртлари жойлашган ҳудудда бирорта ҳам китоб дўкони йўқ, - деди М.Абдуҳакимова –Ўқувчилар дарслик ёки адабиётлар сотиб олиш учун шаҳар марказига кетишса, улардан ҳавотир оламан. Партия фаоллари кўмагида ҳудудда китоб дўкони қурилишида амалий ёрдам беришса ҳурсанд бўлар эдик.

Учрашувда йўл муаммолари, чорраҳаларга светафорлар ўрнатиш ва бошқа масалалар бўйича ҳам қатор мурожаатлар келиб тушди. Мазкур мурожаатлар юзасидан депутат тегишли ташкилотларга сўров юборадиган бўлди.

Бахтигул Қаршиева

O’zLiDeР Самарқанд

вилоят Кенгаши

матбуот котиби

  • Кўрилди
    784
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+