Маҳалла фуқаролар йиғинлари фаолияти янада яхшиланади

14.02.2020, 16:18

Маҳалла фуқаролар йиғинлари фаолияти янада яхшиланади

Бугунги кунда ҳар соҳада бўлаётгани каби маҳалла фуқаролар йиғинлари фаолияти ҳам тубдан ислоҳ қилинмоқда. Жойларда маҳалла фуқаролар йиғинларининг роли ва обрўсини ошириш, маслаҳат кенгашлари фаолиятини жонлантириш ва халқ билан маҳалла ҳамкорлигини янада мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.

Куни кеча Президентимиз раҳбарлигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам айнан маҳалла тизимини янада такомиллаштириш, маҳаллалар тинчлиги, аҳоли фаровонлигини ошириш, оилаларда, маҳаллаларда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш, жойларда энг намунали маҳаллаларни кўпайтириш, маҳалла тизимида меҳнат қилаётган ишчи-ходимларга муносиб шароитлар яратиш ва уларни рағбатлантириш зарурлигига алоҳида аҳамият қаратилди.

Маҳалла - жамиятимизнинг энг асосий бўғини ҳисобланади. Ота-боболаримиз ҳам маҳалланинг тинчлиги-оилаларимиз, фарзандларимиз тинчлиги учун меҳнат қилувчи, аҳолига беминнат хизмат кўрсатувчи муқаддас қўрғон сифатида азалдан қадрлаб келганлар ва бу қадрият бугунги кунда ҳам ўзининг аҳамиятини йўқотмаган.

Ҳаттоки, ривожланган мамлакатлар ҳам Ўзбекистондаги маҳалла тизимига катта қизиқиш билдириб, тизим фаолияти билан танишиш мақсадида кўплаб меҳмонларимизнинг юртимизга ташриф буюрганининг шахсан ўзим кўп бора гувоҳи бўлганман.

Ўтказилган видеоселектор йиғилишида маҳалаларда юзага келаётган жиноятчилик, айниқса ёшлар жиноятчилиги, ёшлар ва аёллар саломатлиги, эрта туғруқлар, оилавий ажримлар ва маънавий-маърифий тарбия борасида ҳам кўплаб фикрлар билдирилди.

Маҳалла тизими фаолияти сарҳисоб қилинар экан, бугунги кунда мазкур тизимда эришилган ютуқлар кўплиги билан бир қаторда ҳали ўз ечимини кутаётган кўплаб муаммоли масалаларнинг мавжудлиги ҳам танқид қилинди.

Маҳалла фуқаролар йиғинларининг мақсад ва вазифалари жуда кўп. Олдидаги масъулияти ҳам юқори. Аммо ушбу шарафли ва масъулиятли вазифаларни самарали амалга ошириш зарур шароит ва имкониятларни ҳам талаб қилади.

Ўтган ҳафтада Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари қўмитаси аъзоси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати сифатида Урганч шаҳрида сайловчиларим ва маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари билан ўтказган учрашувимда айнан мазкур соҳага доир кўплаб муаммолар кўтарилди ва энг асосий муаммолардан бири ҳам кўпчилик маҳалла фуқаролар йиғинининг ўз биносига эга эмаслигидир.

Шунингдек, айрим маҳаллаларда маҳалла раиси, котиб ва маслаҳатчилар, профилактика инспектори битта хонада ишлаётган бўлса, жуда кўпчилигида фаолият олиб бораётган биноларида ишлаш учун зарур шароитлар ҳам яратилмаган.

Давлатимиз раҳбарининг йиғилишида таъкидлаганидек, давлат хусусий шерикчилик шартлари асосида фуқаролар йиғинлари мажмуаларини қуриш, бўш турган биноларга маҳалла идораларини жойлаштириш бўйича берган кўрсатмалари, шахсан мени жуда хурсанд қилди. Сабаби, бундан маҳаллар фаолияти, уларнинг шароит ва имкониятлари яхшиланади, бизнинг сайловчиларимиз, барча аҳолининг орзу-истаклари ушалади. Ўз навбатида фойдали иш коэффициенти ҳам ошади.

Фуқаролар ўртасида ҳам маҳалла фуқаролар йиғинига бўлган ҳурмат ва эътибор ошади, маҳаллаларнинг моддий техник базаси мустаҳкамланса, кўплаб вақт талаб қиладиган қоғозбозлик ҳолатларининг олди олинади, фуқароларга кўрсатиладиган хизматлар ҳам сифат жиҳатдан яхшиланади.

Эндиликда  “Обод ва ҳавфсиз маҳалла” тамойили жорий этилиши, Маҳалла ва оила масалалари вазирлиги ташкил этилиши эса оилалар тинчлигини таъминлашга, ёш ўғил-қизларимизнинг беҳавотир таълим масканларига қатнашларига замин яратади.

Энг асосийси, “Ҳар бир оила-тадбиркор”, “Ёшлар-келажагимиз”, “Ҳунармандчилик” дастурлари доирасида маҳаллаларга тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш учун арзон кредит маблағлари ажратилиши эвазига жойларда ўз тадбиркорлиги бошламоқчи бўлган ёшларга, тадбиркорлик қилиш истагида бўлиб, фаолият бошлаш ниятидаги фуқароларга катта имкониятлар эшигини очади. Бу билан маҳаллаларда нафақат фойдали иш билан бандлик даражаси ошади, балки, ўз-ўзидан аҳолимизнинг турмуш даражаси, яшаш шароитлари янада яхшиланади.

Мен ҳам депутат, халқимизнинг ишончли вакили сифатида келгусида юқоридаги жуда катта шарафли ва қувончли вазифаларни бажарилишида аҳолимиз билан елкама-елка туриб, маҳалла тизими фаолиятига кўмаклашишга, жамиятимиз ривожи йўлида тинмай меҳнат қилишга бор имкониятимни сафарабар этаман. Зеро, давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, маҳалланг тинч-сен тинч.

                                                  Абдулла РУЗМЕТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,  

O’zLiDeP фракцияси аъзоси

  • Кўрилди
    1236
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+