А.Хаитов: маҳалламиз тинч ва обод бўлиши, ҳаётимизга файзу барака иниши учун ҳаммамиз масъулмиз

14.02.2020, 16:31

А.Хаитов: маҳалламиз тинч ва обод бўлиши, ҳаётимизга файзу барака иниши учун ҳаммамиз масъулмиз

Маҳалла тизими жамиятимизнинг энг муҳим ва таянч бўғини ҳисобланади. Шу боис Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан маҳалла институнинг вазифа ва ваколатларини кенгайтириш, давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари тизимидаги ролини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Уни ривожлантириш борасида қатор чора-тадбирлар амалга оширилаётир.    

Хусусан, охирги уч йилда маҳалла институтига оид 38 та қонун ва меъёрий ҳужжатлар қабул қилинди, 50 дан ортиғи такомиллаштирилди. Жамият ҳаётида жонбозлик кўрсатган соҳа ходимлари давлат мукофотлари билан тақдирланди. Фуқаролар йиғинлари раислари ва масъул котибларининг ойлик иш ҳақи ўтган йилнинг ўзида 1,5 баробарга оширилди.

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 3 февралдаги “Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борадаги ишларни янада тезлаштирди. Эътиборлиси, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолияти самарадорлигини ошириш, маҳалла институтини аҳолига энг яқин ва халқчил тузилмага айлантириш бўйича қилинган ишлар натижасида ушбу институтнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётимиздаги ўрни ва таъсири кенгайди.

Чунончи, ижтимоий ҳаётимизда дунё­нинг бошқа жойида учрамайдиган  ноёб  тизим – маҳалла институтининг алоҳида ўрни бор.  Ҳар бир инсоннинг юриш-туриши, дард-у муаммолари, қувончу ташвишлари авваламбор маҳаллада яққол намоён бўлади. Айниқса, фарзанд­лар тарбиясида маҳаллада шаклланган маънавий-маърифий муҳит, урф-одат ва анъаналар муҳим ўрин тутади.

Афсуски, кейинги пайтларда маҳалла тизимини такомиллаштириш, маҳаллаларда тинчлик-осойишталикни мустаҳкамлаш, жиноятчиликнинг олдини олиш борасида олиб борилаётган амалий ишларга қарамай, маҳаллаларда ҳали ҳамон салбий ҳолатлар учраб турибди. Энг ёмони,  айрим маҳаллаларда нотинч оилалар, ҳуқуқбузарликлар кўпайган. Шунингдек, хотин-қизлар ва вояга етмаганлар орасида ўз жонига суиқасд қилиш ҳолатлари учраётгани жуда ачинарли.

Президентимиз 12 февраль куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида бу масалаларга алоҳида эътибор қаратиб, маҳалла фаолиятини тубдан янгилаш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берди.  Шу билан бирга ушбу улкан соҳага масъул алоҳида давлат идораси – Маҳалла ва оила масалалари вазирлигини ташкил этиш таклифини билдирди. Бу – жуда ҳам муҳим масала. Сабаби янги вазирлик маҳалладан тортиб республика даражасигача 40 мингдан ортиқ ходимни бирлаштиради ва уларнинг “бир ёқадан бош чиқариб”, ягона мақсад йўлида фаолият кўрсатишларини таъминлайди.

Яна бир муҳим жиҳати шундаки, вазирнинг биринчи ўринбосари эндиликда оила, хотин-қизлар ва ижтимоий-маънавий масалаларга масъул этиб белгиланмоқда. Вазир ўринбосари эса кексаларни ижтимоий рағбатлантириш, ёшларда ватанпарварликни мустаҳкамлаш масалалари билан шуғулланади. Оилавий тадбиркорлик ва кичик бизнесни ривожлантириш, томорқа ва ободонлаштириш, экология, бандликка кўмаклашиш масалаларига масъул ўринбосар лавозимини жорий этилиши ҳам кўпчиликнинг дилидаги гап бўлди. Боиси эндиликда “Ҳар бир оила тадбиркор”, “Ёшлар – келажагимиз”, “Ҳунармандчилик” дастурлари доирасида маҳаллаларга тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш учун арзон кредит маблағлари ажратилади. Бу маблағлар ҳисобига сартарошхона, новвойхона, шунингдек, ҳунармандчилик, тикув, қандолатчилик цехлари, оталар чойхонаси, гузар масканлари ташкил этилади. Бунинг натижасида кўплаб ёшлар, хотин-қизлар бандлиги таъминланади.

Ҳаммамиз маҳаллада яшаймиз, яхши кунларимиз, турмуш ташвишларимиз эл билан бирга. Меҳр-оқибат, аҳиллик, тинчлик, ватанпарварлик каби эзгу тушунчалар онгу шууримизга маҳаллада сингган. Шундай экан, маҳалламиз тинч ва обод бўлиши, ҳаётимизга файзу барака иниши учун Президентимизга камарбаста бўлиб, соҳада амалга оширилаётган ишларга кузатувчи эмас, иштирокчи бўлишимиз зарур.

 Актам ХАИТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

O‘zLiDeP фракцияси раҳбари, 

Спикер ўринбосари

  • Кўрилди
    274
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

М.Омоликов Халқ депутатлари Шароф Рашидов туман Кенгаши депутати2020-02-18 15:41:25

Юқоридаги барча фикрларга қўшилган ҳолда, биз депутатлар фаоллигимизни жуда кескин тарзда амалга оширишимиз керак.


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+