Жамоатчилик назоратини кучайтириш орқали коррупцияни йўқотамиз

15.02.2020, 17:00

Жамоатчилик назоратини кучайтириш орқали коррупцияни йўқотамиз

Қачонки жамиятда жамоатчилик назорати, очиқ-ошкоралик, шафофлик механизми ишламаса, коррупцияга кенг йўл очилади. Коррупция ривожланган мамлакатларга эса инвесторларнинг келиши қийин кечади. Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, бугунги Янги Ўзбекистон учун коррупцияга қарши курашиш ҳамма соҳада адолатли бўлишни таъминлашга уриниш, ҳатто инфлация ошишига йўл қўймаслик бу — давлатимиз раҳбарининг узоқни кўзлаб олиб бораётган одилона сиёсатининг бир кўриниши.

Давлатимиз раҳбари Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида коррупциянинг оқибатлари билан курашишдан кўра, барвақт унинг олдини олишга ўтиш кераклигини таъкидлаб, унга қарши курашишга масъул бўладиган алоҳида орган тузишни таклиф этган эди. Президентимиз раҳбарлигида бўлиб ўтган йиғилишда ушбу янги тузилмани ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.

Адлия вазирлиги ва Бош прокуратурага Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт дастури билан ҳамкорликда вазирлик, компания ва ҳокимликларда ички коррупцияга қарши чораларни ишлаб чиқувчи ва амалга оширувчи “комплаенс назорат” тизимини жорий этиш вазифаси қўйилди. Коррупция даражаси юқори бўлган соҳаларда бу иллатдан қутулиш бўйича дастур ишлаб чиқиб, ижросини ташкил этиш юзасидан тегишли кўрсатмалар берилди. 

Яна бир муҳим жиҳат. Йиғилишда давлат хизматчилари мол-мулки ва даромадларини декларация қилиш тизиминининг барча ташкилий-ҳуқуқий асосларини ишлаб чиқиш шартлиги айтилгани бу — айнан очиқ-ошкоралик, шаффофлик механизмини ишга тушишининг асосий омили бўлиб хизмат қилади.

Коррупция иллатига қарши курашишдаги муҳим бир восита сифатида жамоатчилик назоратини кучайтиришимиз зарур. Юртимизда фаолият олиб бораётган 10 мингдан зиёд нодавлат нотижорат ташкилотларининг фаоллиги ва жонбозлиги сезилмаяпти. Агар шундай аҳволда кетаверсак, биз кутаётган натижа бўлмайди. Шу боис Президентимиз Жамоатчилик палатасини ташкил қилиш таклифини илгари сурди. Тўғри, ҳали кўпчилик бу палатанинг қандай бўлиши ҳақида тасаввурга эга эмас, аммо, ҳақиқатдан ҳам унинг “Жамоатчилик эшитуви”, “Жамоатчилик мониторинги”, “Жамоатчилик экспертизаси”, “Жамоатчилик ташаббуси” каби таъсирчан назорат шакллари ишга тушса, бу ўз-ўзидан коррупцияни илдиз отишига тўсиқ вазифасини ўтайди. Халқ ва давлат ўртасидаги муносабатлар янада яхшиланади.

Эмма АСЛОНОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатасидаги O‘zLiDeP

фракцияси аъзоси

  • Кўрилди
    166
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+