O‘zLiDeP “Аёллар қаноти” ЖИЭМдан қайтган хотин-қизлар билан яқиндан ишламоқда

17.02.2020, 17:19

O‘zLiDeP “Аёллар қаноти” ЖИЭМдан қайтган хотин-қизлар билан яқиндан ишламоқда

Маҳбубахон Болтабоева Андижон шаҳрида туғилиб вояга етган. Аммо билмай босган нотўғри қадами учун қонун олдида жавоб беришига тўғри келди. Тайинланган беш йиллик жазо муддатидан шартли равишда икки йилдаёқ озод этилди. Белгиланган тартибларга тўла риоя қилганлиги, яхши ҳулқи аёлни тўғри йўлга қайтиши учун имконият бўлди. Айни кунда фуқаро вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги жазони ижро этиш муассасаларидан озод этилган шахсларни ижтимоий муҳофаза қилиш марказининг доимий назоратида. М.Болтабоева уйига қайтганидан буён фарзандининг саломатлиги учун курашмоқда. 28 ёшли ўғли қандли диабетдан азият чекади. Айни вақтда махсус шифохонада даволаниши учун бепул йўлланмага муҳтож.

O‘zLiDeP Андижон вилоят Кенгаши “Аёллар қаноти” томонидан бўлиб ўтган тадбирда Маҳбубахон Болтабоева сингари жазони ижро этиш муассасаларидан қайтган бир гуруҳ хотин-қизлар мутасадди идора ва ташкилотлар масъуллари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда халқ депутатлари маҳаллий кенгашлар депутатларидан ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоблар олдилар. “Қатъий ҳаётий қарашлар ва ўз позициясига эга бўлган инсонни тўғри йўлдан қайтариб бўлмас” мавзусида ташкил қилинган давра суҳбати қизғин мунозараларга бой ўтди. Айниқса, вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги жазони ижро этиш муассасаларидан озод этилган шахсларни ижтимоий муҳофаза қилиш маркази ҳамда иштирокчилар ўртасидаги мунозараларда қатор масалалар ўртага ташланди.

- Бундай очиқ мулоқотлар, давра суҳбатлари орқали ЖИЭМдан қайтган хотин-қизлар билан яқиндан танишамиз, уларнинг муаммолари нимада эканлигини қалбан ҳис қиламиз, совуқ хона, панжара ортида юрагидан қандай ҳислар ўтганини, пушаймонини тушунишга уринамиз, - дейди O‘zLiDeP вилоят Кенгаши раисининг аёллар масалалари бўйича ўринбосари Хуршидахон Халилова. – Уларга, албатта, турли масалаларда ёрдам керак. Партия Аёллар қаноти марказ назоратидаги хотин-қизларга ижтимоий-иқтисодий, маънавий-руҳий, тиббий ёрдамлар кўрсатишда ҳамкор ташкилотларга, депутатларга суянади. Бугунги давра суҳбатида иштирок этган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Одинахон Отахонова ҳамда Умидахон Зокироваларнинг тавсияларидан куч олдилар. Масалан, тадбирда жазони ижро этиш муассасасидан шартли равишда озод этилган Маҳбубахон Болтабоеванинг мурожаатига жавобан қандли диабет касалликлари шифохонасига йўлланма берилди.

Жазони ижро этиш муассасаларидан озод этилган хотин-қизлар тақдирига бефарқ бўлмаслик, уларга барча зарурий тиббий, ҳуқуқий, руҳий, ижтимоий кўмаклар берилаётганлиги бугунгидай тадбирларда ўз аксини топмоқда.

Умидахон Исаева,

O‘zLiDeP Андижон

вилоят Кенгаши

 бўлим мудири

  • Кўрилди
    249
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Абдуллаев Дилшодбек Қахрамонжонович2020-02-18 09:22:13

Жазони ижро этиш муассасаларидан қайтган аёллар ва хотин-қизларни иш билан таъминлаш улар бандлигини назоратга олиш шу куннинг мухим талаби деб ўйлайман.Билиб билмай қилган айби учун жазони ўтаб қайтган аёл пушаймонлик хисси билан биргаликда оиласи фарзандлари ва Ватани равнақи учун хисса қўшишни мақсад қилади.Бу мақсадни амалга оширилишида эса маъсуллар маъсулияти катта ахамиятга эгадир.Шундай тадбирлар партия хамкорлигида доимий ўтказилиб туриши партияда аёллар фаоллигидан дарак беради.Зеро хар бир аёл,хотин - қиз кимларнидир аёли,кимларнидир фарзанди,қорамунчоқ кўзли фарзандларнинг севимли онаси эканини унутмаслик лозим.


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+