O‘zLiDeP фракцияси қатор қонун лойиҳаларига ўз позициясини билдирди

17.02.2020, 21:11

O‘zLiDeP фракцияси қатор қонун лойиҳаларига ўз позициясини билдирди

Жорий йилнинг 17 февраль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда дастлаб «Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида»ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.

Депутатлар томонидан айтиб ўтилганидек, амалдаги қонун 27 йил муқаддам қабул қилинган бўлиб, бугунги кун талабларига мутлақо жавоб бермайди.

Мазкур қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш зарурати, шунингдек, фуқаролик тўғрисидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш, ушбу соҳада самарали ва тўғридан-тўғри амал қиладиган қонунчилик базасини яратиш, фуқаролик соҳасидаги маъмурий тартиб-таомилларни янада соддалаштириш, шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини олиш ва бекор қилиш борасидаги ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашнинг ҳуқуқий механизмларини мустаҳкамлаш билан ҳам изоҳланади.

Шундан сўнг депутатлар «Геодезия ва картография фаолияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда кўриб чиқдилар.

Фракция аъзоларининг айтишича, ушбу қонун лойиҳаси геодезия ва картография фаолиятининг моҳиятини, хусусан, сунъий йўлдош тизимларидан фойдаланишда ҳамда картография-геодезия кадастрини юритишда ахборот-коммуникация, рақамли технологияларни жорий этиш билан боғлиқ масалаларни ўзида акс эттирган. Мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши натижасида соҳа фаолиятида бир қатор ўзгаришлар юз беради.

Йиғилишда депутатлар томонидан қонун лойиҳаси бўйича қатор таклиф ва тавсиялар билдирилди. Узоқ давом этган тортишувлардан сўнг материаллар ва маълумотларнинг тўлиқлилиги, ишончлилиги, харита ва планларни яратиш ҳамда янгилашда рақамли технологияларни қўллаш таъминланиши ҳисобга олиниб, фракция аъзолари томонидан маъқулланди.

Йиғилиш давомида фракция аъзолари томонидан «Қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

Таъкидланишича, қонун лойиҳасининг мақсади келгусида соҳадаги ишчи муҳитни такомиллаштириш, тадбиркорлик субъектлари учун кўпроқ эркинлик ва имкониятлар бериш асосида янги иш жойларини ташкил этишдан иборат. Бунинг учун фақатгина қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар фаолиятига оид норматив-хуқуқий асосни такомиллаштириш талаб этилади. Чунки қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиши, энг аввало, ушбу соҳани тартибга солишга йўналтирилган.

Қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда Озарбайжон, Белорусия, Ҳиндистон, Канада, Қозоғистон, Қирғизистон, Молдова, Россия Федерацияси, Тожикистон ҳамда Вена конвенциясини ратификация қилган 19 та давлатнинг илғор тажрибаси кенг ўрганилган. Шунингдек, қонун лойиҳаси тегишли вазирлик ва идоралар мутахассислари билан муҳокама қилинган.

Фракция аъзолари савол-жавоблар, муҳокамалардан сўнг ушбу қонун лойиҳасини биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан маъқулладилар.

O‘zLiDeP фракцияи депутатлари кун тартибидаги яна бир ҳужжат «Ўзбекистон Республикасининг Шаҳарсозлик кодексини тасдиқлаш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини ҳам биринчи ўқишда муҳокама қилдилар.

Муҳокамалар чоғида ушбу қонун лойиҳасига янги 12 та модда, шунингдек, 11-22-моддаларда шаҳарсозлик фаолияти соҳасидаги қарорларнинг муҳокамасида жамоатчилик назоратининг иштирокини таъминлаш юзасидан нормалар кирити-лаётгани таъкидланди. Қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда бир қатор хорижий давлатлар, хусусан Россия, Буюк Британия, Финляндия, Белоруссия, Озарбайжон, Қозоғистон ва бошқа давлатларидаги шаҳарсозлик соҳасида қабул қилинган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжутлар ўрганиб чиқилгани айтиб ўтилди.

Депутатларнинг фикрича, Шаҳарсозлик кодексининг янги таҳрири тасдиқланиши ер участкаларни бериш ва улардан фойдаланиш, бинокорлик материаллари ва буюмларни ишлаб чиқариш, шунингдек, жамият ва давлатнинг, юридик ва жисмоний шахсларнинг, жумладан, тадбиркорлик субъектларининг манфаатларини амалиётда ифодалаш ва ҳимоя қилиш, аҳоли пункларининг архитектура қиёфасини яхшилаш ҳамда аҳолининг турмуш даражасини юксалтириш имконини беради.

– Бугун олдимизда ўта долзарб ва мураккаб вазифалар турибди. Уларни муваффақиятли ҳал этиш учун аввало қонун ижодкорлиги соҳасида ишни бутунлай янгича ташкил этишимиз керак. Бунинг учун қуйи палата ҳар бир қонун лойиҳаси бўйича холис баҳс-мунозара ва тортишувлар маконига, турли ижтимоий манфаатлар ўртасидаги кураш майдонига айланиши керак. Агар ҳар жиҳатдан пишиқ, пухта тайёрланган қонунларда ҳаётий ва халқчил тамойиллар устувор аҳамият касб этса, уни амалиётга татбиқ этиш ҳам самарали бўлади. Аксинча, амалга оширишнинг аниқ механизмига эга бўлмаган, фақатгина умумий масалаларни ҳал этадиган қонун ҳужжатларини қабул қилиш амалда кўплаб муаммоларни келтириб чиқаради. Шу боис, бизни хато қилишга, ўз зиммамиздаги юксак масъулиятни унутишга сира ҳаққимиз йўқ, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракцияси раҳбари А.Хаитов.

Фракция йиғилишида «Халқаро хусусий ҳуқуқ бўйича Гаага конферен-цияси Уставини (Гаага, 1951 йил 31 октябрь) ратификация қилиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси ҳам муҳокама қилинди.

Фракция аъзоларининг айтишича, Гаага конференцияси 1893 йилда ташкил этилган бўлиб, у халқаро ҳукуматлараро ташкилот ҳисобланади. Ташкилотнинг асосий мақсади – халқаро хусусий ҳуқуқ нормаларини босқичма-босқич унификация қилишга кўмаклашишдан иборат. Ҳозирги кунда ташкилотга 82 та давлат, шу жумладан, Европа Иттифоқи аъзо саналади. МДҲ давлатлари орасидан эса, конференцияда Арманистон, Озарбайжон, Беларусь, Қозоғистон Республика-лари ва Россия Федерацияси иштирок этади.

Йиғилишда Гаага конференцияси 1955 йил 15 июлда кучга кирган Устав асосида фаолият юритаётганини қайд этилиб, мазкур ташкилот Уставини ратификация қилиш лозимлиги таъкидланди. Чунончи, мамлакатимизнинг мазкур ташкилотга аъзо бўлиши халқаро фуқаролик, оилавий ва хусусий ҳуқуқнинг унификацияси жараёнида Ўзбекистон Республикаси иштирокини таъминлашга, пировард натижада эса, давлатимиз халқаро ҳамжамиятга янада интеграция-лашувини чуқурлаштиришга хизмат қилади.

Йиғилиш сўнггида кун тартибига киритилган масалалар бўйича O‘zLiDeP фракциясининг тегишли қарорлари қабул қилинди.

  • Кўрилди
    805
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+