Олий Мажлис Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўтган йилги фаолияти бўйича O‘zLiDeP фракциясига ҳисобот берди

17.02.2020, 21:19

Олий Мажлис Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўтган йилги фаолияти бўйича O‘zLiDeP фракциясига ҳисобот берди

Жорий йилнинг 17 февраль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Олий Мажлис Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) 2019 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи тингланди.

Таъкидланганидек, инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги миллий қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга кўмаклашиш, уларга риоя этилиши мониторингини амалга ошириш, фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш, аҳолининг ва давлат органлари вакилларининг ҳуқуқий онги ва хабардорлигини ошириш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш соҳасида халқаро ҳамкорлик қилиш ҳисобот йилида Омбудсман фаолиятининг асосий йўналишлари бўлди.

Охирги уч йилда Президентимизнинг «Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида»ги қатор Фармонларига мувофиқ, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган кўплаб фуқароларимиз жазони ўташ жойларидан озод қилинди.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи Халқаро ташкилотларнинг доимий эътирозига сабаб бўлиб келган Жаслиқ қўрғонида жойлашган 19-сон ихтисослаштирилган жазони ижро этиш колониясини тугатиш ҳақидаги Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорининг қабул қилиниши инсонпарвар сиёсатнинг яна бир амалий намунаси бўлди.

Ҳисоботда айтиб ўтилганидек, 2019 йилда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда уларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) фаолиятининг ҳуқуқий асослари такомиллаштирилди. Хусусан, «Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) тўғрисида»ги Қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиб, омбудсман ҳузурида миллий превентив механизм институти жорий этилди. Унга мувофиқ Вакил қамоқда сақлаш жойларига мунтазам кириб туриш орқали қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллашнинг олдини олиш бўйича чоралар кўради.

Қайд этилишича, очиқлик ва шаффофликни таъминлашда иштирок этиш, амнистия акти қўлланилишини мониторинг қилиш Омбудсман ва унинг ҳудудий вакиллари фаолиятида алоҳида ўрин тутди. Фуқаролар Омбудсманга умумий ва электрон почта орқали, шунингдек, «ишонч телефони» орқали, шахсан қабул қилиш ва жойлардаги учрашувлар давомида мурожаат қилдилар.

Аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ва мансабдор шахсларнинг хабардор-лигини ошириш мақсадида Омбудсман ҳисобот йилида бир қатор ахборот-маърифий тадбирлар – семинарлар, тренинглар, конференциялар ўтказди.

Йиғилиш якунига кўра, фракция аъзолари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) 2019 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботни маъқулладилар ва тегишли қарор қабул қилдилар.

  • Кўрилди
    235
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+