Депутат фуқаролар мурожаатларини қабул қилиш қутилари ўрнатди

18.02.2020, 16:40

Депутат фуқаролар мурожаатларини қабул қилиш қутилари ўрнатди

O‘zLiDeP Самарқанд шаҳар Кенгаши раиси, Халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгаши депутати Фармон Очилов Обираҳмат, Расадхона, Қир маҳалласида бўлиб, аҳоли муаммоларини ўрганди.

Учрашувларда аҳолидан 10 дан ортиқ мурожаатлар келиб тушди. Мулоқотлар чоғида Обираҳмат маҳалла оқсақоли Зафар Ҳаққулов ҳудудда 1979 йилда ётқизилган сув қувурлари эскирганлигидан шикоят қилди ва уларни алмаштиришда депутатдан амалий кўмак сўради.

- Ушбу масала буйича қатор ташкилотларга мурожаат қилдик. Ичимлик суви қувури ёрилса, уни пайвандлашни иложи бўлмаяпти, чунки эскириб кетган. Шу сабабли ёриқларга пона қоқаяпмиз. Ичимлик сув қувури билан ҳазиллашиб бўлмайди. Чунки ёриқлардан инфекция тушиб касаллик тарқалиб кетиши ҳам мумкин, - деди маҳалла оқсақоли З.Хаққулов.

Сайловчилар ҳудуддаги сим ёғочларни алмаштириш ва тунги ёритгичлар ўрнатиш юзасидан ҳам халқ ноибига мурожаат қилди.

- Сим ёғочларимиз эскилигидан қиш-куз ойлари шамол ёғингарчилик пайтлари электр-энергияси таъминотида тез-тез узилишлар бўлиб туради. Маҳалламиз ҳудудида “Хўжа Дониёл” зиёратгоҳи жойлашган. Ёз ойларида кечқурунлари ҳам бу ерга сайёҳлар ташриф буюришади. Шундай пайтларда тунги ёритгичлар йўқлигидан ҳижолатда бўламиз, - деди оқсақол Эркин Саидов.- Мурожаатимиз эътиборга олиниб, муаммоларимиз ҳал бўлса, биз нуронийлар дуо қиламиз.

Маҳалладаги 96-уйда яшовчи Нўмон Раупов эса кейинги пайтда электр-энергиясидан келаётган нореал қарздорликдан шикоят қилди. Расадхона маҳалласи оқсақоли Зокиржон Сафаров эса, Чўпонота ҳудудида пайдо бўлган чиқиндиларни тозалашда амалий кўмак сўради.

- Ушбу ҳудуд Самарқанд шаҳрининг энг баҳово жойларидан бири. Аммо кейинги йилларда кечалари бу ерга ноқонуний тарзда курилиш чиқиндиларини ташлаб кетилиши ҳолатлари кузатилаяпти. Қоидабузарларни тутиб жазолаш учун кечалари навбатчилик ҳам ташкил қилдик, аммо уларни тартибга олишни иложи бўлмаяпти, - деди З.Сафаров. - Ҳудудни чиқиндилардан тозалашда амалий кўмак берсангиз. Ўзимиз тозалайлик десак маҳаллада техника йўқ.

Келиб тушган мазкур мурожаатлар юзасидан депутат Фармон Очилов мутасадди ташкилотларга депутатлик сўровлари чиқарадиган бўлди.

Шунингдек, учрашувлар жараёнида ҳар бир маҳаллада халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгаши депутати Фармон Очиловнинг фуқаролар мурожаатларини қабул қилиш қутилари ўрнатилди.

Бахтигул Қаршиева

O‘zLiDeP Самарқанд

вилоят Кенгаши

матбуот котиби

  • Кўрилди
    777
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+