Деҳқонободда тадбиркорлар кўп, муаммолари ундан ҳам кўп

20.02.2020, 10:15

Деҳқонободда тадбиркорлар кўп, муаммолари ундан ҳам кўп

Аввал  хабар берганимиздек, Қашқадарё вилоятида O'zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ва партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзоларидан таркиб топган ишчи гуруҳ фаолиятини давом эттирмоқда.

Партия депутатлари ва фаоллари деҳқонободлик тадбиркорлар билан бўлган учрашувда ишбилармонлик юртимиз иқтисодиётининг таянчи бўлиб, уларнинг фаолиятида учраётган ҳар қандай тўсиқни олиб ташлашда кўмакдош бўла олишлигини айтиб ўтди.

Учрашувда “Фарид мебель” хусусий корхонаси раҳбари Фарид Бабанов аҳоли талабига мос, замонавий мебеллар ишлаб чиқараётгани ҳақида гапириб, йил давомида ҳисобланган солиқларни халқ депутатлари туман кенгашида ўтадиган сессия муҳокамасига киритиб, йил давомида бўлиб тўлашга амалий ёрдам беришни сўраган бўлса, “Меҳрибон бизнес” хусусий корхонаси раҳбари Жасур Назаров экспортга йиғиб олаётган каврак ширасига ва каврак плантацияларига “Бионазорат” инспекциясидан рухсатнома олиш, экспортга чиқаётган маҳсулотларга йиғимларни соддалаштириш каби таклифларни ўртага ташлади.

- Қандолат ва ёғ маҳсулотлари ишлаб чиқариш учун банкдан кредит олишда муаммолар туғилаяпти, - дейди “Агро Торг” хусусий корхонаси раҳбари Нурмамат Эшбўриев. – Гаров таъминоти ҳам бор, ҳамма ҳужжатлар тайёр, шу масалада ёрдам берсангиз, аҳоли учун турли ширинликлар ва ёғ маҳсулоти ишлаб чиқариб, маҳаллий ёшларни иш билан банд этаман.

Худди шундай “Истиқлол” хусусий корхонаси раҳбари Алишер Жайловов ҳам ёғ маҳсулоти, ламинат лист, сиқиш ускунаси учун имтиёзли хорижий кредит олишга амалий ёрдам сўради.

Деҳқонободда тадбиркорлик қилиб, элга наф келтиришга интилаётган ишбилармонлар жуда кўп. Улар учун имкониятлар яратиб бериш эса бугунги куннинг энг долзарб масалаларидан саналади. Ишчи гуруҳи аъзолари учрашувда ҳар бир тадбиркор фикрларини, муаммо ва таклифларини алоҳида қайд этиб, муаммоларга ечим топишда амалий кўмак беришларини билдиришди.

    O'zLiDeP Қашқадарё вилоят кенгаши

 матбуот хизмати

  • Кўрилди
    1486
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+