Депутат ажралиш ёқасида турган оилани яраштирди

20.02.2020, 17:51

Депутат ажралиш ёқасида турган  оилани яраштирди

Пахтаобод тумани Сой маҳалласи Абжувоз кўчасида яшовчи Усанбоевлар оиласига кўз тегди. Яхшигина ҳавасли турмуш кечираётган хонадонда икки жажжи фарзанд ҳам бор. Жанжал арзимаган муаммодан чиқди. Оила соҳиби М.Усанбоев тўнини тескари кийди. Рафиқаси Зарифахон эса аразидан тушмади. Бу ҳол аста маҳаллага чиқди. Вақтида бартараф этилмаган масала катталашди. Эр отдан тушмади, хотин эгилмади. Ҳар икки тарафни маҳалла-кўй ҳам инсофга келтиролмади. Оқибат дурустгина оила ажрим ёқасида қалқиб қолди.

Халқ депутатлари Пахтаобод туман Кенгаши депутатлигига 5-Пушмон сайлов округидан сайланган Маликахон Жалолованинг мазкур ҳудуддаги учрашувлари давомида айни муаммо кўтарилгани бежиз бўлмади. Нажотни халқ ноибидан кутдилар. Тушунтирув тарғибот ишлари бекор кетмади. Хартугул оила соҳиблари инсофга келдилар. Ахир ўртада икки қоракўз жигарпора бор!

“Ўзаро келишмовчилик ҳам айрим ҳолларда катта муаммоларга сабаб бўлишини мана шу оила мисолида кўрдик, – дейди O‘zLiDeP Пахтаобод туман Кенгаши аппарат раҳбари Ферузахон Мирзараҳимова. – Кайвони отахону онахонлар вакилларини, узоқ йиллар умргузаронлик қилиб келаётган пиру бадавлат оила эгаларини таклиф қилдик. Депутатимизга раҳмат! Бир оилани сақлаб қолишга катта ёрдам берди”.

Шу куни депутат томонидан ташкил қилинган ҳудуддаги Пушмон ва Сой маҳалла фуқаролар йиғинлари аҳоли вакиллари иштирокидаги давра суҳбати қизғин мунозараларга бой ўтди. Унда қатнашган ҳар икки маҳалла участка нозирлари, “Оила” маркази туман бўлими ҳамда туманнинг қатор мутасадди ташкилотлари масъуллари фуқароларни қизиқтирган барча саволларга батафсил жавоблар берди.

 O‘zLiDeP Андижон вилоят Кенгаши

 матбуот хизмати

  • Кўрилди
    599
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+