Самарқанд шаҳридаги йўллар таъмирга муҳтож. Мутасаддилар ваъдани қачон бажаради?

20.02.2020, 17:55

Самарқанд шаҳридаги йўллар таъмирга муҳтож. Мутасаддилар ваъдани қачон бажаради?

Халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзоси Азиз Аҳроров Самарқанд шаҳридаги “Давлатшоҳ Самарқандий” МФЙ аҳолиси билан учрашди.

Учрашувда фуқаролар ҳудуддаги Фарҳод кафеси рўпарасида катта магистрал қувур ёрилиб, йиллар давомида ичимлик суви беҳудага исроф бўлаётганидан шикоят қилишди.

Маҳаллий аҳоли вакилларининг айтишича, бу ердан чиқаётган оби-ҳаёт натижасида катта ҳавуз пайдо қилиб, ботқоқлик ҳосил бўлган. Ҳовуз суви эскириши оқибатида айниқса, ёз ойларида атрофга қўланса ҳидлар тарқалади. Шунингдек, кўчага туташ 3 та хонадон ҳовлисини ва маҳалла ҳудудидаги қабристоннинг бир қисмини сув босмоқда.

Маҳалла раиси Б.Раҳматовнинг билдиришича, мазкур ҳолат юзасидан  маҳалла фаоллари бир неча бор Самарқанд шаҳар “Сувоқова” давлат унитар корхонасига мурожаат қилишган. Мурожаатдан сўнг мутасадди ташкилот вакиллари келиб ёрилган жойга пона (ёғоч қозиқ) қоқиб кетишган. Бироқ босим оқибатида тез орада яна ёриқ пайдо бўлиб, сув оқишда давом этмоқда.

“Мазкур қувурдан 3 та маҳалланинг 6 минг нафардан ортиқ аҳолиси сув истеъмол қилади. Ичимлик сувига инфекция тушса, инсон саломатлигига салбий таъсир кўрсатиши мумкин”, – дейди Б.Раҳматов.

Шунингдек, учрашувда  маҳалла фаоллари ҳудуддаги 1-кўчанинг 300 метр қисми 2018-2019 йил асфальт қилиш учун дастурга кирилган бўлса-да, таъмирланмай қолиб кетганлигидан арз қилишди.

Мурожаатчиларга кўра, 2019 йилда йўлга шағал ётқизилган, текисланган бироқ, асфальтлаш якунига етказилмаган.

“Бу масала юзасидан 2019 йил 10 март куни 20-сонли хат билан вилоят уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси бошлиғи Р.Сатторовга мурожаат қилдик. Мурожаатга жавобан, 2019 йил декабрь ойида “Дилноза Капитал Инвест” МЧЖ раҳбари ва мутасадди ташкилот вакиллари келиб муаммони ўрганди ва янги йилгача яъни, 2020 йилнинг январига қадар асфальт ишларини якунига етказишни ваъда қилишди. Мана февраль ойининг ярми ҳам ўтиб бўлди, лекин натижадан дарак йўқ”, –дейди фуқаролар.

Учрашувда шунингдек, кўчаларга тунги ёритгич чироқлари ўрнатиш, электр узатиш трансформаторларини жорий таъмирлаш, маҳаллани ободонлаштириш ва бошқа масалаларга оид мурожаатлар тингланиб, мурожаатлар юзасидан тегишли ташкилотларга депутатлик сўрови юборилди.  

Бахтигул ҚАРШИЕВА,

O‘zLiDeP Самарқанд

вилоят Кенгаши

матбуот котиби

  • Кўрилди
    207
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+