Кафтдеккина ердан каттагина даромад олаётган томорқачилар

21.02.2020, 15:13

Кафтдеккина ердан каттагина даромад олаётган томорқачилар

Аввал хабар берганимиздек, Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари ҳамда O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитасининг масъул ходимлари аҳоли томонидан сайловолди жараёнларида кўтарилган масалаларнинг мақбул ечимларини топиш, аҳоли вакилларининг яшаш, турмуш шароитларини ўрганиш мақсадида Қашқадарё вилоятида иш олиб боришмоқда.

Маълумки, кафтдеккина томорқа ҳам беқиёс даромад манбаи. Ундан ўрнида, унумли, ер илмини пухта билган ҳолда фойдаланган кишининг рўзғорига қут-барака киради. Буни Қарши туманидаги Талликурон маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида истиқомат қилаётган аҳоли вакиллари аллақачон ўз тажрибаларидан ўтказишган.

Депутатлар шу қишлоқ аҳолиси хонадонларига боришганида баҳри дили очилиб кетди. Чунки аҳоли томорқасини гуллатиб қўйибди. Шу қишлоқнинг ўзида аҳоли томорқасида 49 та иссиқхона барпо этилгани ҳам сўзимизга аниқ мисол бўла олади. Бинобарин талликуронликлар қишин-ёзин ички бозорни бодринг, помидор, лимон, мандарин, исмалоқ ва кўкатлар билан таъминлаб келишмоқда.

Депутатлар талликуронлик Тоштемир Расулов хонадонида 5 сотих ерда кўкат барқ уриб ўсиб турганини кўришди. Шу кўкатнинг ўзидан бу хонадон 2-3 миллион сўм даромад олаётган экан. Кўкатлар ўрнига помидор, бодринг ва ловия етиштиришади. Исомиддин Худайназаров дала томорқасидан бир йилда 3-4 марта ҳосил олиб, 5 миллион сўмгача даромад қилар экан.

Раъно Худойназарова 3 сотих иссиқхонасидан 30-40 миллион сўмгача даромад олаётганини айтди. Помидор ва бодринг билан бирга исмалоқ,  редиска ва петрушка экиб, бозорга чиқаради. Ўқитувчи Нодира Раҳмонованинг 3 сотих иссиқхонасида бодринг пишиб ётибди. У ишдан бўш вақтида иссиқхонасида ишлаб, яхшигина даромад олаётганини, келгусида иссиқхонани янада кенгайтириш учун банкдан кредит олишда ёрдам сўради. Томорқачи кўтарган масала бўйича Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши жамғармаси томонидан унга 30 миллион сўм миқдорида кредит ажратиладиган бўлди.  

Томорқачилар депутатлар билан мулоқотда баъзи муаммоларни ҳам рўй-рост айтишди. Яъни томорқа хизмати фаолияти қониқарсиз даражада. Аҳоли минерал ва маҳаллий ўғит топишда муаммоларга дуч келишаяпти. Ҳудудга мос навларни етказиб бериш, енгил конструкцияли ихчам иссикхона ускуналарини топишда ҳам қийинчиликларга дуч келишмоқда. Бу масалалар ишчи гуруҳи томонидан назоратга олиниб, бартараф этишга кўмаклашилди.  

- Иссиқхонани қурганимга 10 йил бўлди, - дейди тумандаги Мирмирон маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Улуғбек Қаршиев. – Бошланишида камроқ, ҳозирги кунда эса иссиқхона майдони 15 сотихга етди. –Иссиқхонада гуллар ўстираман, мандарин ва апельсиндан ҳам ҳосил ола бошладим. Лимонлардан мўл ҳосил олиб, ички бозорга чиқараяпман. Шу кунларда папая дарахти ўстириб, кўчат етиштираяпман. Иссиқхона оила учун кони фойда. Буни ўз тажрибам синовидан ўтказдим.

Шу тумандаги Батош маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида ўтган йили  “Жаҳон Машҳур Рисола” масъулияти чекланган жамияти томонидан 2,5 гектар жойда Туркия технологияси асосида 950 минг АҚШ доллар кредит эвазига автоматик бошқариладиган замонавий иссиқхона барпо этилган эди.  O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитасининг масъул ходимлари ва депутатлар замонавий иссиқхона фаолияти билан ҳам танишдилар.

Жамият иш бошқарувчиси Муҳриддин Камолов хориж технологияси асосида барпо қилинган замонавий иссиқхона имкониятлари ҳақида қуйидагиларни гапириб берди:

- Бу технологиянинг афзаллик жиҳати шундаки, кўчат касалликка кам чалинади, ҳарорат меъёрида бўлади, энг муҳими ҳосил эрта пишади, - дейди у. – Ўтган йили сентябрь ойида помидор кўчати экиб, 150 тонна ҳосил олдик. 400 минг АҚШ доллари миқдорида даромад келди. 30 нафар маҳаллий ёшни иш билан банд этганмиз.

Депутатлар бундай инновацион, автоматик тарзда бошқариладиган иссиқхоналар Қашқадарёга кўплаб олиб келинса, вилоятнинг экспорт имконияти янада кенгайишини, иш ўринлари кўпайишини ва аҳоли даромади ошишини таъкидлаб ўтишди.

Ишчи гуруҳи фаолиятини вилоятдаги бошқа туманларда давом эттирмоқда.

O‘zLiDeP Қашқадарё вилоят кенгаши

 матбуот хизмати

  • Кўрилди
    832
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+