Эронлик инвестор O'zLiDeP депутатларига таклиф билан чиқди

21.02.2020, 15:18

Эронлик инвестор O'zLiDeP депутатларига таклиф билан чиқди

Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари ҳамда O'zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитасининг масъул ходимлари аҳоли томонидан сайловолди жараёнларида кўтарилган масалаларга ечим топиш, аҳоли яшаш ва турмуш шароитларини ўрганиш мақсадида Ғузор туманида бўлишди.

Дастлаб ишчи гуруҳ тумандаги “Pooya Polymer Guzar” корхонаси фаолияти билан танишишди. Корхона таъсисчиси, эронлик инвестор Музсабо Аскарий билан учрашиб, мавжуд муаммоларни ўрганишди. Инвестор томонидан 400 минг АҚШ доллари миқдоридаги маблағ ҳисобига Хитойдан томчилатиб суғориш линияларини (труба ва лента) ишлаб чиқаришга мўлжалланган ускуналар келтирилган. Айни пайтда уларни ўрнатиш ишлари олиб борилаяпти. Корхона тўлиқ ишга тушганидан сўнг 25 нафар маҳаллий йигит-қиз доимий иш ўрнига эга бўлади. 

“Pooya Polymer Guzar” корхонаси раҳбари томонидан депутатларга ишни ташкил этиш бўйича учраётган муаммо ва таклифлар билдирилди. Хусусан, тадбиркор корхонанинг ерга эгалик қилиш ҳуқуқи, электр тармоғига уланиш, сув билан боғлиқ масалалар ишни самарали йўлга қўйишга тўсиқ бўлаётганини баён қилди. Маълум бўлишича корхона жойлашган ҳудуд “Шўртаннефтгаз” унитар корхонасига қарашли бўлиб, ҳозирги кунда туман ҳокимлиги қарори чиқарилганига қарамасдан юқорида тилга олинган масалалар ҳал этилиши пайсалга солинаяпти.

Депутатлар кўтарилган масалаларни атрофлича ўрганиб, қисқа фурсатда мутасаддиларга депутатлик сўрови жўнатиш ва вазиятни тўлиқ назоратга олишларини маълум қилишди.

Қолаверса, инвестор томонидан қуйидаги таклиф ҳам ўртага ташланди. Яъни айни пайтда инвестор Эрондан труба ва лента ишлаб чиқариш бўйича хом ашё олиб келишни режалаштириб турибди. Лекин, ушбу маҳсулотларни олиб кириш учун 40 фоиз давлат божи тўланиши лозим. Бу борада қандайдир имтиёз яратиш бўйича таклиф билдирди.

Шундан сўнг Ғузор туманидаги энг чекка ҳудудлар - “Шерали” МФЙ, “Ёнқишлоқ” МФЙ ҳамда Ғузор тумани марказидаги томорқа ерларидан фойдаланиш ҳолати ва аҳолини қийнаб келаётган баъзи муаммолар ўрганилди. Ушбу ҳудудлардаги 10 нафар кам таъминланган оила хонадонига 5-7 тупдан олма, беҳи, шафтоли ва ўрик дарахти кўчатлари ўтқазилди. Полиз ва сабзавот уруғлари тарқатилди.

Мисол учун “Шерали” ҚФЙда яшовчи Шавкат Низомов 25 сотих томорқасига шолғом ва сабзи эккан. Унинг кичик иссиқхонасида 30-40 минг туп булғор қалампири, 10 минг туп помидор кўчати парваришланмоқда. Бу томорқачи томонидан маҳаллага кираверишдаги кўприк таъмирталаб эканлиги, ўзи истиқомат қилаётган уй устидан юқори кучланишли электр сими ўтганлиги, уни бошқа жойга кўчириш, кўприкни таъмирлаш масаласи айтилди. Депутатлар шу жойнинг ўзида мутасаддиларга мурожаат қилиб, муаммони назоратга олишди.

Шунингдек, Ғузор туманидаги деҳқон бозори ҳам кўздан кечирилди, сотувчилар ва харидорлар билан мулоқот ўтказилди.

O'zLiDeP Қашқадарё вилоят кенгаши

 матбуот хизмати

  • Кўрилди
    357
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+