Ўзбекистон – Туркия: стратегик ҳамкорликнинг янги босқичи

24.02.2020, 11:30

Ўзбекистон – Туркия: стратегик ҳамкорликнинг янги босқичи

Ўзбекистон билан Туркияни муштарак тил ва тарих, ўхшаш маданият ва анъаналарга асосланган яқин дўстлик, қардошлик ришталари ўзаро боғлаб туради. Ҳар икки халқнинг дини бир, маданияти, урф-одатлари ўхшаш.

Агар тарихга назар солсак, Туркия Республикаси Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллигини биринчи бўлиб тан олган. 1996 йилда мамлакатларимиз ўртасида Абадий дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома имзоланган.

Сўнгги йилларда ҳам Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги муносабатларда янги саҳифа очилди. Бунда Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Режеп Таййип Эрдўғоннинг сиёсий иродаси, қатъияти муҳим асос бўлди. Яъни, икки мамлакат раҳбарлари ўртасидаги дўстона алоқалар, мунтазамлик касб этаётган учрашувлар, самимий мулоқотлар ўзаро ҳамкорлик ривожига катта туртки бермоқда.

Шуни алоҳида таъкидлаш ўринлики, Ўзбекистон ва Туркия ҳамкорлиги икки томон учун ҳам манфаатли. Мамлакатимизнинг бозори, тобора эркинлашаётган иқтисодиёти, қулай инвестициявий муҳити Туркияни қизиқтиради. Ўзбекистонда қулай бизнес муҳитини яратиш бўйича қилинаётган ўзгаришлар ва хорижий инвесторларга яратиб берилаётган шарт-шароит ва имкониятлар туркиялик ишбилармонларнинг юртимизга қизиқишини оширмоқда. Жумладан, охирги йилларда ўзаро савдо ҳажми икки баробардан зиёдга ортди. Қўшма ширкатлар сони салкам мингтага кўпайди. Транспортда ташиш кўламлари жадал кенгайиб бормоқда.

Бугунги кунда Туркия компаниялари мамлакатимизда қурилиш, энергетика, тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати, туризм, хизмат кўрсатиш ва бошқа соҳаларда фаолият юритмоқда. Бунда қўшма сармоявий лойиҳалар ижроси назоратга олингани, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналарида юқори қўшимча қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш рағбатлантирилаётгани муҳим омил бўлмоқда. Масалан, 2019 йилда Туркиянинг “Calik Enerji” компанияси иштирокида Навоий иссиқлик электр станциясининг иккинчи буғ-газ қурилмаси ишга туширилди.

Охирги уч йилда алоқалар стратегик шериклик даражасига чиқди. Президентлар 7 маротаба учрашди. Мазкур учрашувлар ўзаро алоқалар динамикасига ижобий таъсир кўрсатди, бир-бирини тўғри англаш, ўзаро ишонч ва манфаатли ҳамкорликка бўлган интилиш анчайин кучайди. Мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро манфаатли дўстона муносабатлар изчил ривожланмоқда. Барча даражадаги мулоқотлар кескин фаоллашди.

Туркия Ўзбекистоннинг муҳим савдо шерикларидан бири ҳисобланади. Кейинги йилларда қулай инвестициявий ва ишбилармонлик муҳити самарасида турк бизнеси вакиллари юртимиздаги фаолиятини кенгайтирди. 2019 йилда ўзаро савдо ҳажми 2,5 миллиард АҚШ долларидан ошди. Айни пайтда Туркия билан 500 миллион долларлик инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда.

Дўстона учрашув ва музокараларнинг асосий натижаси ўлароқ, икки томонлама муносабатлар сифат жиҳатдан янги босқичга – стратегик шериклик даражасига кўтарилди.

Шавкат Мирзиёев ва Режеп Таййип Эрдоғаннинг  яқин дўстлиги, ўзаро самимий ҳурмати ва ишончи мамлакатларимиз ҳамкорлиги ривожида муҳим ўрин тутмоқда. Президентларнинг ҳар бир учрашуви икки давлат муносабатлари кўламини янада кенгайтириш имконини бермоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил октябрда Туркияга ҳамда Режеп Таййип Эрдоғаннинг 2018 йил апрелда Ўзбекистонга давлат ташрифлари ўзаро сиёсий ишончни мустаҳкамлаб, самарали ҳамкорликка кенг йўл очди. Ўзбекистон ва Туркия Президентларининг бу галги учрашуви ўзаро манфаатли ва фаол мулоқотнинг мантиқий давомидир. Мазкур ташрифни халқларимиз муносабатларида тарихий ташриф, десак асло муболаға бўлмайди.

Чунончи, музокаралар давомида “Ronesans Holding” билан “Ўзбекистон металлургия комбинати” акциядорлик жамиятини модернизация қилиш ва ривожлантиришга 630 миллион евро, Олмалиқ кон-металлургия комбинатига 4,1 миллиард доллар тўғридан-тўғри инвестициялар киритиш, шунингдек, шифохоналар ва савдо марказларини қуриш бўйича умумий қиймати қарийб 3 миллиард долларлик янги лойиҳаларни амалга ошириш тўғрисида келишувларга эришилди. Мамлакатларимиз ҳамкорлигига оид барча масалалар ва уларнинг ечимлари, истиқболдаги асосий вазифалар ҳамда қўшма лойиҳалар келишиб олинди. Айниқса, буюк тарихга эга бўлган икки давлат ўртасидаги дўстона муносабатлар, халқларимиз урф-одат ва анъаналарининг муштараклиги, халқаро майдонда доимо бир-бирини қўллаб-қувватлаб келгани Ўзбекистон—Туркия ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини янги стратегик босқичга кўтариш имконини берди.

Умуман олганда, давлатимиз раҳбарининг Туркияга ташрифи мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларда янги саҳифа очди ва икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликнинг муҳим истиқболларини белгилаб берди. Давлатларимиз ўртасида эришилган келишувлар эса, икки давлат муносабатлари ва қардош халқлар дўстлигини ҳар томонлама мустаҳкамлашга хизмат қилиши шубҳасиз.

Актам ҲАИТОВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

Қонунчилик палатаси Спикер ўринбосари,

O'zLiDeP фракцияси раҳбари

  • Кўрилди
    960
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+