O‘zLiDeP фракцияси бир қатор қонун лойиҳаларига ўз таклифларини билдирди

25.02.2020, 11:28

O‘zLiDeP фракцияси бир қатор қонун лойиҳаларига ўз таклифларини билдирди

Жорий йилнинг 24 февраль куни Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда дастлаб, «Маҳалла тизими ходимлари кунини белгилаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

Қайд этилганидек, маҳалла тизими жамиятимизнинг энг муҳим ва таянч бўғини ҳисобланади. Шу боис Президентимиз раҳнамолигида маҳалла институтининг вазифа ва ваколатларини кенгайтириш, давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари тизимидаги ролини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Уни ривожлантириш борасида қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, маҳалла институтига оид 38 та қонун ва меъёрий ҳужжат қабул қилинди, 50 дан ортиғи такомиллаштирилди. Жамият ҳаётида жонбозлик кўрсатган соҳа ходимлари давлат мукофотлари билан тақдирланди. Фуқаролар йиғинлари раислари ва масъул котибларининг ойлик иш ҳақи ўтган йилнинг ўзида 1,5 баробар оширилди.

Жорий йил 12 февраль куни Президентимиз раислигида бўлиб ўтган йиғилишда ҳам бу масалага алоҳида эътибор қаратилиб, маҳалла фаолиятини тубдан янгилаш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди. Айниқса, ушбу улкан соҳага масъул алоҳида давлат идораси – Маҳалла ва оила масалалари вазирлигини ташкил этилгани айни муддао бўлди. Чунки янги вазирлик маҳалладан тортиб республика даражасигача 40 мингдан ортиқ ходимни бирлаштиради ва уларнинг «бир ёқадан бош чиқариб», ягона мақсад йўлида фаолият кўрсатишларини таъминлайди.

Фракция аъзолари «Маҳалла тизими ходимлари кунини белгилаш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини муҳокама қилар экан, маҳалла институтининг роли ва аҳамиятини ошириш, аҳолининг чинакам кўмакдошига айлантириш, тинчлик-тотувлик, осойишталикни таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида тўхталдилар.

Депутатлар томонидан таъкидлаб ўтилганидек, жамиятда аҳоли осойишталиги ва қонун устуворлигини таъминлаш, ижтимоий маънавий муҳитни соғломлаштиришда маҳалла институтининг роли катта. Мазкур институтнинг мавқеини янада ошириш мақсадида, шунингдек, маҳалла тизимлари ходимлари фаолияти жамиятда муҳим аҳамиятга эга эканини инобатга олиб, ушбу қонун лойиҳаси билан 22 март кунини маҳалла тизими ходимлари куни этиб белгилаш таклиф этилмоқда.

Қонун лойиҳаси тегишли ташкилот ва идоралар билан келишилган ҳамда жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиш учун Ўзбекистон Республикасининг Ягона интерактив давлат хизматлари порталига жойлаштирилган. Ўтган вақт давомида мазкур лойиҳа бўйича 20 га яқин таклифлар келиб тушган ва уларнинг аксарият қисми қонун лойиҳасида ўз аксини топган.

Фракция аъзолари қонунларнинг юқори сифати ва барқарорлигига эришиш, уларни ҳаётга татбиқ этишнинг ишончли механизмини яратиш партия депутатлик корпусининг дастурий вазифаси эканини қайд этиб,  таклиф этилаётган қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлашди.

Бугун тўйлар ва бошқа маросимларда меъёридан ортиқ дабдаба, исрофгарчиликка йўл қўйиш каби ҳолатлар давом этаётгани энг оғриқли муаммолардан бири бўлиб қолмоқда. Шу сабабли тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш тизимини янада такомиллаштиришга эҳтиёж туғилмоқда.

Йиғилишда депутатлар «Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳасини  ҳам атрофлича муҳокама қилдилар.

Фракция аъзоларининг айтишича, мазкур қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2019 йил 14 сентябрдаги Қўшма қарори билан тасдиқланган Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни ихчам ўтказилишини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар дастурининг 3-бандига асосан тайёрланган.

Лойиҳа билан тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказиш тартибини бузиш, жумладан, Қўшма қарор билан тасдиқланган Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш тўғрисидаги низомнинг 2-бобида белгиланган тадбирлар ўтказиш тартибига қўйиладиган умумий талабларга риоя қилмаслик учун маъмурий жавобгарлик белгиланиши кўзда тутилмоқда.

Шунингдек, ушбу низомнинг 19-бандига мувофиқ, ички ишлар органлари профилактика инспектори фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан биргаликда фуқаролар ўртасида тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни ихчам ва камхарж ўтказишга, тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларнинг шуҳратпарастлик ва дабдаба билан ўтказилишининг олдини олишга қаратилган аниқ ва мақсадли профилактик тадбирларни ташкил этиши, шунингдек, бундай тадбирлар давомида жамоат тартибини таъминлаши белгиланган.

Шу сабабли, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилиши таклиф этилаётган ҳуқуқбузарликни аниқлаш, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузиш ҳамда ўрнатилган тартибда маъмурий судга юбориш масаласини ички ишлар органларига юклаш таклиф этилмоқда. Шу билан бирга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилиши таклиф этилаётган маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишларни маъмурий судлар томонидан кўриб чиқилиши белгиланмоқда.

Баҳс-мунозара, қизғин муҳокамалардан сўнг мазкур қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди.

Йиғилишда фракция ваколатига кирувчи бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди ва тегишли қарор қабул қилинди.

  • Кўрилди
    683
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+