Минглаб юртдошларимизнинг орзулари ушалади

25.02.2020, 15:34

Минглаб юртдошларимизнинг орзулари ушалади

“Фуқаролик масалаларига оид қонунчиликни такомиллаштириш орқали инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасида, навбатдаги муҳим қадам қўйиш зарурлигини ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда. Жумладан, мамлакатимизда узоқ вақтдан бери яшаб келаётган, лекин Ўзбекистон фуқароси деган ҳуқуқий мақомга эга бўла олмаётган, минглаб юртдошларимизнинг ана шу муаммосини қонуний ҳал қилиш бўйича, ташкилий-ҳуқуқий чораларни кўриш вақти келди, деб ўйлайман”, – дея таъкидлаган эди Президентимиз Олий Мажлисга йўллаган мурожаатномасида.

Давлатимиз раҳбарининг бу сўзлари минглаб юртдошларимизнинг олқишига сазовор бўлди. Зеро, фуқаролик — ҳар бир шахсга барча фуқаролар қатори тенг шароит ва имкониятлардан фойдаланиш ҳуқуқини берувчи муҳим ижтимоий-сиёсий ҳуқуқ ҳисобланади. Ватанимиз ҳудудида туғилиб, яшаб, ишлаб, бироқ муайян сабабларга кўра, ана шундай муҳим ҳуқуқ — Ўзбекистон фуқаролигини ололмай юрган юртдошларимиз ҳам оз эмас. Шу муносабат билан охирги уч йилда Президентимиз ана шундай оғриқли масаласи бор кўплаб юртдошларимизга Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини берди.

Чунончи, мамлакатимизда амалга оширилаётган барча ислоҳотлар замирида инсон манфаатларини таъминлаш, халқни рози қилиш мужассам. Президентимиз ҳам парламентга қилган мурожаатномасида бу масалага алоҳида тўхталиб, 1995 йилгача Ўзбекистонга келган ва шундан буён истиқомат қилаётган шахсларга Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги автоматик тарзда берилиши лозимлини таъкидлаган эдилар. Сабаби бу орқали 50 мингга яқин юртдошларимизнинг фуқаролик билан боғлиқ, узоқ йиллардан буён ечилмай келаётган муаммолари ҳал этилади.

Яқинда парламент аъзолари томонидан қизғин муҳокама қилинган “Ўзбекистон Республикасининг фуқоролиги тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ҳам айни масалаларга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Шу сабабли Вазирлар Маҳкамаси томонидан тақдим этилган ушбу лойиҳа депутатлар томонидан кўриб чиқилди ва қўллаб-қувватланди. Нега десангиз, қонун лойиҳасида  Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Фуқаролик масалалари бўйича комиссиянинг мақоми, асосий вазифалари ва ваколатлари акс эттирилди, консуллик ҳисобига турмаслик муддати уч йилдан етти йилга узайтирилди. Шу билан бирга бугунги давр талабидан келиб чиқиб, ахборот технологияларини қўллаган ҳолда фуқаролик масалаларини кўриб чиқишда идоралараро электрон ҳамкорлик механизмлари яратилди.

Яна бир гап. Мазкур қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда 1961 йилги Фуқаросизликни қисқартириш тўғрисидаги конвенция, 1997 йилги Фуқаролик тўғрисидаги Европа конвенцияси, 1989 йилги Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция, шунингдек, Германия, РФ, Қозоғистон, Беларусь каби хорижий давлатлар тажрибаси ўрганилди.

Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши натижасида Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига қабул қилиш тартиб-таомиллари либераллаштирилади. Қолаверса, фуқароликни олиш мақсадида тақдим этилиши лозим бўлган ҳужжатлар сони қисқариб, фуқароларни консуллик ҳисобига туриш муддати узайтирилади.

Нигора ҚУТЛИМУРАТОВА, 

Олий Мажлис Қонунчилик

палатасидаги OzLiDeP

фракцияси аъзоси

  • Кўрилди
    488
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+