O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи Наманган вилоят мактабгача таълим бошқармаси фаолиятини таҳлил қилди

26.02.2020, 15:46

O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи Наманган вилоят мактабгача таълим бошқармаси фаолиятини таҳлил қилди

Халқ депутатлари Наманган вилоят Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Дастлаб партия депутатлик гуруҳининг 2020 йил иш режасига мувофиқ, Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида белгиланган мактаб ёшигача бўлган болаларни мактабгача таълимга қамраб олиш, давлат шерикчилиги асосида хусусий мактабгача таълим муассасаларини ташкил этиш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида Наманган вилоят Мактабгача таълим бошқармаси бўлим мудирининг ҳисоботи эшитилди.

Ҳисоботда таъкидланишича, ўтган йил якунларига кўра вилоятда 3-7 ёшли болалар сони 227 968 нафарни ташкил этган бўлса, шундан 120531 нафари ёки 52.9 фоизи 1223 та (560 та давлат, 72 та хусусий, 23 та давлат хусусий шерикчилик, 568 та оилавий) мактабгача таълим муассасаларига қамраб олинган. Жорий йилнинг 25 февраль ҳолатига кўра 126450 нафар болажонлар 1244 та мактабгача таълим ташкилотларига жалб этилди.

Бугунги кунда 6 ёшли болаларни мажбурий таълимга қамраб олиш бўйича мактабгача таълим ташкилотлари, касб-ҳунар коллежлари, умумтаълим мактаблари ҳамда маҳаллалардаги бўш турган биноларда гуруҳлар ташкил этилмоқда.

Йиғилиш давомида Наманган шаҳрини ободонлаштириш ҳамда вилоятдаги мавжуд автомобил йўлларида ҳавфсизликни таъминлаш, йўл белгиларини ўрнатиш, йўллардаги тартибсизликларни бартараф этиш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан соҳа мутахассисларининг  ҳисоботлари ҳам тингланди.

Маълумотларга қараганда, вилоятимизда 174 та светафор иншоотлари, 2342 дона йўл белгилари мавжуд. 2019 йил давомида транспорт воситалари ва пиёдаларни хавфсиз ҳаракатланишини таъминлаш юзасидан 20 дона светафор иншооти қуриб, ишга туширилди, 3 та эски типдаги светафорлар қайта таъмирланди, 85 та янги йўл белгилари ўрнатилди, 809 дона эски йўл белгилари янги типдагисига алмаштирилди. Жорий йилнинг январь-февраль ойларида эса 272 дона йўл белгилари янгиланди.

Кун тартибида муҳокама қилинган барча масалалар юзасидан депутатларнинг танқидий-таҳлилий фикр-мулоҳазалари билдирилди. Муҳокама қилинган масалалар юзасидан ҳар бир депутат ўз сайлов округида сайловчилар билан учрашиб, мавжуд муаммоларни ечими юзасидан таъсирчан депутатлик назоратини ўрнатишга келишиб олдилар.

Юлдуз ЮЛДАШЕВА,

O‘zLiDeP Наманган вилоят

Кенгаши матбуот котиби

  • Кўрилди
    852
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+