O‘zLiDeP Давлат бюджетидан ажратилаётган маблағлар мақсадли ва самарали ишлатилиши устидан назоратни бошлади

26.02.2020, 17:54

O‘zLiDeP Давлат бюджетидан ажратилаётган маблағлар мақсадли ва самарали ишлатилиши устидан назоратни бошлади

Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 20 январь куни бўлиб ўтган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси биринчи йиғилишидаги маърузасида Давлат бюджетидан ажратилган маблағларнинг мақсадли ва самарали ишлатилиши депутатлар томонидан доимий назоратга олиниши зарурлиги алоҳида таъкидлаб ўтилган эди. Жумладан, давлатимиз раҳбари ўз маърузасида: “Кейинги пайтда ҳудуд ва минтақаларимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш мақсадида давлат томонидан катта ҳажмдаги маблағлар йўналтирилмоқда. Лекин бу маблағларнинг тўғри ва самарали ишлатилишини назорат қилиш борасида, авваламбор, шу ҳудудлардан сайланган депутатларимизнинг иштироки деярли сезилмаяпти”, деган эди.

Шундан келиб чиқиб, O‘zLiDePдан сайланган депутатлар — мазкур партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари томонидан Давлат бюджети ва мақсадли жамғармалар ҳисобидан ажратилган маблағларнинг натижадорлигини ҳисобга олган ҳолда, уларнинг мақсадли ва самарали ишлатилиши юзасидан ўрганишлар ўтказилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 15 июлдаги фармойиши билан Тошкент вилоятининг туман (шаҳар)лари ижтимоий соҳа муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, йўл-транспорт ва муҳандислик-коммуникация тизимини ҳамда тоза ичимлик сув билан таъминлаш орқали аҳолининг турмуш шароитини янада яхшилаш мақсадида Давлат бюджетидан қўшимча равишда 1100,0 млрд. сўм маблағ ажратилиши белгиланган. Ҳақиқатда 2019 йилда 1054,6 млрд. сўм молиялаштирилган ва 1094,3 млрд. сўмлик ишлар бажарилган. Жумладан, умумтаълим мактабларини қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш учун 56 та объектда 193,9 млрд. сўм, соғлиқни сақлаш муассасаларини қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш учун 71 та объектда 305,6 млрд. сўм, ичимлик ва оқова сув тармоқлари тизимини яхшилаш учун 34 объектда 312,0 млрд. сўм ҳамда автомобиль йўллари ва шаҳар кўчаларини қуриш, реконструкция қилиш ва жорий таъмирлаш учун 547 та объектда 282,8 млрд. сўмлик ишлар бажарилган.

Бугунги кунда ажратилган маблағларнинг тўғри йўналтирилгани, бажарилган иш ҳажмларининг сифати ҳамда мақсадли ва самарали ишлатилаётгани бўйича Молия вазирлиги Давлат молиявий назорати департаменти томонидан текширишлар ўтказилмоқда.

O‘zLiDePнинг парламент қуйи палатасидаги фракцияси аъзолари томонидан бевосита жойларга чиққан ҳолда, ҳақиқий ҳолатни ўрганиш ишлари олиб борилмоқда. Биз — парламент аъзолари Давлат бюджети маблағларининг ҳар бир сўми мақсадли ва самарали сарфланиши ҳамда натижадорлиги бўйича жамоатчилик назоратини кучайтириш зарур, деб ҳисоблаймиз.

Атхам НАЗИРҚУЛОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси депутати,

O‘zLiDeP фракцияси аъзоси

  • Кўрилди
    805
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+