Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари А.Хаитов Сурхон ёшлари билан мулоқот қилди

27.02.2020, 11:01

Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари А.Хаитов Сурхон ёшлари билан мулоқот қилди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикер ўринбосари, O‘zLiDeP фаракцияси раҳбари Актам Хаитов Сурхондарё вилоятидаги корхона, ташкилот, муассаса ва аҳоли хонадонларида бўлиб, сайловчилар билан юзма-юз мулоқот қилмоқда.

Партия етакчиси дастлаб сурхондарёлик фаол ёшлар билан учрашди. Самимий, турли таклиф ва мулоҳазаларга бой ўтган учрашувда А.Хаитов Президентимизнинг Олий Мажлисга қилган Мурожаатномасида ўртага ташланган масалалар ва қилинажак вазифалар хусусида тўхталиб, уларнинг жамият ва бизнинг ҳаётимизда қандай аҳамиятга эга эканлигини ҳаётий мисоллар билан тушунтириб берди. Жумладан, ер бериш масаласига доир қонунчилигимиздаги камчиликлар, тўй-ҳашамларни ортиқча сарф-харажатларсиз, дабдабаларсиз ўтказиш, рақамли иқтиссодиётнинг афзалликлари, Ўзбекистонда мукаммал шакллантирилмаган суғурта бозори ҳамда камбағалчиликни камайтиришда “Намунали томорқачи”ларни кўпайтириш йўллари ҳақида аниқ таҳлилларга асосланган фикрлар билдирилди.

Вилоят касаба уюшмаси ташкилотлари бирлашган жамияти биносида ўтказилган учрашувда партиянинг Термиз шаҳар ҳамда вилоят Кенгашлари депутатлари, “Аёллар қаноти” ва Ёшлар билан ишлаш бўлими вакиллари ҳам  иштирок этишди. Унда иштирок этган партиянинг фаол ёшлари эса қатор таклифларини айтиб, уларни қийнаётган масалалар юзасидан депутатларга мурожаат қилишди.

— Сир эмас Олтинсой тумани узумчилик ва олма етиштиришга ихтисослашган туманлардан бири, — дейди Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети Термиз филиали талабаси Фарҳод Ражабов. — Аммо бизда етиштириладиган олма навлари экспортбоп эмас, яъни узоқ сақланмайди. Самарқанд вилоятида туркиялик ишбилармонлар томонидан олманинг “пинк леди” деган нави етиштирилишини эшитганман ва у ички бозорга эмас, балки фақат четга экспорт қилинади. Бу олма нави асосан, Европа давлатларига экспорт қилинади, холос. Воҳада ҳам ана шу олмани ўзимизнинг олма навларига пайвандлаб, етиштиришни йўлга қўйиш лозим. Кейин бизда меваларни пайвандлаш, янги навлар яратишни ўргатадиган мактаблар йўқ. Ёшлар учун ана шундай мактаблар ташкил этилса, нур устига нур бўларди.

— Мен Фарғона вилоятининг Водил қишлоғидан бу ерга ўқишга келганман, — дейди яна бир талаба Садоқат Шарофиддинова. — Бизнинг Водил қишлоғимизда малина меваси етиштирилади ва аҳолининг кўпчилиги шундан даромад қилади. Сурхондарёда ҳам Водилнинг об-ҳавосига ўхшаш салқин ҳудудлар бор. Масалан Бойсун тумани. Ана шу туманда малина етиштириш йўлга қўйилса, воҳа аҳолиси ҳам бу фойдали мевадан баҳраманд бўлишарди. Қолаверса, йилда бир мартагина бозорларда бир-икки кўриниш бериб, устига-устак ўта қиммат нархда сотиладиган бу меванинг нархи ҳам ҳамёнбоп бўларди. 

А.Хаитов бу таклифларга жавобан, Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳомийлиги асосида “Томорқачилар мактаби” ташкил этилиши, шунингдек, малина етиштирмоқчи бўлган ташаббускорлар учун керак бўлса, Водилга юбориб бўлса-да тажриба аламашишига кўмаклашиш, кредит ёки ер ажратилиши билан боғлиқ масалаларда ҳам кўмаклашишини билдирди.

Бундан ташқари, талабалар, ўқитувчилар Термиз шаҳридаги автобуслар ҳаракати, шаҳарда автобуслар тўхташи учун бекатлар етарлича қурилмагани, олий ўқув юртларига кириш бўйича қабул квоталари ҳудудлардаги эҳтиёж ва талабларга қараб ҳам имтиёз берилиши, ўқишга кира олмай, уйда бекор қолган ёшларни жамоат ташкилотлари назоратга олиб, уларни фойдали иш билан банд қилиш ҳақидаги таклифларни ҳам айтиб ўтишди.

O‘zLiDeP Сурхондарё вилоят Кенгаши

матбуот хизмати

  • Кўрилди
    907
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+