Қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар соҳасида давлат органларининг ваколатлари аниқ белгиланмоқда

27.02.2020, 17:56

Қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар соҳасида давлат органларининг ваколатлари аниқ белгиланмоқда

Кейинги йилларда мамлакатимизда маҳаллий заргарлик тармоғини тиклаш ва ривожлантириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Ишлаб чиқарувчиларга қимматбаҳо металлардан фойдаланиш имкониятининг берилиши эса ишлаб чиқарилаётган маҳаллий заргарлик маҳсулотлари ҳажмини кенгайтириш имконини яратди.

Аммо соҳада амалга оширилаётган чора-тадбирларга қарамай, айрим камчиликлар ҳам мавжудки, улар инвестицияларни фаол жалб қилиш, сифатли заргарлик маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича фаолият юритаётган қувватларни модернизация қилиш ва янгиларини ташкил этиш, ушбу маҳсулотлар экспортини кенгайтиришга тўсқинлик қилмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг куни кеча бўлиб ўтган мажлисида ҳам депутатларнинг қизғин муҳокамасига сабаб бўлган ҳужжатлардан бири “Қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар тўғрисида”ги қонун лойиҳаси бўлди.

Хўш, ушбу ҳужжатнинг мазмун-моҳияти нимада? Бу билан қонунчилигимизда қандай янгиликлар ўрин олмоқда?

Аввало шуни алоҳида таъкидлаш ўринлики, мазкур қонун лойиҳаси Президентимизнинг 2019 йил 18 майдаги “Ўзбекистон Республикасида заргарлик тармоғини жадал ривожлантириш чоралари тўғрисида”ги Фармони ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган. Лойиҳадан кўзланган мақсад қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар муомаласи соҳасидаги муносабатларни комплекс ҳуқуқий тартибга солиш, заргарлик буюмлари асиллик даражасини белгилаш, тамғалаш тизимини, шунингдек, уларнинг сифатини назорат қилиш тартиб-таомилларини такомиллаштиришдан иборат. Чунки амалдаги қонун фақат реализация қилишга мўлжалланган қимматбаҳо металлардан ясалган заргарлик буюмларнинг асиллик даражасини аниқлаш ва тамғалашга бағишланган бўлиб, қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар соҳасини тўлиқ қамраб олмаган.

Янги қонун лойиҳасида эса бир қатор янгиликлар назарда тутилган. Жумладан, ушбу соҳада қимматбаҳо металлар, тошларни қазиб олиш, уларни аффинаж қилиш, заргарлик буюмларининг асиллик даражасини белгилаш ва тамғалаш, давлат органларининг ваколатлари, қимматбаҳо металлар ва тошларга эгалик ҳуқуқларининг вужудга келиши, соҳада рухсат этиш тизими асослари кўрсатиб ўтилган. Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши албатта, соҳада бир қатор ижобий натижаларни беради. Сабаби қонун лойиҳаси билан қимматбаҳо металларнинг эркин муомаласи йўлга қўйилмоқда. Бу орқали тадбиркорлик субъектлари томонидан қимматбаҳо металларга хом ашё сифатида бўлган эҳтиёж қондирилади. Шу билан бирга тадбиркорлик субъектлари томонидан қимматбаҳо металларни тўғридан-тўғри ишлаб чиқувчилардан ёки биржадан сотиб олиш имкони яратилмоқда.

Яна бир муҳим жиҳати шундаки, қонун лойиҳаси билан қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар соҳасида давлат органларининг ваколатлари аниқ белгиланмоқда. Бу қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошларнинг ноқонуний айланмасига чек қўйиш, истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари кафолатланиши, ҳалол тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга ёрдам беради.

Шунингдек, лойиҳа қимматбаҳо металлардан ясалган буюмларнинг асиллик даражасини аниқлаш ва тамғалаш тартибини соддалаштиришни назарда тутади. Унга қимматбаҳо металлар ва тошларга эгалик ҳуқуқини назарда тутувчи нормалар киритилган бўлиб, бу қимматбаҳо металларга оддий товар сифатида қараш, тадбиркорлик субъекти ёки жисмоний шахслар ҳам уларга эгалик қилиш, ўрнатилган тартибда эркин тасарруф этиш имконини беради.

Умуман олганда, мазкур лойиҳа билан қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлардан заргарлик буюмларини ишлаб чиқарувчи маҳаллий тадбиркорлик субъектларига ўзлари ишлаб чиқарган заргарлик буюмларига ўзлари ишлаб чиқарувчи тамғаси билан тамғалаш ҳуқуқи берилмоқда. Ушбу янгиликлар эса соҳада давлат органлари ҳамда бошқа иштирокчиларнинг ваколатлари ва жавобгарлик соҳасини аниқ чегаралаш, ушбу соҳа фаолиятини хуфиёна иқтисодиётдан чиқариш, тармоққа инвестицияларни кенг жалб этиш учун қулай шароит яратиш ҳамда рақобат муҳитини яхшилашга кўмаклашади.

Қаҳрамон  ЭРГАШЕВ,

 Олий Мажлис Қонунчилик

палатасидаги O‘zLiDeP

фракцияси аъзоси

  • Кўрилди
    773
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+