O‘zLiDeP “Аёллар қаноти” Президентимизнинг фармони ижросини таъминлашга бағишланган мулоқот ташкил қилди

28.02.2020, 11:27

O‘zLiDeP “Аёллар қаноти” Президентимизнинг фармони ижросини таъминлашга бағишланган мулоқот ташкил қилди

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси “Аёллар қаноти” ва партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси ҳамда “Ипотека-банк” АТИБ билан ҳамкорликда “Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш борасида давлат ва нодавлат ташкилотлар, сиёсий партиялар олдида турган долзарб вазифалар” мавзусига бағишланган давра суҳбати ташкил этилди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Халқ депутатлари Тошкент шаҳар ва туман Кенгаши депутатлари, банк вакиллари, хотин-қизлар иштирок этган тадбирда Президентимизнинг “Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонининг ижросини таъминлашга қаратилди.

Давлатимиз раҳбари маҳалла тизимида ўтган вақт мобайнида эришилган ютуқлар билан бир қаторда ушбу тизимдан халқ ҳам, давлат ҳам тўла рози эмаслиги, бу соҳада камчилик ва долзарб масалалар кўплигини алоҳида таъкидлаган эди. Хусусан, оилаларда ижтимоий-маънавий муҳитга салбий таъсир кўрсатувчи ҳолатларнинг олдини олиш бўйича тизим йўлга қўйилмаганлиги, оқибатда айрим маҳаллаларда нотинч оилалар, ҳуқуқбузарликлар кўпайганлиги, хотин-қизлар ва вояга етмаганлар орасида ўз жонига суиқасд қилиш ҳолатлари учраётгани жуда ачинарли ҳолат эканлигига эътибор қаратганди.

Фармон билан Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамда унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар ва туман (шаҳар) бўлинмалари ташкил этилиши ушбу тизимда тўпланиб қолган муаммоларни ўз вақтида бартараф этишга хизмат қилади.

Фармонга мувофиқ, ҳар бир маҳаллада “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойилига асосланган янги тизим жорий этилиши белгилаб берилди. Мазкур тамойилининг тўлақонли ва самарали жорий этилишида ҳар томонлама кўмаклашиш, оилалар ва маҳаллалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштиришда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан яқин ҳамкорлигини ўрнатиш вазирликнинг асосий вазифа ва фаолият йўналишларидан бири ҳисобланади.

Бунда энг аввало, “Соғлом оила – соғлом жамият” ғоясини ҳаётга татбиқ этишга йўналтирилган ягона давлат сиёсатини олиб бориш, нотинч ва муаммоли оилаларга манзилли кўмаклашишни ташкил этиш; хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, муаммоларини ўз вақтида аниқлаш, ёрдамга муҳтож бўлган ва оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизларга ижтимоий-ҳуқуқий, психологик ва моддий ёрдам кўрсатиш масалаларига алоҳида этибор қаратилади.

Шу билан бир қаторда хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, меҳнат шароитларини яхшилаш, аёлларни, айниқса, қишлоқ жойлардаги ёш қизларни оилавий ва хусусий тадбиркорликка, ҳунармандчиликка кенг жалб этиш масалалари ҳам устувор вазифалардан бири ҳисобланади.

Тадбирда мазкур ҳужжатда белгилаб берилган бу каби устувор вазифалар партия “Аёллар қаноти” олдида ҳам улкан масъулият юклаши таъкидланди.

Партия маҳалла тизими билан ҳамкорликда “Ҳар бир оила – тадбиркор”, “Ёшлар – келажагимиз”, “Ҳунармандчилик” дастурлари доирасида энг чекка ҳудудаларда истиқомат қилаётган аёлларнинг тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишлари учун арзон кредит маблағлари ажратилишига яқиндан кўмаклашади.

Тадбирда партия “Аёллар қаноти” томонидан ўтказиб келинаётган “Ишбилармон аёл”, “Фаровон оила”, “Бунёдкор аёллар”, “Соғлом оила – мустаҳкам оила” каби қатор лойиҳаларни янада оммалаштириш лозимлиги таъкидлаб ўтилди. Партия ушбу лойиҳалар орқали хотин-қизларнинг саломатликларини таъминлаш, касалликларнинг барвақт олдини олиш, кам таъминланган ва эҳтиёжманд оилаларга бепул тиббий кўриклар ташкил этиш, энг чекка қишлоқларда истиқомат қилаётган ва уйда ўтирган ишсиз аёлларни тадбиркорликнинг турли йўналишларига жалб қилиш ва бу орқали хотин-қизларнинг бандлигини таъминлашни мақсад қилган.

Давра суҳбатида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашларга сайланган депутатлар маҳалла фуқаролар йиғини билан доимий ҳамкорликда ишлаш, сайловчилардан келиб тушаётган муаммо ва мурожаатларни ўрганиш, тегишли ташкилотлар орқали ўз вақтида ечим топишга эътибор қаратиш лозимлиги борасида вазифалар белгилаб олинди ҳамда иштирокчиларга Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан қабул қилинган янги Қонунлар мазмун-моҳияти тушунтирилди.

  • Кўрилди
    916
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+