Тошлоқлик фермерлар иштирокида кластер фаолиятининг истиқболларига бағишланган мулоқот ўтказилди

28.02.2020, 18:33

Тошлоқлик фермерлар иштирокида кластер фаолиятининг истиқболларига бағишланган мулоқот ўтказилди

O‘zLiDeP Фарғона вилояти Кенгаши томонидан Тошлоқ туманида "Тадбиркорлик - халқ фаровонлигининг муҳим асоси!" шиори остида ўтказилган тадбирда кластер фаолиятининг истиқболлари ва амалга оширилаётган ишларга эътибор қаратилди.

Унда O‘zLiDePдан сайланган Фарғона вилояти Кенгаши депутати, Тошлоқ туманидаги пахта тўқимачилиги кластери тизимининг раҳбари Абдуқаҳҳор Жўрабоев фермерлар ва кластер ўртасидаги муносабатлар ҳамда тадбиркорликни ривожлантириш ҳақида гапирар экан, аввало, кластернинг Ватан тараққиётидаги ўрни юксаклигини алоҳида таъкидлади.

Шунингдек, тадбирда иштирок этган тадбиркор, фермер ва томорқа ер эгаларига "Маҳаллаларда тадбиркорликни ривожлантириш истиқболлари", "Кластер фаолиятининг истиқболлари", "Солиқ кодексининг янги таҳриридаги ўзгаришлар", "Кўчмас мулк объекти кадастр паспортининг янги намунасини босқичма-босқич жорий этиш чора-тадбирлари" каби мавзуларда соҳа мутахассислари томонидан маълумот берилди.

 O‘zLiDeP ўз олдига тадбиркорлар ва ишбилармонларнинг янада кенгроқ фаолият юритишлари учун янги имкониятлар яратиш, уларнинг истиқболини ҳам назарий, ҳам амалий жиҳатдан асослаб бериш, жамиятнинг ушбу ижтимоий қатлами манфаатларини ҳимоялаш баробарида унинг эртанги кунини таъминлаш каби вазифаларни мақсад қилиб қўйган, - деди тадбирда партиянинг вилоят Кенгаши раиси Раҳматулло Камолов. – Биргина, 2019 йил давомида партиянинг вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига жисмоний ва юридик шаҳслардан жами 1663 та мурожаатлар тушган бўлса, уларнинг 500 га яқини тадбиркорлик фаолиятига оид мурожаатлар бўлиб, аксарияти ижобий ҳал қилинган.

Тошлоқликларнинг тадбиркорликка қизиқиши тобора ортиб, оилаларнинг қўшимча даромад топиши ва шу орқали турмуш фаровонлигини юксалтиришга интилиши ортиб бормоқда. Бундай ишларда партиянинг маҳаллий Кенгаш депутатлари ҳам ўзларининг самарали ҳиссаларини қўшмоқдалар. Тадбир якунида фермерларнинг олдида долзарб бўлиб турган баҳорги юмушлар ҳақида ҳам фикр алмашилди.

Шохсултон ТЎХТАМАТОВ,

O‘zLiDeP Фарғона

вилояти Кенгаши

матбуот котиби

  • Кўрилди
    622
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+