O'zLiDeP депутати “Насаф”ни “мағлубият”дан қутқара оладими?

29.02.2020, 15:51

O'zLiDeP депутати “Насаф”ни “мағлубият”дан қутқара оладими?

Гап Қарши шаҳридаги “Насаф” маҳалла фуқаролар йиғинидаги ёмғиру жалада дарёга айланаётган кўчалар ҳақида кетаяпти. Маҳалла аҳли осмонда булут кўринса, юрагини ҳовучлашади. “Нима бўлсаям ёғмасин-да” дейишади. Ёмғир ёғса, маҳалладаги Эркинлик кўчасида одамлар тугул машина ҳам эмин-эркин ҳаракатлана олмайди. Новвой кўчаси ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Кўча эмас, нақ дарёнинг ўзига айланади. Кўриб мен ҳам ёқа ушладим. Ахир бу кўча Қарши шаҳрида, шундоққина Эски шаҳар ҳудудидаги энг гавжум кўчадан 25-30 қадам чамаси ичкарироқда жойлашганига ишонгингиз келмайди.

Муаммо шундаки, ёмғир ёғса оқова сув шу кўчаларда йиғилиб қолаверади. Ҳеч жойга бориб қуйилмайди. Чунки “канализация” йўқ. Илгари бўлган, аммо кўмилиб қолган. Шунинг учун ҳам сув кўчаларга йиғилиб, катта кўлмаклар ҳосил қилмоқда. Аҳоли сув кечиб, ишга, ўқишга, бозор -учарга боришга мажбур. Айниқса, жажжигина болажонларни лой кечиб юрганини кўрганингизда ич-ичингиздан раҳмингиз келади.

Энди бошдан дўппини олиб бир ўйлаб кўрайлик. “Насаф” маҳалласи аҳлини бу “ҳалокат”дан халос этса бўладими? Агар бўлса, бунинг учун ким ҳаракат қилаяпти, ким бош қотираяпти?

O'zLiDeP Қарши шаҳар кенгаши депутати Арзиқул Шеров шу кўчаларни пою пиёда кезиб чиқди. Ҳар бир аҳоли вакили билан алоҳида суҳбат қилди. Айниқса, кексалар депутатнинг туфлиси, шими лойга беланиб, кўчама-кўча юрганидан, эл учун куюнчаклик қилаётганидан қувониб қўлларини дуога очишди. Маҳалла раиси Қаҳрамон Шойқулов “ҳамма умид сиздан” деди. Саксон ёшга қадам қўйган Қойил бобо Турдиев “ғайратингизга қойил қолдим” деди.

Депутат муаммони чуқур таҳлил қилиб, маҳалла раиси ва аҳоли вакиллари билан маслаҳатлашиб, ечим топишга муваффақ бўлди. Яъни маҳалланинг Шарифбой кўчаси адоғида “канализация” мавжуд бўлиб, оқова сув ўзанини шунга буриб юборилса, муаммо ҳал этилади. Бу муаммони ҳал этиш бўйича шу куннинг ўзида депутат масъул ташкилот раҳбарига “депутатлик сўрови” юборди. Кўча четига ўрнатиладиган кичик “лотокча”лар, қазиш ва монтаж ишлари, техника ва бошқа зарур қурилиш материаллари учун кетадиган харажатлар ҳисоб-китоб қилинди. Бу масалалар депутат Арзиқул Шеровнинг шу ерда сайловчилар билан ўтказилган учрашувида ҳам айтиб ўтилди.

Янар бир гап: “Депутат сўрови” юборилгани бу масала ҳал бўлди дегани эмас. Мутасадди раҳбарлар шу пайтгача эътиборсиз қолдирган ишни, битта сўров билан ҳал этиб бера олмайди. Бунинг учун депутат ҳали жуда кўп тер тўкишига тўғри келади. Қарши шаҳар ҳокими, муаммога алоқадор ҳоким ўринбосари, тегишли ташкилот раҳбарлари-чи? Аслида бу иш учун масъулият уларнинг зиммасида эмасми? 

O'zLiDeP Қашқадарё вилоят кенгаши

матбуот хизмати

  • Кўрилди
    894
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+