Депутат ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар ҳолидан хабар олди

29.02.2020, 16:00

Депутат ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар ҳолидан хабар олди

O'zLiDeP Сирдарё вилоят кенгаши вакиллари ва депутатлар Сирдарё туманидаги аҳолининг яшаш тарзини ўрганишганди. Партия вакиллари ўрганиш жараёнида кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламига қўлидан келганча ёрдам кўрсатишга ваъда берганди.

Ана шу муносабат билан Сирдарё вилоят кенгаши депутати Шерзод Вафоев томонидан тумандаги бир нечта оилаларга ёрдам кўрсатилди.

Депутат тумандаги "Наврўз" маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Рисбековлар хонадонида бўлди. Хонадон соҳибаси Дилфуза Рисбекова турмуш ўртоғи йиқилиши натижасида бошидан оғир жароҳат олиб шифохонага тушганлигини айтиб ўтди.

- Орадан кўп ўтмай 10 ёшли фарзандим Элмуродни сигир сузиб кўзи яхши кўрмай қолди, - деди Дилфуза Рисбекова. - Оиламиз қийин аҳволда қолди.

Дилмурод Рисбековга Сирдарё туман тиббиёт бирлашмасининг Хирургия реабилитация бўлимида жарроҳлик амалиёти ўтказилди. Шифохонага ҳам ташриф буюрилиб депутат томонидан унга ҳам моддий, ҳам маънавий кўмак берилди.

Зулфия Маликова тумандаги "Заршунос" маҳалласида истиқомат қилади. Боқувчисини йўқотган Зулфия 3 нафар фарзанди билан кичик, шароити йўқ уйда истиқомат қилади.

-Ўтган йили Зулфия Маликова истиқомат қиладиган хонадоннинг том қисмини шамол учириб кетди, - дейди "Заршунос" МФЙ раиси Тўхтамурод Исманов. - Биз бу хонадоннинг том қисмини ҳашар йўли билан таъмирладик.

Мазкур оила аъзоларига ҳам уйни тамирлаш учун депутат томонидан моддий ёрдам кўрсатилди.

Шу куни депутат томонидан ҳудуддаги "Элобод" маҳалласида истиқомат қилувчи биринчи гуруҳ ногирони Бувизилол Холиқова хонадонига ҳам ташриф буюриб, ҳолидан хабар олинди.

Дилором Эсонова,

O'zLiDeP Сирдарё вилоят

Кенгаши Матбуот котиби

  • Кўрилди
    793
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+